Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг асарлари

0
683

Аҳли сунна вал жамоа имомларидан бири Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ турли мавзуларга оид кўплаб асарлар таълиф этган.

Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганини баён қилганлар:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) тафсирини  ёзган. Бу тафсир Аҳли сунна вал– жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) китобларини ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар:

А. Мақолалар;

Б. Раддиялар;

В. Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари.

Мақолалар

Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам бир қанча “Мақолот” (мақолалар) китоблари ёзилган ва уларда асосан, Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган.

Раддиялар

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қаршларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда Аҳли сунна вал-жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилий фирқасининг нотўғри тасавури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати Аҳли сунна вал–жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

  • Абу Муҳаммад Боҳилий мўътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” асарини ёзган. Бу асарда Аҳли сунна вал-жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Мотуридий бобомизга мўл-кўл мукофотлар ато этиб, ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

nasihat.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг