Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг тафсир илмидаги улуши

0
455

Мовароуннаҳрга тафсир илмининг кириб келишида буюк ватандошимиз Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг ўрни беқиёсдир. VIII асрда яшаб ўтган ва тобеийлардан таълим олган Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг тафсир соҳасидаги фаолияти улкан таҳсинга лойиқдир. У Ўрта Осиёда яшаб ўтган илк муҳаддис ва муфассирлардан саналади. Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий Марвда яшаб ижод этган бўлиб, отаси турк, онаси эса хоразмлик эди. У дастлабки илмни ҳанафий мазҳабининг асосчиси бўлган Абу Ҳанифа (р.а) дан олди. Шунингдек, тобиийлардан Рабиъ ибн Анас ибн Зиёд Бакрий (р.а.) ҳам унга таълим берган. Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий нафақат муҳаддис ва муфассир олим, балки шеъриятда ҳам қалам тебратиб, инсонларни ҳидоятга, ватанпарварликка ҳамда одоб-ахлоққа даъват этган ва инсонийлик нафосатини улуғлаган. Унинг “Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ” асари илм аҳли орасида машҳур асарлардан бири саналади. У биринчилардан бўлиб ҳадисларни китоб шаклига келтирган олимдир. Унинг юртимизда ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси жуда ҳам юқори ҳисобланади. Шунингдек олимнинг “Тафсир” асари ёзганлиги ҳақида ҳам баъзи манбаларда турли маълумотлар зикр этилган. Лекин унинг тафсири бизнинг давримизгача етиб келмаган. Аммо “Китоб аз-зуҳд ва-р-рақоиқ”, “ал-Бирр вас-сила” асарларидаги ҳадислар орасида Қуръони каримнинг баъзи-бир оятларига берилган тафсирларни кузатиш мумкин. У ўз асарларида оятлар тафсирига оид ҳадислар билан бир қаторда, саҳобий ва тобеийларнинг ҳам шарҳларини келтиради.

Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг ушбу нақллари эса кейинги давр олимлари асарларида кенг миқёсда истифода этилди. Қуйида биз унинг асарларида келтирилган баъзи-бир оятларнинг тафсирини кўриб чиқамиз:

وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُلْ رَبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро,24)

Муфассир олим ушбу оятга Ҳишом ибн Урванинг отасидан ривоят қилган: “Улар хоҳлаган нарсаларини ман этмагин ёки қилмай қолмагин”– деган шарҳини келтиради.

У ўз фикрини қуйидаги ҳадис билан изоҳлайди: Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (с.а.в): ”Қайси бир мўъмин банданинг ота-онаси мусулмон ҳолатида барҳаёт бўлса, у банда учун Аллоҳ жаннатнинг икки эшигини очиб қўяди. Улардан бири ҳаёт бўлса, бир эшигини очиб қўяди. Агар отаси ёки онаси ўз фарзандидан ғазабланадиган бўлса, токи улар рози бўлмагунича Аллоҳ бу фарзанддан рози бўлмайди. Саҳобалар савол қилдилар: ”Агар ота-она зулм қилса-чи? Зулм қилган бўлса ҳам”, деб жавоб қилдилар. (Бухорий)

Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий инсониятнинг яратилиши ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ўз қудрати билан жаннатда яратиб, кейин ерга туширган Одам ато ва Момо Ҳавводан кўплаб ўғил-қизларни пайдо қилди. Улар ҳам ўз навбатида оила қуриб, фарзандлар кўришди, шу тариқа ер юзида инсонлар кўпайиб борди. Ернинг турли жойларида ўзларига макон қуришиб, шароит тақозоси билан турли қавмларга, қабилаларга ва миллатларга бўлиниб кетдилар. Ранглар, тиллар ҳамда урфу-одатлар ўзгарди. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг ҳикмати сабабидан бўлди” – деб қуйидаги оятни келтиради:

يا أيها الناس اتقوا ربكم الذى خلقكم من نفس واحدة وخلق منها زوجها وبث منهما رجالا كثيرا ونساءا

«Эй одамлар, раббингиздан қўрқинглар, у шундай зотдирки, сизларни бир кишидан яратиб кўпайтирди. Ундан (аввал) хотинини яратди ва икковидан кўплаб эркакларни ва хотинларни яратди». (Нисо,4)

Бошқа бир оятда шундай дейди:

يا أيها الناس إنا خلقناكم من ذكر وأنثى وجعلناكم شعوبا وقبائل لتعارفوا إن أكرمكم عند الله أتقاكم إن الله عليم خبير

«Эй одамлар, албатта биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик. Бир-бирларингиз билан танишиб, алоқа ўрнатиш осон бўлсин учун сизларни қабилаларга ва миллатларга бўлдик. Аллоҳнинг наздида улуғроқларингиз тақводорроқларингиздир». (Ҳужурот,13)

Инсоннинг ранги, тили ва миллати қандай бўлишидан қатъий назар, унинг Аллоҳ олдидаги масъулияти, вазифаси бир, яъни Аллоҳни таниш, унинг буйруғига бўйинсуниш, наҳий қилган (қайтарган) нарсалардан сақланишдир. Уларнинг ўз масъулиятларини ҳис қилиб юрмоклари, Аллоҳ олдидаги жавобгарликдан қўрқиб турмоқлари, имон-эътиқодда мустаҳкам бўлмоқлари ҳамда шайтон васвасасига алданмасликлари учун ҳамиша огоҳлантириб турувчи пайғамбарларни Аллоҳ таоло юбориб турдиким, бу пайғамбарлар қайси қавмга юборилган бўлсалар, ўзлари ўша қавм ичидан танлаб олиндилар.

وما أرسلنا من رسول إلا بلسان قومه ليبين لهم

«Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) ўз тилларида баён қилиб беришлари учун шу қавмнинг ичидан танлаб юборганмиз». (Иброҳим,4)

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий Мовароуннаҳрда тафсир илмининг вужудга келишига сабабчи бўлган буюк муҳаддис ва муфассир олимлардан бири саналади. Биз эса унинг тафсир борасидаги фаолиятининг ўрганилмаган айрим жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қилдик. Бу даврдаги олимларнинг тафсир соҳасидаги фаолиятлари ва илмий асарлари кейинги давр учун катта туртки бўлди. Зеро, тўлиқ тафсирга оид илк асарлар ҳам айнан Мовароуннаҳр диёрида вужудга келди, десак муболаға бўлмайди.

Аброр АЛИМОВ,

Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг