Беш вақт намоз гуноҳларга каффоротдир агар…

0
119

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Менга аёллар ва хушбўйлик маҳбуб қилинди ва намоз кўз қувончимга айлантирилди».

Насоий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Робиъйа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга таҳорат сувлари ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим. У зот: «Сўра»дедилар. «Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман», дедим. «Бундан бошқани эмасми?» дедилар. «Шунинг ўзини», дедим. «Ундай бўлса, ўзинг учун кўп сажда билан менга ёрдамлаш»дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз, жумадан жумагача ва Рамазондан Рамазонгача (бўлган ушбу ибодатлар) ўз ораларидаги (гуноҳ)ларга каффоротдир, модомики кабира гуноҳлардан тийилинган бўлса», дедилар.

Муслим ривоят қилган.

 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан