Ҳижрат ҳақида (ҳижрат нима?)

0
542

Эзгулик дини бўлган Ислом дини кишиларни тинчлик ва барқарорликка, ўзаро бирлик ва ҳамжиҳатликка, бағрикенгликка, миллатлараро тотувликка тарғиб қилади. Бироқ бугунги кунда муқаддас динимиздан ўзларининг манфур ва ғаразли мақсадларни амалга ошириш йўлида фойдаланиш ҳоллари ҳам авж олиб бораётганини афсус билан қайд этиш лозим. Дин ниқоби остидаги экстремизм ва терроризмнинг глобал таҳдидга айлангани ҳам шундай хулосага келишига имконини беради. Бу жараённинг энг хатарли жиҳати муқаддас ислом динни сиёсийлаштириш воситасида ҳокимиятга интилиш, диндан инсонлар орасига нифоқ солиш, фитналар чиқариш, қўпорувчилик ишларини амалга ошириш ва ғаразли манфаатларни руёбга чиқаришда фойдаланишга уринишларда намоён бўлмоқда.

Тарихдан маълумки, Марказий Осиё минтақаси ислом илмлари, маърифати ва маданияти ривож топган марказлардан бири сифатида асрлар давомида мусулмон маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Бу эса турли бузғунчи турли радикал оқимлар, гуруҳлар ва тўдалар ўзларининг экстремистик вайронкор ғояларини минтақамиз аҳолиси онгига сингдириш мақсадида интилаётгани тасодиф эмаслигини кўрсатади ва бундан огоҳ бўлишимизга ундайди.

Қачонки, ғоя, қараш, фикр ижобий моҳиятга эга бўлганда улкан бунёдкорлик қувватини намойиш этса, бузғунчи мазмунни ифодалаганда даҳшатли вайронкорлик қудратига эга бўлади. Хусусан, турли ёвуз ниятли экстремистлар томонидан ишлаб чиқилган ва илгари сурилган вайронкор ва нафратли “ғоялар” бугунги замонавий воқеликда ўзидан даҳшатли вайронагарчилик қолдириб, мудҳиш қиёфасини намойиш этмоқда.

Олимларнинг тадқиқларига кўра замонавий экстремистлар томонидан илгари сурилаётган “даъватлар” (“ҳижрат”, “жиҳод” ва “шаҳидлик” ) турли йўл, усул ва ижтимоий психологик омилларга жиддий эътибор берган ҳолда йилар давомида аниқ режа билан тизимли ишлаб чиқилганини кўрсатади. Улар ўзларининг манфур ғаразли ғояларини илгари суришда “ҳижрат” ва “шаҳидлик”га тарғиб қилиб, шу  услублардан фойдаланмоқдалар.

Шуларнинг инобатга олиб, сўнгги вақтларда интернет тармоғида жуда кўплаб “жиҳодни вожиблиги” ҳамда “ҳижрат” қилиш ҳақида турли фитналар, асоссиз гап-сўзлар, найранглар кўпайиб бораётганлигини, бундай фитналарга ғаламис кимсаларнинг ёвуз ниятларига алданмасликлари учун мазкур тушунчалар ҳақида қуйидагиларни маълум қилишни лозим топдик.

Бундай кимсалар муқаддас ислом дини шиорларидан нотўғри тарзда фойдаланиб мусулмонларга жуда катта зарар етказмоқдалар. Омма халқни ўзларига чорлаш учун қурол қилиб олилнган иборалардан бири ҳижрат тушунчасидир. Бу тушунчага жуда хассослик ва ўта эҳтиёткорлик билан ёндошмоқлик муқаддас динимизнинг ҳам давримизнинг ҳам талаби ва таклифи эканлигини такрор-такрор эслатиб ўтиш мақсадликдир.

Чунки умрида пахтани кўрмаган инсонга пахта қора рангда бўлади, дейилса, пахта қора бўларкан, деган хулосани олади. Умрида кўмирни кўрмаган инсонга кўмир оқ рангда бўлади, дейилса, оқ бўларкан, деган хулосага келади. Шунингдек, мақсади бузуқ тоифадаги шахслар “ҳижрат” қилишга чорлаганда ҳижратнинг моҳиятига етмасдан жуда катта хатога йўл қўймоқдалар.

Ҳижрат масаласи ҳам юқорида эслаб ўтганимиздек ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб кишиларимизнинг бошини айлантириб, турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади. Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган ва тарқатиб юришибди ҳам. Улар бу хоссослик билан ёндашишликни талаб қилувчи тушунчани масала далил ва ҳужжат билан тушунмаганлар ёки тушунсада танолмайдиганлардир. Бузғунчи, фитначи, ғаламис тўда, гуруҳ ва оқим вакиллари томонидан кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.

Ҳаким ибн Муовиядан, у киши ўз отасидан ривоят қилган ҳадисларида Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай деганлар: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Экстремистик ва террористик гуруҳларнинг даъволарига раддия:

Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Олимлар бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар». Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.

Сўнгра имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган: «Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».

Албатта, ҳижратга тегишли далиллар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар қуйидаги ҳукмни баён қилганлар.

«Мусулмоннинг дорул ҳарбда муқим туриши унинг Исломига футур етказмайди. Фақат, дини хавф остида қолгандагина бундан мустасно. Яъни, динини ошкора зоҳир қилиш имкони қолмаса, ҳижрат қилиш лозим бўлади.

Юртимизда бугунги кунда 2042 та масжидларнинг халқимизга ҳизмат қилиб турганлиги, Юртимиздаги ўғил ва қизлар учун ўрта-махсус ислом билим юртлари, Тошкент ислом институти ва Тошкент ислом Университети, шунингдек, мамлакатимизда бунёд этилаётган ислом маданият ва маърифат марказлари, Юртимиз бўйлаб барча жойларда диний ибодатлар эмин-эркин адо этилаётганлиги, эътиқод эркинлигининг инсонни қувонтирадиган равишда кенг таъминланганлиги. Бузғунчи гуруҳ ва оқим вакилларининг ғаразли ва фитнали вайронкор ғоялари асоссиз эканлигини кўрсатади.

Олимлар шундай дейдилар: Бас, шундай экан, аслида мусулмон бўлган юртларда намозини ўқиб, рўзасини тутиб, бошқа ўзига фарзи айн бўлган ҳукмларга амал қилиб юрган мусулмонларни «Ҳижрат қилмасанг, кофир бўласан!» дейиш қаердан чиққан?!

Иккинчидан, аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, «Ҳижрат қилмаган кофир бўлади» деб айтаётганларнинг ўзлари қаерга ҳижрат қилишни айтиб бера олмайдилар. Зотан, уларнинг фикрига биноан, ҳозир ҳамма мамлакатлар дорул куфр. Улар ўзлари қурган ҳарбий қароргоҳларга ҳижрат қилишни ва ўша ердан ҳужум уюштириб, ўзлари режа қилаётган хаёлий давлатни қуришни таклиф қиладилар. Ана, гап қаерда!”. Бугун хориж юртларда дайдириаб, жойи на емоғини тайини йўқ бўлган, кимларнингдир яратган театр саҳнасида “қўғирчоқ” вазифасини ўтаб бераётган инсонлар, ўзгаларни “ҳижрат”га чорлашликларини тўхтатиб, ўзларининг малай бўлиб қолишларини олдини олишга, ўзи туғилиб катта бўлган она Ватанини равнақига, турли хил фитналар, келишмовчиликлар, бузғунчиликлар, вайронкор ғояларни олдини олишга қарата ҳижрат қилганда эдилар, муқаддас динимиздаги энг нозик тушунча “ҳижрат”нинг асосий мақсадини, унинг одобларини амалга оширган бўларди.

Ҳозирги кунда яна бунинг ёмонроқ бир кўриниши ижтимоий тармоқларда тарқалмоқда. Яъни, “ҳижрат” қилиб кетганлар қилган ҳижратларидан қайтишлари гуноҳ бўларкан, ҳижратларини тарк этмоқ дурус эмас экан манашунга ўхшаш фитнали асоссиз гаплар авж олиб бораётганлиги ҳам жуда аянчлидир. Бунда ўзимиз ва ўзгаларни ҳам огоҳ этиб бу фитналарга алданмасликка чақириб қўйиш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Ўтмишга ибрат назари билан қарайдиган бўлсак: “Тарихий хотирасиз келажак йўқ”, “Мозийга қараб иш тутишлик ҳайрлидир” каби пур маноли сўзлар нақадар мақсад ва эзгу ғоялар асосида айтилганлигига гувоҳ бўламиз.

Ватанимиздан етишиб чиқган барча олимлар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Исо ат-Термизий, Имом Ҳаким ат-Термизий, Имом Абу Лайс Самарқандий, Имом Аз-Замаҳшарий, Имом Мотурудий, Имом ан-Насафий, Имом Бурҳониддин Марғилоний каби буюк ватандошларимизнинг ҳаётлари ва илмий ва маърифий меросларини ўқир эканмиз, уларнинг ҳар бирларида ўз Ватанига нисбатан  муҳаббатлик бўлганлиги, мусофирчиликда таълим олиб, таҳсил бериб юрган вақтларида ҳам ўз Юртларига қайтишни орзу қилиб, ўшанинг қайғусида, ўшанинг муҳаббатида юрганликларини ўқишимиз мумкин. Мисол учун Имом Бухорий ҳазратлари Макка шаҳрида таълим олиб юрганларида Бухорои Шарифда Ҳаж зиёратига борганлар у кишига устозларидан салом етказганларида Имом Бухорий ўринларидан туриб, салом етқазган кишини бағриларига босиб, Бухорои Шарифга қараб таъзим қилиб қўйганликларига тарих гувоҳдир. Шунингдек, икки ярим йил ичида Масжидул Ҳаромда Каъбатуллоҳни тавоф қилиб, унинг соясида тафсир илмида маълум ва машҳур бўлган “Ал-Кашшоф” асарини ёзган, “Жоруллоҳ” унвонига сазовор бўлган Имом Махмуд ибн Умар Муҳаммад аз-Замаҳшарий ҳазратларини бу борадаги сўзларини эслаб ўтиш айни муддао бўлади деб биламан. Жумладан, “Ватанига, оиласига, инсонларга нисбатан муҳаббати бўлмаган кишида яхшилик йўқдир” деб ўз она Юртларига, оилаларига, қавму қариндошларига нисбатан муҳаббатларини изҳор қилганликлари ҳам айни ҳақиқатдир.

Бугун хориж юртларида юриб, ўз Ватанига қайтмоқчи бўлган кишиларни алдаб, фитналарга солиб,эзгу ғояларидан қайтараётган манфур, ғаламис кимсалар бу каби инсонни тўлқинлантириб юборадиган сўзларни, бу борадаги тавсияларни ўйлаб кўрмоқлари лозим ва лобуддир.

Юқорида биз номларини санаб ўтган олимларимизнинг барчалари ўз қўнимларини ўз она ватанларида топганликларини, бу борада барча ибрат бўлганликларини ўзи ўзини Яратганнинг ердаги мукаллаф бандасиман деб биладаиган кишига кифоядир.

Ҳозирги кундаги ижтимоий тармоқдан фойдаланадиган барча инсонларга фитналарга берилмасликлари, ғаламиз кимсаларнинг ёвуз ниятларини амалга оширишда қўшилиб қолмасликлари учун муқаддас динимизда Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг муборак сўзлари ила қуйидаги тавсия берилган. Бу ҳадисни Имом Термизий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилганлар. Набиу (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Олим бўлган, олим бўлолмасанг ўқувчи бўлгин, ўқувчи бўлолмасанг, эшитувчи бўлгин, эшитиувчи бўлолмасанг, уларга (олимларга, илм аҳилларига, ота-онага, иш бошлиқ раҳбарларга) муҳаббатли бўлгин. Бешинчиси бўлмагин ҳалок бўласан” деб барча инсонларни ўз ҳаётларида адашмасликка чорлаганлар. Юртимиздан етишиб чиқган буюк мутасаввуф олимлардан бўлган Сўйфи Аллоёр ҳазратларининг бу борада қуйидаги мисраларини эслаб ўтиш фойдаликдир.

Ҳар киши ишқ аҳлига ишқолур,

Ишқолур ила кўнгилда ишқ олур.

Иш қолур деб ишқ аҳлига ишқолмаса,

Ул муҳимроқ ишидан ҳам иш қолур.

Яъни, бугун куннинг кишиси кимнинг изидан бормоқда, кимнинг авлодлари эканлигига тафаккур, тадаббур ила қарамоғи, ўзи учун яхши ёмонни ажратиб олмоғи учун ҳам яхши инсонлар, аҳли илмлилар билан суҳбатлашиб турмоғи, насиҳатлар тингламоғи даркордир. Анашунда ҳар бир банда муқаддас динимизнинг асл мақсади ва ғоясини, шунингдек давримизнинг талабларига амал қилган бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, экстремизм ва терроризм бугунги кунда глобал характерга эга бўлиб, дунёнинг барча мамлакатлари ҳамда минтақаларига бирдек хавф солмоқда. Шундай экан, унинг олдини олиш, унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланди. Ҳамда кишилик жамияти олдида бир қатор вазифаларни юклайди. Ушбу вазифаларга тўхталиб, Муҳтарам марҳум ва мағфур Президентимиз “Биринчи галда, террорчиларни тайёрлайдиган заминга, ғояга, мафкурага эътибор бериш, шуларга қарши курашиш керак. Болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур”,- деб таъкидлайдилар.

Шу нуқтаи назардан қараганда, ҳозирги кунда аҳоли, айниқса, ёшлар орасида тегишли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, диний мутаассибликнинг моҳияти, тарихи, замонавий кўриниши, ғоявий-ақидавий асосларини таҳлил қилиш мамлакат зиёли қатлами, шу жумладан, диний ходимлар зиммасига ҳам юклатилган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом-инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Яратган Роббимиз барчамизни ўзининг ҳидоятидан адаштирмасин!

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби: А. Турсунов

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг