Алишер Навоий

0
63

15- аср жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳижрий 844 йил рамазон ойининг 17-куни (1441 йил 9 феврал)да Ҳиротда туғилган. Ҳирот шаҳри XV аср биринчи ярмида Соҳибқирон Амир Темур асос солган улуғ салтанатнинг иккинчи пойтахти, Темурнинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзонинг қўл остидаги обод манзилларидан бири эди. Алишер туғилган хонадон Темурийлар саройига азалдан яқин ва юртда муайян нуфуз соҳиби эди.

Бўлғуси шоирнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад ўғлининг тарбиясига жиддий эътибор берди. Алишернинг шеъриятдаги илк устози тоғаси Мир Саййид Кобулий ва Муҳаммад Али Ғарибийлардир. Навоий «Мажолис ун-нафоис» асарида Кобу¬лий ҳақида: «Яхши табъи бор эрди, туркчада майли кўпроқ эрди…» деса, Ғарибий ҳақида: «Хуш муховара (хушсуҳбат) ва хушхулқ ва дардманд йигит эрди. Кўпроқ созларни яхши чалар эрди. Уни ва усули хўб эрди. Мусиқий илмидин ҳам хабардор эрди…» — дейди.

1447 йилда Шоҳрух вафот этгач, Темурий шаҳзодалар ўртасида тож-тахт дарди хуруж қилиб, юртда талотўп бошланди ва Ғиёсиддин Муҳаммад хонадони ҳам кўп қатори ватанни тарк этди. Ёш Али¬шер учун тақдир синовлари бошланди. Шоҳрухнинг набираси Абулқосим Бобур 1452 йилда Ҳирот тахтига ўтиргач, Алишернинг отасини Сабзаворга ҳоким этиб тайинлади. Лекин орадан кўп ўтмай Ғиёсиддин кичкина дунёдан кўз юмди. Бу пайтда Алишер эндигина 12 ёшга қадам қўйган эди. Абулқосим Бобур Алишер ва унинг мактабдош дўсти Ҳусайнни ўз тарбиясига олди, 1456 йили эса ўзи билан Машҳадга олиб кетди. Кейинчалик Ҳусайн Бойқаро сипоҳийлик йўлини танлади, Алишер эса замонанинг «малик ул-калом»и Мавлоно Лутфий таҳсини ва ҳайратига сазовор бўлган истеъдод эгаси бўлиб етишди. «Фақирнинг назмлари Хуросонда шуҳрат тутиб эрди», деб ёзади Навоий 1455—1458 йиллар ҳақида.

Тақдир Алишер Навоийни замонанинг улуғ ва шарафли кишиларига яқин қилди, устоз-мураббийлик этувчи зотлар билан ошно этди. 1466—1468 йиллар Алишернинг умри асосан Самарқандда кечди. Сул¬тон Ҳусайн Бойқаро Ҳиротни эгаллаганда, Алишер Навоий 28 ёшли мукаммал билимлар эгаси, юртга танилган шоир ва тажрибали давлат арбоби даражасига етишган эди.

1469 йилда Султон Ҳусайн илтимосига кўра Алишер Навоий Самарқанддан Ҳиротга қайтади ва рамазон ҳайити муносабати билан дўсти шарафига битилган «Ҳилолия» қасидасини унга тақдим этади. Ҳусайн Бойқаро Алишерни муҳрдор қилиб тайинлайди ва шу пайтдан шоирнинг эл хизматидаги фаол жидду жаҳди бошланади. Кўп ўтмай Навоий муҳрдорликни ўзининг яқин дўсти ва фикрдоши, шоир Амир Шайхим Сухайлийга топширади. «Бу нозиктаъб ва зукко Амир 20 йилдан ортиқ Бойқароға мулозим бўлди». Лекин Бойқаро дўстининг норозилигига ҳам қарамай, 1472 йил февралида уни вазир лавозимига тайинлайди ва «Амири Кабир» («Улуғ Амир») унвонини беради. Бу лавозимда Навоий эл-улус манфаати, шаҳар ва мамлакат ободончилиги, маданият равнақи, адолат тантанаси учун фойдаланадики, буларнинг барчаси пировард натижада Султон Ҳусайн давлатининг барқарорлиги ва нуфузини таъминлайди.

Ҳирот бу даврда ниҳоятда кўркамлашди, халқ турмуши яхшиланди, шеърият, нафис санъатлари ривож олди. Талабалар учун «Ихлосия» мадрасаси, дарвешлар учун «Халосия» хонақоҳи, беморлар учун «Шифоия» шифохонаси, масжиди Жомеъ ёнига қорихона («Дор ул ҳуффоз») қурилди. Улуғ амирнинг кутубхонасида 70 дан ортиқ хаттот ва мусаввирлар қўлёзмаларни оққа кўчириш, уларни бадиий безаш билан банд эдилар. Ҳиротда яна «Низомия», Марвда «Хусравия» ва бошқа мадрасалар бино этилди.

Навоий Мадраса, шифохоналар қурдириб қўя қолмасдан, уларни керакли даражада жиҳозлаш, ўз-ўзини таъминлаш учун вақф ерлар ажратиб бериш, мударрислар, табиблар ва бошқа ходимлар билан таъминлаш, уларга ойлик маош, озуқа, кийим-бош белгилашгача, талабалар нафақаси ва китобларигача, барча-барчасини мукаммал бошқариб, ташкил этиб берар эди ва ўзи доимо хабар олиб, назорат қилиб туришни ҳам унутмасди. Бинолар қурилиши тарҳи билан бевосита шуғулланар, уста ва шогирдлар меҳнатидан бохабар бўлиб турарди. Шоир ўз ҳузурига тез-тез шеър, илм ва санъат аҳлини чорлаб, маърифий суҳбатлар уюштириб турар, ёш истеъдодларни тарбият қилиб, уларга шароит яратарди. Хондамир, Беҳзод, Восифий ва ўнлаб ушбу тарбиятга ноил бўлган истеъдод эгалари шулар жумласидандир.
1500 йилларга келиб шоирнинг ҳаёт шароити қийинлашиб, соғлиги заифлашиб қолса-да, ижоддан тўхтамади. 1501 йилнинг бошида Навоий касалликдан вафот этди. Бутун Ҳирот халқи ўзининг буюк шоири билан хайрлашишга чиқди ва 7 кун давомида мотам тутди.

«Минор» жоме масжиди имом хатиби: домла Убайдуллаев