Аслиятни бошқача талқин қилмангиз!

0
149

Сўнгги йилларда Ислом динидаги энг ҳассос бўлган “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни адашган оқимлар бузиб талқин қилиш орқали динни яхши тушунмайдиган кишиларни ўз тарафларига оғдирмоқдалар. Ислом динини ниқоб қилиб олган бундай тоифалар ўта нозиклик ва дақиқлик билан ёндашиш талаб этиладиган тушунчаларни ғаразли талқин этишда ҳеч нарсадан тап тортмаяптилар. Бундай талқин одамлар онгида Ислом дини гўё жангу жадал, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши муросасиз кураш олиб боришга асосланган, деган мазмундаги ботил тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирда адашган тоифалар одамларни “жиҳод” қилишга ёки ўз юртидан сабабсиз “ҳижрат” қилиб чиқиб кетишга чақириб, Ислом дини ниқоби остида манфур ниятларини амалга ошириш пайида бўлмоқда. Уларнинг мақсади дин йўлида хизмат қилиш эмас, балки дунёвий манфаат, мол-дунёга эришишдир. Ҳали тафаккури шаклланмаган, илми ва тажрибаси етарли бўлмаган ёшлар бундай алдовларга учиб, оқибати қандай аянчли якунланаётганини гувоҳи бўлинмоқда.

Шунинг учун мазкур диний тушунчалар аслида қандай изоҳланишини холис баён қилиш мақсадида, Ўзбекистон телевиденияси орқали “Ислом: моҳият ва талқин” номли туркум кўрсатувлар ташкил этилди. Ушбу кўрсатувларда соҳа мутахассислари томонидан “жиҳод”, “ҳижрат”, “шаҳид” каби тушунчаларни Ислом дини манбалари ва эътиборли уламолар далиллари асосида батафсил ёритиб берилди.

Бироқ бир-икки ижтимоий тармоқ юритувчи блогерлар ушбу кўрсатувларни ғаразли талқин этиб, “мана расмий имомлар ҳам жиҳод ва ҳижрат қилишга чақирмоқда”, деган фикрларни тарқатишга уринмоқдалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қадим-қадимдан уламоларимиз агар юртга ёв бостириб келадиган бўлса, шу юртда яшаётган халқ динни, юртни, оилани асраш, ҳимоя қилиш учун уларга қарши курашиши, ўз динини, она Ватанини, ўз оиласини ҳимоя қилиши лозимлигини баралла айтиб келишган. Бу нарса ҳозир ҳам амалда.

Уламолармиз, барча зиёлиларимиз агар юртимизга душман қурол билан тажовуз қиладиган бўлса, дин, ватан ва оила ҳимояси учун ҳамма оёққа туриши лозимлигини доим таъкидлайдилар. Имом домлалар ҳам масжид минбарларидан туриб динни, ватанни, оилани асраш ҳар бир инсоннинг бурчи эканини айтиб, одамларни яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб келадилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқдирлар” (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири – бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни яхши тушунганлари учун ҳам бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Ҳеч қачон бошқаларга тобеъ бўлмаганлар. Ўзгаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Улар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифлардан бирида: “(Ё) яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарасизлар, ё Аллоҳ сизларга балосини юборади-да, дуолар қилсангиз ҳам, мустажоб бўлмайди” деганлар (Имом Термизий ривоятлари).

Ҳукуматимизнинг олиб бораётган ислоҳотларида ҳам 14 асрдан бери амал қилиб келинаётган Ислом динини пок ҳолда сақлаш, уни халқимизга соф ҳолида етказиш, жонажон диёримизни ҳимоя қилиш, ота-она, фарзандлар ва аҳли аёлимизни асраш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриб борилади. Ўз навбатида айтиш мумкинки, ҳар бир замонда Ислом шиорлари инкор этилмайди, балки ғаразли талқин этилишига ҳеч қачон йўл қўйилмайди.

Биз барчамиз динимизни халқимизга Аҳли Сунна вал Жамоа, хусусан ҳанафий мазҳаби эътиқодига мувофиқ етказишга масъулмиз. Ислом динини пок сақлаш, уни ғаразли хуружлардан, туҳматлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини тушунтириш бугунги кунда энг муҳим вазифа бўлмоқда.

Бугун ўзини гўёки “ҳақиқатни айтувчи” қилиб кўрсатишга уринаётган айрим блогерлар юқоридаги ўгитларни қулоқларига қўйиб, дилларига тугиб олсалар ўзларига ҳам фойда бўлар эди.

Аллоҳ таоло барча мўмин-мусулмонларни соф эътиқодимизда ҳамжиҳат қилиб, тинч ва фаровон ҳаётимизни янада зиёда айласин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати