«Азизлархон Эшон» масжиди

0
240

Бу масжид ҳозирги Шайхонтоҳур тумани Чинор берк-кўчасида. Тадқиқотчилар қурилиш услубига асосланиб, уни XVIII аср ўрталарида барпо этилган десалар-да, масжид тарихига доир аниқ маълумотлар йўқ. Масжиднинг бундай номланиши қизиқарли ва жумбоқли ўтмиши билан боғлиқ.

Тошкент масжидларига оид тарихий ҳужжатларни ўрганиш жараёнида «Азизлархон эшон» масжидининг бир вақф ҳужжатини топдик. Вақфнома ва бошқа баъзи ҳужжатлар айрим масалаларга ойдинлик киритади.

 

Ушбу вақфнома ҳижрий 1223 (милодий 1808-1809) йили битилган. Унда Мирқурбоншайх азизон исмли шахс ўзининг Арпа- поя ва Ялангқари маҳаллаларидаги кичик ерларини масжид фойдасига вақф қилгани айтилади[1].

 

Масжидни қурдирган Мирқурбоншайх азизон номи бир-икки манбада, жумладан, Мирқурбоншайх азизон авлодларидан Зайниддинхон эшоннинг 1284 йили (1867) ишланган муҳрида тилга олинади. Муҳрда унинг насаби бундай кўрсатилган: «Зайниддинхўжа ибн Ҳодихўжа ибн Муҳаммадхўжа ибн Мирқурбоншайх азизон». Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида бу исм «Қурбоншайх азизлар» шаклида, бир жойда «Бешёғочий» тахаллуси қўшилган ҳолда ҳам келтирилган. Биринчи бор муаллиф Мирқурбоншайх азизонни 1803 йили Тошкентда юз берган воқеалар сабаб тилга олган. Яъни, Мирқурбоншайх азизон Тошкентнинг мустақил ҳокими Юнусхўжа вафотидан сўнг ҳокимиятни эгаллаган ўғли Муҳаммадхўжа билан укаси ўртасидаги сулҳда воситачилик қилган.

 

Асар давомида Мирқурбоншайх азизон шаҳарнинг таниқли кишиларидан бири сифатида қайд этилиб, Ялангқари маҳалласида масжид қурдиргани ҳам айтилади. Ҳатто унинг Жиззахга савдо сафари ҳақида баён этилган[2].

 

Манбаларда ёзилишича, Юсуфхон эшон Қўқон хони Олимхон (1798-1810) замонидан Муҳаммад Алихон (1822- 1841) давригача ҳаёт бўлган. Демак, Мирқурбоншайх азизон ҳам XVIII асрнинг иккинчи ярми, XIX аср биринчи ярмида яшаб ўтган. Шунга кўра, масжид қурилиши ҳам XVIII аср охирлари, XIX аср бошига тўғри келади.

 

Масжиднинг номланиши бевосита Мирқурбоншайх азизоннинг кейинги даврда яшаган авлодлари – Ҳодихон ва Зайниддинхон эшон фаолияти билан боғлиқ. Чунки иккови ҳам халқ тилида «Азизлархон» номи билан машҳур эди. Шу боис ҳозиргача аҳоли орасида «Азизлархон эшон» дейилганида, Ҳодихон ёки Зайниддинхон тушунилиши ҳақида бир фикр йўқ.

 

«Азизлархон эшон» масжиди ҳам 1920 йили ёпилади, кейинчалик биносига турли муассасалар жойлашади, бир неча бор ёнғиндан зарар кўради. Шу боис ҳозир масжид биноси таъмирталаб.

[1] ЎзРМДА. 1-жамғарма, 17-рўйҳат, 32663-йиғмажилд.

 

[2]Муҳаммад Солиҳхўжа. «Тарихи жадидайи Тошканд». 282а варақ.

 

Ўктамбек Султонов,

“Тошкент масжидлари тарихи”.

“Ҳидоят” журналининг 2011 йил 1-сонидан олинди.

Манба:www.ziyo.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг