16.10.2020 й. Мотуридий эътиқодига кўра иймоннинг моҳияти ва унинг шартлари

0
76

بسم الله الرحمن الرحيم

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي مَنَّ عَلَيْنَا بنِعْمَةَ الْإِسْلاَمِ وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى سَيِّدِنَا وَنَبِيِّنَا الَّذِي عَلَّمَنَا زِيْنَةَ الْإِيْمَانِ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّيْنِ اَمَّا بَعْدُ

МОТУРИДИЙ ЭЪТИҚОДИГА КЎРА ИЙМОННИНГ МОҲИЯТИ ВА УНИНГ ШАРТЛАРИ

Муҳтарам жамоат! Маълумки, Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимининг бешта асоси бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани – имондир. “Имон” сўзи луғатда “тасдиқлаш”, “ишониш” деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “имон” дейилади. Бу ҳақда “Ақоидун Насафия” китобида шундай дейилган:

اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ

яъни: “Иймон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.

Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини ёшлигидан дин-диёнатли, ватанига содиқ, ҳалол-пок қилиб тарбия қилиши баробарида имон асосларини ҳам ўргатиб бориши лозим. Фарзандларга ёшлигидан қуйидаги калима ўргатилади:

أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ

(Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ)

яъни: “Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқлиги ва Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман”.

Афсуски, баъзи ёшларимиздан ушбу калима сўралса, тиллари айланмай, айтишга қийналиб қолишлари ачинарли ҳолдир. Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она ушбу муборак калимани ўз фарзандига ўргатиши лозимдир.

Ушбу шаҳодат калимасини мусулмон бўлмаган киши айтиши билан мусулмонлик бахти унга насиб қилади.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлса-да, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.

Хаворижлар каби адашган тоифалар амал қилиш имоннинг шарти деганлар ва амал қилмаган кишиларни кофирга чиқариб, уларга уруш эълон қилиб, қирғин-барот урушлар ва кўп мусулмонларнинг қонлари тўкилишига сабаб бўлган. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам ушбу ҳолат баъзи тоифа тарафдорлари томонидан такрорланмоқда.

Ваҳоланки, бизнинг Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:

وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا

яъни: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”.

Шунинг учун Мотуридий ва Ашъарий йўналишлари амал қилмаган мусулмон кишини кофирга чиқармаслик масаласида бир фикрдалар.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ амални имоннинг асосларига киритмаган бўлсалар-да, солиҳ амалларни бажариш лозимлиги ва амал қилмаган кишини гуноҳкор бўлишини таъкидлаганлар ҳамда амални, баъзилар гумон қилганидек, бутунлай четга сурмаганлар. Зеро, бу Муржиа фирқасининг ақидасидир.

Шунингдек, айрим тоифалар маломат қилганидек, Имом Мотуридий ақлни нақлдан устун қўймаганлар. Аслида Ҳидоят имоми деб шарафланган буюк уламо таълимотларида ақл нақлдан устун туриши тугул, ақл билан ҳеч қандай ҳукм собит бўлмаслиги маълум ва машҳурдир. Ақлни нақлдан устун қўйиш, Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ умрлари бўйи қарши курашган, илмий раддиялар ёзган тоифа – мўътазила фирқасига хос амалдир. Шунинг учун уларда қанчадан-қанча нақлий далиллар ақлга тўғри келмагани учун таъвил қилинади ёки қабул қилинмайди. Жумладан, мўътазилалар айни вақтда жаннат ва дўзах яратилмаган, деб биладилар. Аллоҳ таолони дунёда ҳам, охиратда ҳам кўриш ақлан мумкин эмас, дейдилар. Осий киши иқобланиши, итоаткор киши савоб олиши шарт, деб ўйлайдилар ва ҳоказо. Аммо мотуридийлар эса нақл орқали собит бўлган қанчадан-қанча эътиқодий ёхуд фиқҳий ҳукмларни, гарчи ақл англай олмаса-да, айнан нақлга суянганлари сабабли сўзсиз қабул қилганлар.

(Имом-хатиблар мавъизанинг мана шу ўрнида Имом Мотуридийнинг фитналар урчиган, турли адашган фирқалар бош кўтарган даврда мусулмонлар якдиллиги, ислом ақидасининг асл ҳолатини сақлаб қолишда кўрсатган хизматлари, у кишининг мавқелари ҳақида, ўз сўзлари билан, жонли тарзда намозхонларга тушунтириб берадилар…).

Азизлар! Имонли бўлиш энг катта неъматлардан бўлиб, Аллоҳ таоло бу неъматни ҳар кимга ҳам бермайди, балки Ўзи суйган бандаларига беради. Барча ибодат ва эзгу амалларнинг қабул бўлиши учун имон шартдир. Имон келтириб, яхши амалларни қилганларга Аллоҳ таоло Фирдавс жаннатини ваъда қилган:

إِنَّ الَّذِينَ آَمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ كَانَتْ لَهُمْ جَنَّاتُ الْفِرْدَوْسِ نُزُلًا

яъни: “Албатта, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлур” (Каҳф сураси, 107-оят).

Ушбу ояти каримада ҳам имон келтириш билан бирга эзгу амалларни бажариш кераклиги баён қилинмоқда. Дарҳақиқат, мусулмон киши қанча кўп эзгу ва савобли амалларни қилар экан, унинг имон нури зиёда бўлади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар билан ўтирган пайтларида Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, “менга имондан хабар беринг” дедилар. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай жавоб бердилар:

أَنْ تُؤْمِنَ بِاللهِ وَمَلَائِكَتِهِ وَكُتُبِهِ وَرُسُلِهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ، وَتُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ

(متفق عليه عن عُمَرَ بْنٍ الْخَطَّابِ رضي الله عنه)

яъни: “Имон – Аллоҳ таолога, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва тақдирнинг яхши ва ёмонлиги Аллоҳдан эканига имон келтиришингиздир” (Муттафақун алайҳ).

Ақида борасида битилган энг мўтабар китоблардан биринчиси мазҳаббошимиз Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳга мансуб “Ал-фиқҳул акбар” китоби бўлиб, бу асар биз мотуридий ақидасига эргашувчи мусулмонлар учун асосий манба саналади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ бу китобда шундай деганлар:

أَصْلُ التَّوْحِيدِ وَمَا يَصِحُّ اْلاِعْتِقَادُ عَلَيْهِ يَجِبُ أنْ يَقُولَ: آمَنْتُ بِاللهِ، وَمَلاَئِكَتِهِ، وَكُتُبِهِ، وَرُسُلِهِ، وَالْبَعْثُ بَعْدَ الْمَوْتِ،

وَالْقَدَرِ خَيْرِهِ وَشَرِّهِ مِنَ اللهِ تَعَالَى، وَالْحِسَابُ وَالْمِيزَانُ، وَالْجَنَّةُ وَالنَّارُ حَقٌّ كُلُّهُ

яъни: “Тавҳиднинг асли ва эътиқод қилиш тўғри бўлган нарса шуки: ҳар бир мусулмон шундай дейиши вожиб бўлади: Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирдим. Ҳисоб, тарозу, жаннат ва дўзах барчаси ҳақдир”.

Ушбу матнда имоннинг шартлари ва унинг тўғри бўлиш тарзи зикр этиб ўтилмоқда. Банда юқорида айтилган нарсаларга аввало чин дилдан ишониб, сўнгра уни тили билан айтмоғи лозим бўлади.

Имон-эътиқодли бандага Аллоҳ таоло хотиржам ва фаровон ҳаёт беришни ваъда қилиб Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

яъни: “Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирор эзгу иш қилса, бас, Биз унга ёқимли ҳаёт бахш этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган гўзал (солиҳ) амаллари баробаридаги мукофот билан тақдирлаймиз” (Наҳл сураси, 97-оят).

Шундай экан, киши ўз имони тақозосига кўра умрини ўтказар экан, доимо қалбида хотиржамлик, сакинат ҳукмронлик қилади ва икки дунёда бахт ва саодат эгалари қаторида бўлади. Мусулмон киши имони тақозо қилган амалларни бажариши ҳам зарурдир.

Имон тақозо қилган нарсалардан бири – омонатдорлик. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам омонат ҳақида бундай деганлар:

لاَ إِيْمَانَ لِمَنْ لاَ أَمَانَةَ لَهُ

(رواه الإمامُ أحمدُ عن أنسِ بنِ مالكٍ رضي الله عنه)

яъни: “Омонатдорлиги йўқ кишининг имони йўқ (комил эмас)” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, имонли киши амонатдор бўлиб, Аллоҳ ва Унинг расулини ҳаққидан бошлаб барча инсонларни ҳақларига риоя қилиши ҳамда ваъдага вафо қилмаслик, фирибгарлик, ўзганинг молига хиёнат қилиш каби нотўғри ишлардан ўзини тийиши лозим.

Имон тақозо қилган нарсалардан яна бири – киши яхши кўрган нарсасини ўзгага раво кўриши. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتى يُحِبَّ لأَخِيهِ مَا يُحبُّ لِنَفْسِهِ

(متفق عليه عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча (комил) мўмин бўла олмайди” (Муттафақун алайҳ).

Демак, мусулмон инсон ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровон ҳаётни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўриши керак. Шунингдек, ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини истайди. Ўзига дўзахга кирмасликни раво кўрган мусулмон ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради.

Шундай экан, имонли киши ўзи билан биргаликда ўзгаларнинг манфаатларини ҳам кўзлаб ҳаёт кечиради. Шунда уни имони комил бўлади.

Имон тақозо қилган нарсалардан яна бири – Пайғамбаримизни ҳаммадан яхши кўриш. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَلَدِهِ وَوَالِدِهِ وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ

(رواه الإمام البخاري عن أنس بن مالك رضي الله عنه)

яъни: “Сизлардан ҳеч ким комил мўмин бўла олмайди, токи мен унга отаси, боласи ва барча одамлардан маҳбуброқ бўлмагунимча” (Имом Бухорий ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қуруқ даъво ёки юзаки гаплар билан эмас, балки чин қалбдан бўлиши ва у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиш билан бўлади. Қолаверса, саноқли кунлардан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам туғилган ойлари келмоқда. Мана шу ойда у зот алайҳиссаломнинг ҳаётларини янада ўрганиб, оила даврасида сийратга доир китобхонликларни ташкил қилиб, янада муҳаббатимизни зиёда қилишимиз айни муддао бўлади.

Имон тақозо қилган нарсалардан яна бири – фаҳш ва гуноҳ ишлардан тийилиш. Аслида имон ўз эгасини фаҳш ва гуноҳ ишларни қилишга йўл қўймаслиги керак. Имон бўла туриб бундай ишларни қилган кишининг имони комил ҳисобланмайди. Демак, мусулмон киши фаҳш ва гуноҳ ишлардан ўзини мутлақо тийиши лозим бўлади.

Ҳурматли жамоат! Тинчлик ва ҳотиржамлик бебаҳо неъматдир. Дин ва дунё ишларида муваффақиятга эришишимиз, яқинларимиз ва фарзандларимиз камолоти ва юртимиз равнақи айнан шу неъматларнинг қадрига етиб, уларни ардоқлашдадир.

Маълумки, айни кунларда айрим қўшни қардош давлатларда нотинчлик бўлиб турибди. Юз бераётган нохуш ҳодисаларга ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шундай экан, ҳар биримиз касаллик сабабли бошимиздан узоқ муддатли синовни ўтказаётган бир пайтимизда ҳар бир воқеадан ибрат олиб, тинчликни қадрига етиб, имон-эътиқодимиз тақозо қилган эзгу ишлар билан машғул бўлмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло тез кунларда қўшниларимизга фаровон ҳаётни насиб қилиб, тинчлик неъматини қайтарсин!

Аллоҳ таоло барчамизни имон-эътиқодда мустаҳкам айлаб, икки дунё саодатини насиб айласин! Омин!

Ҳурматли азизлар! Келаси йил учун “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига обуна бўлиш бошланган! “Ҳидоят” 84 000 (саксон тўрт минг сўм), “Мўминалар” 48 000 (қирқ саккиз минг сўм) ва “Ислом нури” 62 400 (отмиш иики минг тўрт юз сўм).

Ушбу нашрларни ўқиганда юртимиз ва дунё мусулмонлари ҳаёти билан танишиш баробарида илм ҳам ўрганасиз. Йил бўйи ўзингиз ва хонадон аҳлингиз ислом маърифатидан фойда олади. Сиз ушбу нашрларда ўз ижодингиз билан қатнашиш имконига ҳам эгасиз. Сизнинг ижодингиз “Газетхон илҳоми”, “Мактубларда манзаралар” ва бошқа мавзуга мос рукнлар остида эълон қилинади.

Обуна бўлинг: газета, журнал ўқиб, илмингизни бойитинг.

Ҳурматли имом-домла! Келаси жума маърузаси “МАВЛИДУН НАБИЙ МУБОРАК!” мавсусида бўлади, иншааллоҳ.