Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло айтади: Ким Менинг бир дўстимга (валий бандамга) душманлик қилса, Мен унга уруш очаман! Бандам, Менга севимли, унга фарз қилганим амаллардан бошқа амал билан  Менга яқинлаша олмайди. Бандам нафл амаллар билан ҳам Менга яқинлашишда давом этса, Мен уни яхши кўриб қоламан. Уни яхши кўргач эса, эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан. Мендан бирор нарса сўраса, тилагини бераман, Мендан паноҳ сўраса, уни паноҳимга оламан. Ҳеч бир ишда мўмин бандамнинг жонини олишдагидек тараддуд қилган эмасман. У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман” (Имом Бухорий).

Шарҳ. Бу ҳадисда Аллоҳнинг валий бандаларининг шарафи ва даражаларининг юксаклигига далолат бор. Аҳли сунна вал жамоа истилоҳида ҳар бир тақволи мўмин валийдир. Яъни, имонли ва тақволи ҳар бир мўмин киши валий ҳисобланади. Киши қўлидан келганича имони нурини зиёда қилишга ва тақвосини камолга етказишга ҳаракат қилса, Аллоҳ таолонинг ёрдамига эришадиган суюкли бандалардан бўлади.

Уламолар айтишади: “Бу ўринда назарда тутилган душманлик валийга, у динга амал қилгани учун хусумат қилишдир. Шунингдек, дунёвий масалада валий билан тортишган кимсанинг тортишуви нафратга айланса, шу ҳам ҳадисдаги ҳукмга дохил бўлади. Тортишув нафратдан холи бўлса, унда бу ҳадис ҳукмига кирмайди.

Ҳадисдаги “уруш очаман” ибораси ҳақида Факиҳоний бундай дейди: “Бу ўринда балоғатли мажоз бор. Чунки Аллоҳнинг дўстига душманлик қилган кимса Аллоҳга хилоф қилган бўлади, Аллоҳга мухолиф бўлган У билан қарама-қарши бўлади. Аллоҳ таоло Ўзига қарши бўлганларни ҳалок қилади”.

“Бандам, менга севимли, унга фарз қилганим амаллардан бошқа амал билан Менга яқинлаша олмайди”. Яъни, Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган амаллардан Унга энг севимлиси кунлик беш маҳал намоз, закот, рамазон рўзаси, умрида бир бор ҳаж қилиш ва бошқа фарз амаллардир. Аллоҳ таолога фарз амаллардан бошқа севимли амал йўқ.

Баъзилар нафл ибодатларни фарзлардан кўра кўпроқ хушуъ ва эътибор билан адо этишади ҳамда нафлларга фарзлардан кўпроқ ружу қўйишади. Бу илмсизлик натижасидир.

Ҳадисдаги “эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзи, тутадиган қўли ва юрадиган оёғи бўламан”, иборалари мажозий маънодадир. Яъни, Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасининг ҳар бир аъзосига мадад беради, у банда Аллоҳ талонинг ёрдамига эришади.

Факиҳоний қудсий ҳадисдаги у жумлаларни бундай шарҳлаган: “У бандам энди фақат Менинг зикримни эшитади, Менинг каломимни ўқишдан завқ олади, фақат Менга муножот қилиб ҳузурланади, қўлини фақатгина Мен рози бўладиган ерларга узатади, оёғи билан фақат Менинг розилигим бор ерларга қадам босади”.

“Мендан бирор нарса сўраса, тилагини бераман, Мендан паноҳ сўраса, уни паноҳимга оламан”. Яъни, у банданинг мартабаси юксалади, Аллоҳ таолога севимли бўлганлар қаторига киради. Унинг тилагини Парвардигор қайтармайди, сўраганини рад этмайди. Бир сўз билан айтганда, дуоси мустажоб банда мақомига етади.

Ҳадис охиридаги “У ўлимни ёқтирмайди. Мен эса унга ёмонлик қилишни истамайман”, иборалари ҳақида Жунайд бундай деган: “Бу мўмин бандамга ўлимни ёмон кўрсатаман”, дегани эмас. Чунки ўлим мўминни Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига етказади”.

Ибн Ражаб ҳадис шарҳида бундай дейди: “Ўлим ҳар бир банда учун бўлиши қатъий белгилаб қўйилган бўлиб, у руҳнинг жасаддан ажралишидир. Бу ҳодиса кўпинча қаттиқ оғриқ билан кечади. Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) жон бераётганида, ундан ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрашди. У бундай жавоб берди: “Худди игнанинг тешигидан нафас олаётгандекман. Биров оёғимдан бошимга томон бир тиконли шохни судраб, тортиб чиқаётгандек бўляпти”. Ана шундай оғриқли ўлимни ҳеч бир истисносиз ҳамма банда учун белгилаб қўйган Аллоҳ таоло мўминларнинг азият чекишини ёқтирмайди. Ҳадисдаги “тараддуд”дан мурод мўмин бандадан ўлимни ёмон кўришни Аллоҳ таоло Ўз марҳамати билан кетказишидир. Бу ўлим келгунича унга етадиган турли дард, касаллик ва қарилик боис дунёдан кўнглини совитиб, унда охират неъматларига умид уйғотишидир.

Аллоҳ таоло ўлимни бандалари ҳақида қатъий ҳукм қилиб қўймаганида эди, валий қулларига ўлимни тоттирмасди.

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.

Hidoyat.uz

 

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг