Туғилиш бор экан, ўлим ҳам муқаррар. Бу ҳақиқатни ҳамма англаб етса ҳам, бироқ инсон учун яқинларидан айрилиш оғир мусибатдир.

Шундай пайтда унча-бунча сабр-тоқатли одам ҳам қайғудан ўзини тутиб тура олмай, дод-фарёд солиши табиийдир. Инсоннинг бошига шундай оғир жудолик тушганда, у ўзига далда ва таскин топиш йўлини излайди. Ана шунда инсон мўмин бандалар учун ҳақиқий айрилиқ нима эканлиги ҳақида фикр юрита бошлайди.
Агар чуқурроқ тафаккур қиладиган бўлсак, биз Ислом уммати учун яқинларимиздан жудо бўлиш мусибатидан кўра мўмин бандалар учун қайғурувчи Зот бўлган Муҳаммад алайҳиссаломдан айрилиш мусибати оғирроқ эмасми?
Бу борада Ислом тарихида бир неча яқинларидан айрилган саҳобия (розияллоҳу анҳо) ларнинг ўз қайғуларини унутиб, Набий алайҳиссалом ҳақида қайғуришлари барчамиз учун ибратлидир. Улардан бири бир пайтда ҳам эри, ҳам акаси ва ҳам отасидан айрилганда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тирикликлари билан ўзига таскин берган.
Ривоятларда келтирилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ухуд жангидан сўнг бани нажжорлик бир аёлнинг олдидан ўтдилар. Саҳобалар ўша аёлга эри, акаси ва отасининг шаҳид бўлганликлари хабарини бердилар. У бўлса тинмай: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нима бўлди?» – деб сўрар эди. Одамлар: «Аллоҳга ҳамд бўлсин, у Зот яхшилар, сен хоҳлагандеклар», – дедилар. Аёл: «У Зотни менга кўрсатинглар», – деди. Одамлар у Зотга ишора қилдилар. Аёл У зотни соғ-саломат кўрганидан кейин: «Сиздан кейин барча мусибат арзимас нарсадир», – деди.»
Дарҳақиқат, биз мўмин-мусулмонлар учун ҳақиқий мусибат Аллоҳ таолонинг йўлидаги йўлбошчимиздан айрилишдир.
Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Бирортангизга мусибат етса, мендаги мусибатини эсласин, чунки бу мусибатларнинг энг каттасидир» (Доримий ривояти).
Шундай экан, ўз яқинларимиздан айрилган пайтларда ана шулар ҳақида фикр юритиб, ўзимизга таскин беришимиз ва чиройли сабр қилишимиз лозим.
Бундай пайтда бизга таскин берувчи яна бир умид бор: Исломда собит турсак, охиратда, иншааллоҳ , Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўламиз. Албатта, яқинларимиз билан ҳам. Бас, иймонимизни пок асрай олсак, ҳар қандай мусибатнинг охири ширин висолдир, иншааллоҳ.

Дониёр Файз

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг