Орзиқиб кутилгувчи байрам нафаси илк бор масжидлардан таралади. Бугун юртимиздаги барча жомелар қаторида бизнинг масжидимизда ҳам Қурбон Ҳайити намози ўзгача файз, кўтаринки руҳ билан адо этилди.

Бу йилги Ҳаййит айёми биз учун яна бир қутлуғ сана, Истиқлолимизнинг 26 йиллик санаси билан бир кунда нишонланмоқда. Юртимиз ўз истиқлолини қўлга киритган кунидан бошлаб, халқимизнинг кўп асрлик диний ва миллий қадриятлари эъзозланиб, қайта ҳаёт ола бошлади. Диёримиз мусулмонлари диний байрам кунларни алоҳида эътибор билан ўтказиб келмоқда. Жумладан, халқимиз ва динимизнинг улуғ қадриятларидан бири бўлган “Ийд ал Азҳо”-Қурбон Ҳайити байрами ҳам ўзгача аҳамиятга эга бўлган улуғ кундир.

Субҳи содиқдан масжидга отланган юртдошларимиз юз-кўзларида мамнуният билан байрам намозини адо этишга жойлашдилар. Имом-хатибимиз Анвар қори Турсунов барчани ушбу улуғ байрамлар билан қутлаб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун Яратганга такрор ва такрор шукроналар айтдилар. Шунингдек, ҳайит байрами фазилатлари, Қурбонлик шартлари, тартиблари хусусида маъруза қилдилар.

Ибодатгоҳга ташриф буюрган намозхонлар эмин-эркин ҳайит намозини адо этиб, бир-бирларини байрам билан самимий муборакбод этишди. Нуроний отахонларимиз ана шундай қутлуғ, фалак дарвозаси очилган дамларда юртга тинчлик-фаровонлик, дастурхонларга тўкинлик, қут-барака, келаси йил Рамазон ойларига ҳамда ҳайит кунларига бекаму-кўст етиб бормоғлигимизни сўраб дуолар қилишди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида холис ниятлар билан қилаётган қурбонликларимизни, ибодатларимизни даргоҳида ҳусни мақбул айласин! Юртимиздан муборак ҳаж сафарига борган барча ҳожиларимиз ибодатларини мукаммал адо этиб, Ватанимизга соғ-саломат келишларини Аллоҳ таоло муваффақ қилсин! Барчаларимизни қайта-қайта Ҳайит айёмларига омон етказсин!

«Минор» жоме масжиди Матбуот хизмати

 

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг