Аллоҳ беш вақт намоз билан хатоларни ўчиради

0
81

306. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Айтинглар-чи, агар бирингизнинг эшигингиз олдида анҳор бўлса, у ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турса, унинг киридан бирор нарса қоладими?». «Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди. «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз билан хатоларни ўчиради»дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

307. Усмоннинг мавлоси Ҳумрондан ривоят қилинади:

«Усмонга таҳорат суви берар эдим. Ҳар куни унга бироз сув қўшар эди. Шунда Усмон айтди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу намозимиздан – Мисъар: менимча, асрдан, деди – қайтганимизда: «Нима қилсам экан, сизларга бир нарсани айтайми ёки сукут сақлайми?» дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, агар яхшилик бўлса, айтинг. Агар бошқача бўлса, Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дедик. «Қай бир мусулмон Аллоҳ унга ёзган таҳоратни тугал қилса ва ушбу беш вақт намозни ўқиса, албатта, улар ўзлари орасидаги нарсага каффорот бўлади»дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Бошқа ривоятда шундай дейилган: «Усмон таҳорат қилди, уни гўзал равишда қилди. Сўнгра: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шу жойда яхшилиб таҳорат қилганларини кўрдим. Кейин у зот: «Ким ушбу таҳоратга ўхшатиб таҳорат қилса, кейин масжидга кириб икки ракат намоз ўқиса, сўнг ўтирса, аввалги гуноҳлари кечирилади»дедилар,  деди».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан