«Иймон рукнлари нечта?» деган саволга жавоб бериш учун аввало «иймон» ва «рукн» калималари нимани ифодалаши яъни улар нималарнинг исми экани ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозим.

деган саволга жавоб бериш учун аввало «иймон» ва «рукн» калималари нимани ифодалаши яъни улар нималарнинг исми экани ҳақида тўғри тасаввур бўлиши лозим.

Иймон калимаси луғатда икки хил маънони англатади:
1. Тасдиқлаш.
2. Омонлик бериш.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари наздида биринчи маъно яъни «тасдиқлаш» мўътабар ҳисобланади. Истилоҳда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш ва тил билан иқрор бўлиш иймон деб аталади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган барча нарсаларни қалб билан тасдиқлаш деганда қолган барча нарсаларни ўз ичига қамраб оладиган қуйидаги еттита нарсага: 1. Аллоҳга, 2. фаришталарига, 3. китобларига, 4. пайғамбарларига, 5. охират кунига, 6. қадарнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳдан эканига, 7. ўлгандан сўнг қайта тирилишга шаксиз ишониш тушунилади.

Рукн луғатда «устун», «асос» каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса бирор нарсанинг асосини ташкил қиладиган энг кучли тарафи унинг рукни дейилади.

«Иймон рукнлари нечта?» деган саволга жавоб излаб уламоларимизнинг бу ҳақидаги қарашларини ўрганиб чиқадиган бўлсак, аҳли сунна вал жамоа уламолари иймоннинг рукни ҳақида бир-биридан фарқли уч хил қарашни айтганларига гувоҳ бўламиз:

1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир.
2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади.
3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш эса дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир. Солиҳ амаллар эса иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шартдир.
Ана энди уламоларимизнинг ушбу қарашлари билан бирма-бир танишиб чиқамиз:
1. Иймон қалб билан эътиқод қилиш, тил билан нутқ қилиш ва арконларга амал қилишдир.
Бу қарашни олға сурганлар икки гуруҳга бўлинади:
1) Аҳли сунна уламолари. Имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад, имом Авзоъий ва булардан бошқа аҳли ҳадислар, аҳли зоҳирлар ҳамда баъзи мутакаллимлар иймонни мазкур маънода таърифлаганлар. Ушбу муҳтарам имомларимиз ва уларга эргашган зотлар (уларнинг барчаларига Аллоҳ таолонинг раҳматлари ёғилсин), арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг эмас, балки комил иймоннинг рукнидир деганлар. Яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетмайди, деганлар. Демак бу зотларнинг мазҳабларига кўра, арконларга амал қилмаганлар комил иймон эгаси бўла олмайдилар, аммо мўмин бўлиб тураверадилар, деган маъно тушунилади.
Комил иймон ва иймон ҳақиқати орасидаги фарқ шуки комил иймон эгасига дўзахдан нажот топиб жаннатга кириш ваъдаси берилган. Иймон ҳақиқати бор кишига эса дўзахда абадий қолдирилмаслик ваъдаси берилган.

2) Муътазилийлар. Бу фирқа арконларга амал қилишни иймон ҳақиқатининг рукнидир, яъни арконларга амал қилмаганлар иймон ҳақиқатидан чиқиб кетади, деганлар. Демак бу фирқанинг қарашига кўра амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади. Шунга кўра кимки амал қилмаган кимса диндан чиқиб кетади, деса муътазилий фирқасининг қарашларига юрган бўлади.

2. Иймоннинг аслий рукни тасдиқлашдир. Тил билан иқрор бўлиш аслга қўшимча рукн ҳисобланади.
Саъдуддин Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳ бу ҳақида шундай деганлар: иймон аслига қўшилган нарса тил билан ифодалашдир. Чунки тил қалбдаги нарсани ифодалаб беради ва қалбий тасдиққа далолат қилади. Аммо тил билан ифодалаш аслий рукн ҳисобланмайди. Чунки тасдиқнинг ўрни қалбдир. Шунинг учун ҳам узрли пайтларда тил билан иқрор бўлиш соқит бўлади. Масалан соқов киши тили билан иқрор бўлмагани, ёки мажбурланган киши иқрорни инкорга айлантириб қўйгани сабабли улардан иймон ҳукми олиб ташланмайди. Тил билан иқрор бўлиш иймоннинг аслий рукнига қўшимча экани имом Сарахсий, Фахрул Ислом Баздавий ва бошқа кўплаб фақиҳлардан ривоят қилинган. Ушбу қараш улуғ ватандошимиз Нажмиддин Насафий роҳматуллоҳи алайҳ эътимод қилган қараш ҳисобланади. Бу зот «Ақоидун Насафия» номли асарларида қуйидагича баён қилганлар:

اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ

«Иймон, (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир».

Бурҳон Лаққоний роҳматуллоҳи алайҳ «Жавҳаротут тавҳид»нинг шарҳида қуйидагиларни ёзганлар: Муҳаққиқ уламолардан Имоми Аъзам роҳматуллоҳи алайҳ битта қавлда, ашъарийларнинг кўпчилиги, ҳанафий имомлардан Сарахсий ва Баздавийларнинг қарашларига кўра иқрор иймон ҳақиқатидан ташқаридаги шарт эмас. У иймон ҳақиқатининг ярми ва унинг ичига кирувчи рукндир. Аммо қолган солиҳ амаллар иймон рукнига кирмайди. Демак ушбу зотларнинг наздларида иймон – тил ва қалб амалларининг барчасининг исмидир.

Саъдуддин Тафтазоний роҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки: ушбу сўзга кўра кимки қалби билан тасдиқласа-ю имкони бўла туриб умри давомида бирор марта ҳам тили билан иқрор бўлмаса бундай кимса дунёда ҳам мўмин ҳисобланмайди, Аллоҳ ҳузурида ҳам мўмин эмасдир.

3. Иймон фақатгина тасдиқдан иборатдир. Иқрор бўлиш эса дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир. Солиҳ амаллар эса иймоннинг саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комил бўлиши учун шартдир. Ушбу қарашга кўра биров қалби билан тасдиқласа-ю имкони бўла туриб тили билан иқрор бўлмаган бўлса бундай кимса дунёда мўмин ҳисобланмаса ҳам Аллоҳнинг ҳузурида мўмин бўлади. Чунки қалбдаги нарсани фақат Аллоҳ билади, бандалар била олмайдилар. Ушбу мазҳабдагиларнинг қарашлари иккита мисолда яққол намоён бўлади:

1) Бир зиммий мажбурланса-ю тили билан иймонга иқрор бўлса қалбан тасдиқлаганига аломатлар бўлмаса ҳам дунё ҳукмларида унга мўмин деб қаралиши келиб чиқади;

2) Мўмин киши куфр калимасини айтишга мажбурланса-ю, тили билан куфрни иқрор қилиб қўйса ҳам дунё ҳукмларида у муртадга айланмайди. Аслида куфр калимасини гапириш туфайли кофирлик собит бўлиши керак эди. Лекин аслий рукн бўлган қалбий тасдиқ унда боқий турганлиги учун куфрга ҳукм қилинмайди.

Бу қараш соҳиблари ўзларининг қарашларини қўллаб-қувватловчи кўплаб далиллар келтирадилар. Масалан:

إِلَّامَنْأُكْرِهَوَقَلْبُهُمُطْمَئِنٌّبِالْإِيمَانِ

…қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно… (Наҳл сураси 106-оят)

Абул Муъийн Насафий роҳматуллоҳи алайҳ «Баҳрул калом» номли асарларида имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг «иймон фақатгина тасдиқнинг ўзидир», деганларини ривоят қилган.

Аммо ушбу мазҳабга кўра ҳам тил билан иқрор қилмаслик қайсарлик сабабли ё инкор қилиш сабабли ёки арзимас санаш сабабли бўлмаслиги шартдир. Агар ушбу сабаблар билан бўладиган бўлса дунёю охиратда кофир ҳисобланиши келиб чиқади.

Ушбу иккинчи ва учинчи қараш бизнинг мотурудия мазҳаби уламоларининг қарашларидир. Фақатгина баъзилари иқрор бўлишни «қўшимча рукн» деган бўлсалар, баъзилари «дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир», деганлар.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, аҳли сунна вал жамоа ичидаги иймон рукнлари тўғрисидаги ушбу учта қараш орасида қуйидагича фарқлар кўринади:
– Кимки қалби билан тасдиқлаган, тили билан иқрор бўлган бўлса у Аллоҳ ҳузурида ҳам мўминдир, дунё ҳукмларида ҳам мўминдир;
– Кимки қалби билан тасдиқлаган бўлса-ю, қайсарлик билан, ёки инкор қилиб тили билан иқрор бўлмаса, бундай кимса Аллоҳ ҳузурида ҳам мўмин эмас, дунё ҳукмларида ҳам мўмин эмасдир;
– Кимки қалби билан тасдиқлаган бўлса-ю, бирор узр сабабли тили билан иқрор қилолмаса, бундай киши Аллоҳ ҳузурида ҳам мўминдир, дунё ҳукмларида ҳам мўминдир;
– Биров қалби билан тасдиқлаган бўлса-ю лекин икки шаҳодат калимасини умуман нутқ қилмаган бўлса, нутқ қилмаслигига бирор узри ҳам бўлмаса, шунингдек қайсарлик ё арзимас санаш билан ҳам бўлмаган бўлса иккинчи қараш соҳиблари наздида бундай кимса дунёда ҳам охиратда ҳам мўмин ҳисобланмайди,учинчи қараш соҳиблари наздида эса бундай кимса Аллоҳ ҳузурида мўмин, дунё ҳукмларида эса мўмин ҳисобланмайди;
– Икки шаҳодат калимасидан бошқа солиҳ амалларни қилиш иймон саҳиҳ бўлиши учун эмас, балки комиллиги учун шарт эканида барча аҳли сунна иттифоқ қилган.
– Кимки қалби билан тасдиқлаган, тили билан иқрор бўлган бўлса-ю арконларга амал қилмаган бўлса бундай кимса қиёматда азоб берилиш таҳдид қилинган осий мўмин бўлади.

Мазкур маълумотлар билан танишиб чиққанимиздан кейин «Иймон рукнлари нечта?» деган саволга рўбарў келсак, аввало қайси иймон назарда тутилаётганини аниқлаштириб олиш зарурлиги келиб чиқади.

Агар комил иймон рукнлари назарда тутилган бўлса унинг рукнлари учтадир:
1. Қалб билан тасдиқлаш;
2. Тил билан иқрор бўлиш;
3. Арконларга амал қилиш.

Яъни арконларга амал қилиш комил иймоннинг рукни бўлгани сабабли аҳли сунна наздида амал йўқ бўлса ҳам диндан чиқмайди. Аммо комил иймон эгаси бўлолмайди. Аллоҳ хоҳласа уни қилмишларига яраша жазолайди, хоҳласа авф қилади. Муътазилий фирқаси наздида диндан чиқади, хаворижлар наздида эса диндан чиқиб кофир бўлади.

Агар иймон ҳақиқатининг рукнлари назарда тутилган бўлса бунга мотуридия мазҳаби уламоларининг икки хил жавоби бор:
1. Иймон ҳақиқатининг иккита рукни бор:
А) Аслий;
Б) Қўшимча.
Аслий рукни қалб билан тасдиқлаш, қўшимча рукн тил билан ифодалашдир.

2. Иймон ҳақиқатининг рукни фақат битта бўлиб, у қалбий тасдиқдан иборатдир. Тил билан иқрор бўлиш эса дунёда мўминлик ҳукмлари ижроси учун шартдир.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг