telegraf.uz сайтида Низомжон Исломовнинг жамиятмизда учраб турувчи энг жирканч иллатлардан бири бола савдоси ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Муаллиф пул учун инсон дея аталмиш бебаҳо махлуқотни савдога қўяётганларни кескин қоралаб, одам савдоси жинояти учун қонунчиликда белгиланган жазо чораларини келтириб ўтади. Биз ушбу мақолага қўшимча тарзда исломда бу иллатга муносабат қандай эканлигини келтириб ўтамиз.
Болалар ҳаммани яхши кўради, айниқса унга эътибор ва меҳр кўрсатганларни.
Лев Толстой
— Қанча берасиз?
— Сўраганингизни…
— Бўпти, пулни чўзинг.
— Олақолинг.
Аёл пулни олди-да, ҳамроҳи сўраган «товар»ни берди. Гап шундаки, бу товар сизу биз билган бирорта маҳсулот эмас, тирик чақалоқ эди. Ҳа, она ўз фарзандини бошқа бировга пуллаб юборганди. Нақадар аянчли ҳолат, фожиадан ҳам баттар кўргулик.
Она бўлиш — муқаддас инъом
Аёл она деган номга лойиқ бўлгани учун ҳам, фарзандини туғилгунча қорнида кўтариб, уни минг машаққатлар билан дунёга келтиргани, чақалоғининг хархашаларига чидаб, бардош бериб, улғайтиргани учун ҳам муқаддас зот. Чунки оналикнинг бундай машаққатларига ҳамма бардош бера олмайди. Она сўзининг буюклиги ҳам шунда, онанинг муқаддаслиги фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр бўлишида. Аммо…
Энг жирканч иллат — «гўдак савдоси»
Сўнгги пайтларда интернет нашрларида ёки телевидениеда «одам савдоси» билан боғлиқ жиноятларни содир этганлар ҳақидаги мақолаларни ўқиган ёки кўрсатувларни кўрган бўлсангиз керак. Кимдир бошқа бировни хорижга олиб чиқиб, сотиб юборади. Бу бориб турган қабиҳлик. Бир қарашда бундан баттар қабиҳлик йўқ, деб ўйлайсиз. Аммо бор экан. Бу гўдак, чақалоқ савдоси. Ҳа, минг афсуслар бўлсинки, эндигина туғилган чақалоқларни сотиб юбораётганлар ҳам орамизда учраб тураркан. Энг ёмони, бу ишга ўша чақалоқларни дунёга келтирган оналар қўл ураркан. Она ўз боласини сотаркан. Жуда эриш туюлади-а? Аммо начора, шу қадар тубанликка бораётган, фарзандини онасидан, ўзини эса она деган буюк номдан мосуво қилаётганлар, бу ишни эса қўлнинг кири ҳисобланмиш пулни деб амалга ошираётганлар — бугуннинг энг жирканч ва аянчли ҳақиқати.
Кимдир зор, кимдир безор!
«Бири кам дунё», деб шуни айтишса керак-да. Айримлар тирноққа зор бўлиб ўтяпти. Қани, тақдир уларни фарзанд билан сийласа… Қанийди уларнинг хонадонида ҳам чақалоқ йиғиси янграса. Бундай аёллар тунлари бедор бўлиб, бешик тебратиб чиқишга зор. Фарзандни тарбиялаб, вояга етказишдек машаққат ато этишни Яратгандан ялиниб, ёлвориб сўрашади. Ана шундай ҳолларда фарзандини пуллаётганларни тушуна олмай қоласан киши. Инсон ўз бағрида катта бўлган мурғак вужудни қандай қилиб пуллаши мумкин? Ахир у олма ёки банан эмас-ку. У одам-ку?! Боласини сотган аёл олган пулларини қачондир ишлатиб бўлади, қачондир аввалги ҳолига қайтади, аммо кейин фарзандини қайтара олармикин? Наҳотки у фарзандга муштоқ бўлиб яшаётганларга қараб, тўғри хулоса чиқара олмаса? Наҳотки фарзанд Яратганнинг унга берган энг олий неъмати эканини англаб ета олмаса?
Пул қариганингда асо бўлолмас!
Фарзанди эвазига олинган пул ўша аёлнинг кунига ярай оладими? Олайлик, аёл қариди, бели қувватдан қолди, юришга мадори йўқ. Пул унга асо бўла оладими? «Юринг, ойижон, ўзим сизни суяб юраман», деб қўлидан тутадими? Ёки «Ойижон, мана, сизга иссиққина овқат пиширдим» ёки «Қайноққина чой дамладим», деб атрофида парвона бўладими? Қариб, сергап бўлиб қолган кампирнинг соатлаб гапирган гапларини тинглайдими? Унинг ҳар бир саволига кўнглига оғир олмасдан жавоб қайтарадими? Унга далда бўла оладиган, овутадиган гапларни айта оладими? Йўқ. Чунки у ўз номи билан қўлнинг кири. Иккига бўлиб ташласангиз, тамом, ҳеч нарсага ярамай қолади. Лекин фарзанд-чи? Аёл учун, инсон учун бошига кексалик гаштини суриш қисмати тушганида фарзандининг меҳрини туйиб, оналик, оталик гаштини суриб яшашдан ортиқроқ бахт бормикин?
Жиноятга жазо муқаррар

Қонунга кўра, бундай ҳолатлар одам савдоси, дея юритилади ва оғир жиноят ҳисобланади. Унинг қандай жазоланиши ҳақида эса Жиноят кодексининг 135-моддасида шундай дейилган:“Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —

уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;

б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;

г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;

д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;

з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;

и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек, жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;

к) киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса, —

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;

б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;

в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

Бундайларни она деб бўлмас!

Шу ўринда оммавий маданиятнинг ҳам таъсири борлигини таъкидлаб ўтиш керак. Боиси, Европада биз юқорида қоралаган ҳолатлар керагидан ортиқ равишда учраб турибди. Айниқса, ўтган йили содир бўлган воқеа сизу бизни таажжубга солиши тайин. Сабаби, она ўз фарзандини ахлат солинадиган чуқурга ташлаб кетган. Хўш, энди ўзингиз ўйлаб кўринг, тирик чақалоқни ахлат чуқури у ёқда турсин, умуман, бирор жойга ташлаб кетишга бегонанинг ҳам қўли бормайди. Лекин бояги чақалоқдан воз кечган одам ўз онаси эди-ку?! Боласини бундай аччиқ қисматга рўбарў қилишга, ўз зурриёдидан воз кечишга қандай кўзи қийди?Ёки шунга ўхшаш яна бир ҳолатга эътибор қаратинг. Чет давлатларидан бирида бир аёл ўз гўдагини бир уюм муз устида қолдириб кетган. Совуқда, қишда! Ваҳоланки, сиз бегона одамнинг ҳам совуқдан дирдираб турганини кўрсангиз, унга раҳмингиз келади, тўғрими? Ёрдам берсам дейсиз. Ахир бояги аёл чақалоқнинг чин онаси-ку! Унинг қандай кўзи қийди экан? Чақалоғининг совуқдан қизариб кетган юзига, кўкариб кетган бармоқчаларига, муз бўлакларини оҳиста урганча типирчилаётган оёқчаларига қараб, кўнглида озгина бўлса ҳам оналик, инсонийлик меҳри қўзғалмаганмикин? Йўқ, бундайларни она деб бўлмайди. Асло!

 Пайғамбарга хусуматчи тоифа

Росулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Аллоҳ таоло деди: “Мен уч тоифа одамга хусуматчи рақибман ва кимга хусуматчи бўлсам, уни аниқ енгаман. Улар: Менинг номим билан берилган нарсага хиёнат қилган кимса, ҳур одамни сотиб пулини еган кимса, мардикор ёллаб, ишини қилдириб, ҳақини бермаган киши”.

Мазкур ҳадисда зикр қилинган уч кишининг барчаси одам савдоси билан шуғулланувчиларнинг айнан сифатидир. Чунки улар аввал кўришганда кўп пул ваъда қилиб ёлғон гапирадилар, кейин ҳур одамни ўзгалар қўлига топшириб эвазига анчагина маблағга эга бўладилар, иш эгалари эса ўз ишларини қилдириб, қилдириб охири касалванд бўлиб қўлидан иш келмай қолгунига қадар ишлатиб, ундан фойдаланиб бўлганидан кейин пулсиз қўйиб юборади, баъзалари эса гўё айбларини ёпиб юборгандек ўлдириб юборади. Инсоф билан айтинг, кимсаларни ким деб аташ мумкинми?

Марҳум Аллома Алихонтўра Соғуний ўзларининг “Туркистон қайғуси” номли китобларида қуйидагиларни айтиб ўтганлар:

Ҳар бир инсоннинг дунё ҳаётида энг қадр қимматлик 4 та нарсаси бор: 1. Унинг озодлик ҳуррияти, 2. Ўзи касб қилиб топган мулкига ўзи эгалик қилиши, 3. Туғилиб ўсган ватани, 4. Асрлар оша давом этиб келиб унга етган муқаддас динидир.

Қачоники инсон мазкур тўрт нарсага эга бўлсагина инсон ўзини “инсон” дея ҳис қилаолади. Агар булардан инсон маҳрум бўлса, инсон ўзини гўёки бошқа махлуқлар қаторида ҳис қилади”,  дея таъкидлайди.

Фарзанд — эртангиз суянчиғи!
Юқоридаги фикрларимиздан мақсад — чақалоқларини сотишга жазм қилаётган оналарни бу йўлдан қайтариш. Кўнглида шундай фикри борларни эса вақтида тўғри йўлга солиш. Унутманг, бугун ўз фарзандингизни пулладингизми, эртага бу хатонгизни ҳеч қачон тўғирлай олмайсиз. Чунки фарзандингизнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди. Халқимиз бежиз «Жаннат оналар оёғи остида», дея таъкидламайди. Сиз эса жаннат пойингиз остида ётишига муносиб бўлинг.

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг