Ўзини «дин ҳимоячиси» дея ҳисоблаётган бироқ мақсад-муддаоси, ҳаракатлари нафақат мўътабар ислом балки, инсонийлик тамойилининг ҳеч бир  жиҳатига тўғри келмайдиган газанда кучлар ҳатто муборак Рамазон ойида ҳам тўхтамаяпти. Балки, ваҳшийликларини янада фаоллаштирмоқда, оширмоқда. Мусулмон кимсанинг Рамазон ойида тақвоси, иймони, саҳовати, муруввати янада зиёда бўлса, бу инсон деб атаб бўлмас ваҳшийларнинг эса қўпорувчилик режалари, шайтоний ишлари янада фаоллашади. Бир кеча-кундузда — 30-31 Май кунларида мусулмон мамлакатларида содир этилган портлашлар ҳақида ОАВ хабар бермоқда:
Бағдоддаги терактлар қурбонлари сони 27 кишига етди (30-Май 09:58)
Бағдод марказида содир этилган иккита терактда ҳалок бўлганлар сони 27 нафарга етди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари портлашлар оқибатида 100 дан кўпроқ одам жабрланганини таъкидлаб ўтишган.

Биринчи портлаш музқаймоқ дўкони ёнида содир этилган, иккинчиси эса Бағдоддаги бош кўприк яқинида амалга оширилган.

Аввалроқ ушбу портлашлар учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олгани маълум қилинганди. 

 

Ироқнинг Хит шаҳридаги портлашда 13 киши ҳалок бўлди (31-Май 08:15)

Ироқнинг ғарбидаги Хит шаҳрида содир этилган портлашда 13 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда «Ас-Сумария» телеканалига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги. Яна 22 киши жароҳат олган.

Гувоҳларнинг айтишича, портлаш шаҳар марказидаги мактаблардан бирининг ёнида содир этилган.

Портловчи моддани террорчи-худкуш ҳаракатга келтирган. Ҳозирча бирорта террорчилик ташкилоти ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. 

Кобул марказида даҳшатли портлаш: қурбонларнинг аниқ ҳисоби йўқ (31-Май 10:00)

Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида кучли портлаш рўй берди. Келиб тушаётган маълумотларга кўра, ҳодиса шаҳарнинг президент саройи ва хорижий элчихоналар бинолари жойлашган ҳудуддан узоқ бўлмаган жойда содир бўлган.

Портлаш ҳалокатли бўлган — ҳодиса ҳудудидан бир неча юз метр масофадаги уйлар шикастланган.

Fox News телеканали афғонистонлик маъмурларга асосланиб берган маълумотига кўра, портлаш камида 50 кишини ҳаётдан олиб кетган. Ariana News маълумотида қурбонлар сони 200 нафардан ортиқ экани айтилган.

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни вақтга келиб 60 киши жароҳатланган ҳолда шифохонага келтирилгани ҳақида хабар берган.

Маҳаллий полиция теракт худкуш террорчи томонидан содир этилганини маълум қилди. (Kun.uz)

Мана бу уларнинг дин ҳимоячиси эмас балки дин душманлари эканлигининг яққол намоёнидир. Қурбон бўлган кишилар Рамазон олдидан севиниб, бу ойда Аллоҳнинг раҳматларига эришар олар экамикинман, рўзадор бўлиб нафсимни, руҳимни поклайман дея ният қилган мусулмонлар эдилар….     
ОАВ асосида З.Содиқов
 
 

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг