Саҳобалар ичида шижоат, одиллик, ҳақгўйлик, ихлос, итоатгўйлик, омонатдорлик, тақво, масъулиятлилик каби олий сифатлар ила танилган Умар розияллоҳу анҳу ҳақида айрим маълумотларни келтирамиз.

У зотнинг насаблари: Умар ибн Хаттоб ибн Нуфайл ибн Абдулуззо ибн Рояҳ ибн Абдуллоҳ ибн Қурт ибн Розиҳ ибн Адий ибн Каъб ибн Луъай ибн Гъолиб ибн Қурайш.
Каъб ибн Луъайда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам билан насаблари туташади.

Таваллудлари: Фил йилининг ўн учинчи йили, Маккада таваллуд топганлар.
Кунялари: Абу Ҳафс.
Лақаблари : Ал-Форуқ (яъни, ҳақ ва ботилнинг орасини ажратувчи).
Кўринишлари: Юз, кўз ва бурунлари чиройли, оқ-сариқдан келган, узун бўйлик, баҳайбат гавдалик, қатъий сўзлик, жиддий феъл соҳиби, сабот ва қаттиқ қалб эгаси, чапақай эдилар ва ҳар ишни икки қўлларида бемалол бажарар эдилар, сочлари сийрак, юрсалар тез юрар эдилар. Одамлар орасида турсалар, гўё одамлар пиёда, Умар розияллоҳу анҳу эса уловда тургандек кўринар эдилар.

Умар розияллоҳу анҳу дин эндигина шакллана бошлаганида, барча ибодатини бошқалардан қўрқиб, яширин амалга ошириб юрган бир пайтда биринчи бўлиб исломини ошкор қилган инсондирлар. Биринчи бўлиб “амирул-мўминин” деб аталган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилиб борган кунларидан бошлаб тарихни китобат қилган, Рамазонда таровеҳ намозида Қуръони каримни хатм қилиб ўқишни суннат қилган, масжидларга биринчи бўлиб чироқларни жорий қилган зотдирлар. У зотнинг вафотларидан кейин масжидларни ёритиб турган чироқларни кўрган Али розияллоҳу анҳу: “Эй амирул-мўминин, Аллоҳ қабрингизни нурга тўлдирсин”, дея дуо қилганлар.

Умар розияллоҳу анҳу халқининг ҳолидан хабар олиш учун тунлари билан мижжа қоқмай кўчаларни назорат қилган халифадирлар. Жаноза намозини биринчи бўлиб тўрт такбирга жамлаганлар. Қуллар бозорида болани онадан ажратиб сотишни бекор қилганлар. Биринчи бўлиб девонни барпо қилганлар. Қуръони каримни китоб ҳолатига келтириш кераклигини илк бор таклиф қилиб чиққанлар. Биринчи бўлиб мақоми Иброҳимда намоз ўқишни йўлга қўйганлар. Биринчи бўлиб ёш болаларга нафақа пулини жорий қилган инсондирлар.

Кечаларнинг бирида Умар розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларини айланиб юрар эканлар, Мадина ташқарисида бир чодирга, чодир олдида у ёқдан бу ёққа хавотирланиб юрган бир кишига кўзлари тушди. Чодирнинг ичидан бир аёлнинг инграган овози эшитилиб турар эди. Яқинроқ бориб қарасалар, бир саҳройи араб экан. Мадинага етмасдан аёлининг тўлғоғи тутиб қолган, шу сабабли вақтинча чодир қуриб, шу ерга жойлашган эди. Шу онда халифа нима қилдилар? Ўзини жамики мусулмонларга қаттиқ масъул деб билган халифа шошганича чопқиллаб уйларига келдилар-да, аёллари Умму Гулсумга қалбларни ларзага соладиган савол бердилар: “Эй Умму Гулсум, Аллоҳ рози бўладиган бир савобли ишда менга шерик бўлишни хоҳлайсизми?”. Аёллари ҳам ўйлаб ўтирмай, “Ҳа, албатта” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ундай бўлса, аёл киши ва чақалоққа туғуруқ вақтида керак бўладиган нарсаларни олинг ва ортимдан юринг”, дедилар. Ўзлари эса елкаларининг бир томонига ун ва ёғ, иккинчи томонига бир қозонни юклаб, чодир томон жўнадилар. Аёли туғруқ пайти кимдан ёрдам сўрашни билмай турган аъробийнинг олдига қозонни тушириб, аёллари Умму Гулсумга чодирнинг ичкарисига киришини буюрдилар. Мусулмонлар халифаси Умар ибн Хаттобдек зот ўзларини танитмаган ҳолатда нотаниш бир аъробийнинг хизматини қилмоқдалар! Сўнгра олиб келган қозонларини аъробийнинг олдида турган учта тош устига қўйиб, тагига олов ёқиб, пуфлай бошладилар. Аъробий аёлидан ҳавотир олиб турган вақтда Умар розияллоҳу анҳу олов ёқиб, таом пиширар эдилар. Энгашиб, қозон остига пуфлаб турган пайтларида ичкаридан чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Сўнг аёллари Умму Гулсум чиқиб: “Эй амирул-мўминин, ёнингиздаги биродарингизга Аллоҳ ўғил бергани ҳақидаги хушхабарни айтинг” деди. Аъробий кўмаклашаётган инсон амирул-мўминин эканлигини билмай: “Бу Мадиналик инсон саҳоватли, олийжаноб экан. Аллоҳга қасамки, Умардан кўра бу инсон халифаликка лойиқроқдир”, деб турар эди. Энди бу гапни эшитиб тили калимага келмай қолди. Оғзини очиб, икки калима айтмоқчи бўлар эди-ю, Умар розияллоҳу анҳунинг ҳайбатлари ва салобатларидан айтишга сўз топа олмай қолди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Сиз ўтиринг”, дедилар ва овқатни ичкарига олиб кирдилар. Ичкаридагилар овқатни еб, ортганини ташқарига чиқардилар. Умар розияллоҳу анҳу овқатни аъробийга узатиб: “Буни сиз енг, ахир, узоқ йўл юриб келгансиз, чарчагансиз. Тонг отганида олдимга боринг. Сафарларингизга керакли нарсаларни бериб, фарзандизга нафақа тайин қиламиз”, дедилар.

Хулоса қилиб айтамизки, кўриб турганингиздек, Умар розияллоҳу анҳу саҳобалар улуғи ва бутун инсониятга яққол намуна ва ўрнак бўлган инсон бўлганлар. У зот Пайғамбар алайҳиссаломга у зотнинг рисолатларини адо қилишда улкан ҳисса қўшган, қўшганда ҳам ихлос, шижоат, муҳаббат ила хизмат қилган саҳоба. Ҳақни севувчи, ноҳақни қаттиқ қораловчи Форуқ эдилар. Ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссалом Умар розияллоҳу анҳунинг шаънлари тўғрисида “Агар мендан сўнг пайғамбар бўлса, албатта, Умар бўлар эди”, дея эътироф этганлар. Аллоҳ барчамизни ушбу солиҳ зотлар каби дину-дунёсини обод қилганлардан қилсин, омин!

Абдуллоҳ Деҳқонов
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти 3-курс талабаси

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг