Ҳайит байрамида аразлашган кишилар бир-бирини кечириши лозим

0
28

Шукрлар бўлсин, мамлакатимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хайрли ишлар барча мўмин-мусулмонларни мамнун этмоқда. Янгидан қурилаётган, обод бўлаётган масжидлар киши баҳри дилини очади, кўнгилларга сурур бағишлайди.

Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Қурбон ҳайити – жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, урф-одатларимизни эъзозлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳайит фақат байрамгина эмас, балки минг йиллар давомида шаклланган қадриятларимиз тараннуми ҳамдир. Чунки бу байрамда халқимиз ўзаро меҳр-оқибат, хайру саховат тадбирларини уюштиради. Кўнгли ўксик, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинади.

Зотан, мазкур қарорда ҳам халқимизга хос бўлган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ҳамжиҳатлик каби фазилатларни қарор топтириш белгилаб қўйилган.

Одатда ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Ота-она ва фарзандларга совға улашиб, уларни қувонтириш, кексаларни, заиф ва бетобларни зиёрат қилиш, уларга ҳадя бериб, қалбларига сурур киритиш динимиз тарғиб қилган амаллардан.

Айрим ҳудудларда ҳайит кунлари исрофгарчиликка сабаб бўладиган турли маросимлар ўтказиш одат тусига кирган. Бу шариатимизда йўқ. Яқинлари вафот этган хонадонлардаги, никоҳ тўйлари бўлган оилалардаги “янги ҳайит”, “ҳайит йўқлови” каби маросимлар бидъатдир. Ҳайит кунлари исрофгарчиликлар, хурсандчилик байрамини аза ва йиғи-сиғига айлантириш бизга ярашмайди. Бунинг ўрнига муҳтожларга, фақир-мискинларга, етим-есир, бева-бечораларга совғалар улашиш зарур. Бирор сабабга кўра аразлашган, гина-кудуратли таниш-билишлар муборак кунларда бир-бирларини кечирсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Уни шариат талабларига мувофиқ, йиғи-сиғисиз, хурсандчилик билан, хуш кайфиятда ўтказиш шарт.

Бироқ, унутмаслик керак, ҳали коронавирус балоси тўлиқ чекинмади. Шундай экан, карантин қоидларига қатъий риоя қилайлик.

Аллоҳ таоло Қурбон ҳайитини барчамизга муборак қилсин!

 

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби