Хатми Қуръон чоғида риоя қилиш керак бўлган одоблар ҳам бор бўлиб, булар саҳобаи киромлар ва улуғ Қуръон устозларидан нақл қилингандир. Улардан асосийлари қуйидагилар:

– Бир ҳафтада хатм қилганда уни жума куни бошлаб, пайшанба куни тугатишни баъзи уламолар мустаҳаб санашган.

– Хатм қиладиган куни рўза тутиш. Буюк тобеъинлардан Талҳа ибн Мусарриф, Ҳабиб ибн Собитлар шундай қилишар эди. Бу ҳам хатм ва дуонинг қабул бўлиши умидида қилинадиган амаллардандир.

– Қуръон ўқиш одобларига риоя қилиш. Пок ҳолатда, пок кийимда, пок жойда, таҳоратли ҳолда, иложи бўлса, қиблага юзланган ҳолда бўлиш.

– Муносиб жой ва вақт танлаш. Хатми Қуръон ҳар хил ўйин‑кулги, шовқин‑суронлардан холи, осуда, қалбни ҳозирлашга монанд жойда бўлиши керак. Масжид‑мадраса, солиҳлар маскани, илм аҳли ҳузурида, умуман олганда, дуо қубул бўлиши умид қилинадиган ўринларда бўлса, янада яхши бўлади. Шунингдек, саҳар вақти, дуо қабул бўладиган соатларни танлаш мақсадга мувофиқдир.

Имом Доримий Аъмашдан ривоят қилади:

«Иброҳим: «Агар киши Қуръонни кундузи ўқиб тугатса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтади. Агар у уни тунда ўқиб тугатса, фаришталар тонггача унинг ҳаққига салавот айтади», деди.

Асҳобларимизнинг Қуръонни кундузнинг аввалида ёки туннинг аввалида хатм қилишни хуш кўришларини кўрганман».

«Фатовои ҳиндия»да айтилади:

«Хатмнинг ёзда куннинг аввалида, қишда туннинг аввалида бўлиши мустаҳаб. «Сирожийя»да шундай».

– Хатмни оила аъзолар ва яқин кишилар иштирокида қилиш. «Кўпнинг дуоси кўл бўлади», дейди доно халқимиз. Жамоатдаги биргина кишининг «омин»и сабабли дуолар қабул бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу билан бирга, хатми Қуръон чоғида мухлис мўмин кишиларнинг ҳозир бўлиши файз устига файз бўлади, Қуръоннинг эъзози, тантанаси бўлади ва бир қанча мўмин‑мусулмонларнинг хатми Қуръон фазилати ва дуоларидан баҳраманд бўлишларига кўмаклашиш бўлади.

Собит Бунонийдан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик Қуръонни хатм қиладиган бўлса, аҳли‑оиласи ва фарзандларини тўплаб, уларнинг ҳаққига дуо қилар эди».

Доримий ва Табароний ривоят қилишган.

– Айрим салафи солиҳларнинг хатми Қуръон муносабати ва хурсандчилиги учун ҳадялар тортиқ қилганлари, шукрона зиёфат берганлари айтилади.

– Ҳар гал хатмни тугатганда янги хатм бошлаб қўйиш. Бу ҳақда ҳадиси шариф ворид бўлган (бу ҳадис кейинроқ келади).

– Бир хатмни тугатиб, кейин янгисини бошлаш. Салафи солиҳларнинг тутуми шундай бўлган. Фақат кундузи бир хатм, кечаси бир хатм қилмоқчи бўлса, ё намозда алоҳида, ундан ташқарида алоҳида, ёки мусҳафга қараб бир хатм, ёддан бир хатм, ёхуд ҳадрда бир, таҳқиқ ё тадвирда (бу истилоҳлар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот келади) бир хатм қилаётган бўлса, бирданига иккита хатмни бошлаб, тугатиш мумкин.

– Хатмни бардавом, узлуксиз қилиб бориш. Вазифа белгилашда унинг давомий бўлишини эътиборга олиш матлубдир. Бир қизиққанда ўқиб қўйиб, кейин ташлаб қўйиш яхши эмас, албатта.

– Хатмда мусҳафдаги тартибга амал қилиш. Яъни оят ва сураларни бир четдан, юқоридан пастга қараб ўқиш керак, териб ўқиб хатм қилиш одобдан эмас.

– Хатми Қуръон қилишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири – Қуръон маъноларидан бохабар бўлиш, унга боғланиб туриш экан, Қуръонни ўқиб, бевосита тушуна олмайдиган кишилар қўшимча равишда Қуръони Каримнинг маъно таржимаси ёки тафсирини ҳам ўқиб боришлари матлубдир. Ана шунда кўзланган мақсад тўкис ҳосил бўлади. Бугунги кунда юртимизда ўзбек тилида қатор тафсирлар нашр қилинаётган бўлиб, бу неъматнинг шукри ҳам улардан унумли фойдаланишни тақозо этади.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг