Мусулмон бандаларига бир ойлик улуғ саодатни, Ўзининг раҳмати ва мағфиратларига эришиш учун фурсатларини, иймон ҳаловатига тўла лаззатли Рамазон ойини берган, унга омон етказган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду-санолар, шукроналар бўлсин!

Рамазон ойи кундузларини хайру-саҳоватда, кечаларини ибодат шавқида ўтказишни ибрат этган икки олам сарвари, суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар, саломлар бўлсин!

Мана, яқиндагина қаршилаганимиз моҳи Рамазоннинг ҳам сўнгги даҳасига етдик. Ҳар бир сонияси ғанимат, ҳикмату, ажрларга тўла улуғ ой манфаатларидан тўла фойдаланиб қолишга интилайлик азизлар, Зеро, бу ўн кунликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ва азиз аҳли иймон зотлар ибодат ва дуоларга янада ҳарис, янада мустаҳкам бўлишган.

Бизнинг «Минор» жоме масжидимизда ҳам ҳар кеча баҳраманд бўлаётганимиз Қуръон зиёфати бугун, 6 июнь куни ўз интиҳосига етади. Йигирма икки кун давом этган Қуръони каримнинг Хатмонаси бу кеча бўлиб ўтади. Дуолар қабул бўлажак бу муборак кечага барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни таклиф қиламиз. Турли сабаблар билан ташриф буюришга имконияти бўлмаган кишилар учун эса You Tube ижтимоий тармоғидаги ушбу Minor.uz саҳифаси орқали тўғридан-тўғри олиб кўрсатилади.

Хатми Қуръонни юксак билим ва қироатда ўтказиб бераётган устоз ҳофизи Қуръонлар: Жаҳонгир қори Неъматов, Абдулбосит қори Қобуловлар ҳаққларига дуода бўлишингиздан умидвормиз азизлар.

Масжидларимиздаги Қуръони карим файзи янада зиёда бўлсин! Аллоҳ таоло осуда ва обод юртимизга Ўз раҳматларини ёғдириб, доимо ҳифзу ҳимоясида сақласин!

«Минор» жоме масжиди жамоаси

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг