ЖАННАТГА ЕТАКЛОВЧИ АМАЛЛАРДАН БИРИ

0
1314

Қийналгандан қарзни кечиб юбориш

Азизлар! Ҳар бир инсон бу дунёда яшар экан, доим инсонларга каттами-кичикми яхшиликлар қилишга ўзини одатлантириши лозим. Аслида, ҳар бир кунимиз бу йўлдаги катта бир имкониятдир. Уни беҳуда ишларга сарфлаб, вақтни бой берсак, бизни жаннат сари элтадиган сармоядан маҳрум бўламиз. Шундай экан, бирорта ибодат ёки амални кичик деб билманг. Чунки Аллоҳ таоло Ўз розилигини ибодатлар ичига яширган. Қаердан биламиз, балки Аллоҳнинг розилиги биз арзимас деб ҳисоблаётган мана шу ибодат билан белгиланар. У бир яхши ният ёки яхши сўз ёки кичик бир амал бўлиши ҳам мумкин.

Қуйида бизларни жаннатга етакловчи амаллардан бири ҳақида Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтирамиз: «Набий алайҳиссалом дедилар: «Бир одам вафот этди ва жаннатга кирди. Ундан: «Нима амал қилардинг?» – деб сўралди. У: «Мен одамлар билан олди-сотди қилар эдим. Қийналган одамни кўрсам, пулини кечиб юборардим», – деди. Шу сабабли у мағфират қилинди»  (Имом Муслим ривояти).

Ушбу солиҳ амал билан боғлиқ бошқа бир ривоятда келтирилишича, Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Бир киши одамларга қарз берарди. Ходимига: «Агар қарзни тўлашга имкони йўқ киши келса, кечиб юбор. Зора шу ишимиз туфайли Аллоҳ бизнинг гуноҳимизни кечиб юборса» дер эди. У Аллоҳга йўлиқди. Аллоҳ унинг гуноҳини кечиб юборди» (Имом Муслим ривояти).

Демак, мазкур ҳадисда зикр қилинган одамни фазилатли амали учун, Аллоҳ таоло азоблашдан ҳаё қилди ва бошқа гуноҳларини ҳам кечиб юборди.

Ушбу ҳадисдаги фазилат аҳли бўлган кишига эътибор беринг. Бундай фазилат соҳиби бўлиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. «Фазилат» сўзининг маъноси яхшиликлар соҳиби, яхши хислатли, бошқалардан яхши сифатлари билан ажралиб турувчидир.

Юқоридаги ҳадисларда тилга олинган фазилат аҳлларини бизнинг замонамизда ҳам кўплаб учратиш мумкин. Ҳожатманд, оилавий шароитига кўра ўта танг аҳволда бўлган қарздорларнинг туриш-турмушини кўриб, уларнинг аҳволини ҳис қила оладиган ва берган қарзидан кечиб юборадиган инсонлар шулар жумласидандир. Ҳатто, «Ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин» ҳикматига амал қилиб, ёрдамга муҳтож одамларга ҳеч кимга овоза қилмай қарз бериб, вақти келганда ундан кечиб юборадиган саховатли инсонлар ҳам талайгина. Бундай фазилат аҳлларининг бошқа таҳсинга лойиқ жиҳатлари устида ҳам сўз юритсак ва буни ҳаётий мисоллар билан изоҳласак. Бир одам моддий тангликка тушиб қолиб, яқин танишидан қарз сўрайди. Ўша қарз берувчи одам, агар саховат аҳлидан бўлса, қарзни кечиб юбориш у ёқда турсин, ўша дўсти қийналиб турганлигига фаросати етиб, сўраганидан ҳам ортиғини бериб юборади. Мана фазилат аҳлининг сифати. Шу мавзуга оид яна бир мисол келтирамиз. Ҳозирги замонамизда камтар, ҳалол бир кишининг тўртта фарзанди бўлиб, унинг топган-тутгани рўзғор ва фарзандлари эҳтиёжидан ортмайди. Отасидан қолган эски машинада тирикчилик қилиб, қанча ҳаракат қилмасин, озроқ даромад орттиролмайди. Ана шу кишининг ўзидан анча ёш, бадавлат ён қўшниси бўлиб, у одамларга жуда кибрли ва манман бўлиб кўринарди. Ваҳоланки, бу йигитнинг кўнгли тоза ва ҳожатманд эди. У қўшнисининг туриш-турмушидан хабардор бўлгани учун унга қандай ёрдам беришни билмай юрар экан. Ҳожатманд қўшнисига пул ёки бошқа ёрдам таклиф қилай деса, нафсониятига тегиб қўйиш, кўнглини оғритишдан чўчиб, ўз ниятини амалга оширолмас экан. Қўшниси билан учрашиб қолганда, билса чин, билмаса ҳазил қабилида: «Қўшни, шундай катта ҳовлини нима қиласиз, ярмини менга сотинг», дер ва шу йўл билан унга ёрдам бермоқчи бўлар экан. Қўшниси эса, бой бўлгани учун устимдан куляпти, деб ўйлаб, унинг гапидан тутақиб кетаркан. Ана шундай кунларнинг бирида қўли калта қўшнининг қизини сўраб эшигидан совчилар аримай қолибди. Қизига ҳонадон соҳиби яхши танийдиган, ўзига тўқ оила ҳам талабгор бўлибди. Ота қизини шу хонадонга узатгиси келса ҳам, моддий томондан уларга тенглаша олмаслигини ўйлаб, боши қотибди. Ўйлаб-ўйлаб, охири ҳовлисининг ярмини бадавлат қўшнисига сотмоқчи бўлибди. Қўшнисиникига чиқиб, қизига совчилар келаётганини ва яқин орада унашмоқчилигини ва ўз қарорини айтибди. Унга қандай ёрдам беришни билмай юрган ҳалиги бадавлат йигит бу таклифга дарров рози бўлибди. Эртасига қўшнисиникига чиқса, у ҳовлига қозиқ қоқиб, арқон тортаётган экан. Буни кўрган йигит қозиқни суғуриб олиб, арқонни улоқтириб юборибди. Сўнг қўшнисига қараб: «Қўшни, ҳовлингиз ўзингизга буюрсин, ён қўшни бўла туриб, зарур пайтда бир-биримизга ёрдам бермасак, қандай инсон бўлдик», деб унга бир даста пул тутқазибди. Кейин уни қучоқлаб,  қўлини сиқиб: «Бу пуллар мендан сизга тўёна, илоҳим яхши тўйларга ишлатинг», деб чиқиб кетибди. Бу йигит ҳақида бошқача фикрга бориб, ундан бундай саховатни кутмаган қўшнисининг кўзларига ёш қалқибди. Бу ҳаётий мисолдан кўринадики, саховатпешалик ёш танламас экан.

Аллоҳ таоло Ўзининг карами кенглиги туфайли бандаларининг ҳар бир яхши амали учун марҳамат кўрсатиши қуйидаги оятда ўз аксини топган:

(… Қилган ҳар бир яхшилигингиз сизларга зулм қилинмаган ҳолида ўзингизга тўла-тўкис қайтарилади» («Бақара» сураси, 272-оят).

Ислом тарихида бундай фазилатли инсонларнинг яна бир қатор сифатлари ҳақида кўплаб ривоятлар бизгача етиб келган. Ҳикоя қилинишича, бир хотин Лайс ибн Саъддан озроқ асал сўради. Лайс муҳаддис олим бўлгани ва аёлнинг аҳволини фаҳмлагани учун, унга бир меш асал беришларини буюрди. Шунда одамлар: «Озроқ берсангиз ҳам бўларди-ку», дейишганида, бу зот: «Аёл эҳтиёжига яраша сўради, биз эса ҳолимизга яраша бердик», деган экан.

Энди бу ҳикоядан хулоса чиқарадиган бўлсак, саховатпешаликнинг чек-чегараси йўқ экан. Орамизда шундай саховатли инсонлар борки, улар арзимас миқдорда ёрдам сўраб келган кишининг аҳволини дархол фаҳимлайдилар. Шу арзимас пулга муҳтож бўлган қўшниси ёки яқинининг тирикчилиги қандай ўтаётганлиги ҳақида ўйлаб, ўз имкониятидан келиб чиқиб, у сўраганидан ҳам кўпроқ ёрдам бериб саховат кўрсатади.

Англаганингиздек, жаннатга етакловчи амаллар кўп. Биз ана шундай амаллардан бири қийналгандан қарзни кечиб юбориш ва шу фазилатга эга бўлган кишилар ҳақида фикр юритдик. Шундай экан, ана шундай саховатпеша инсонлар ўз солиҳ амаллари билан нафақат бир инсоннинг кўнглини обод қилади, балки ўзи ҳам икки дунё саодатига эришади.

Дониёр Файз

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг