Жиззах вилояти вакиллиги сирдарёлик юртдошларимизга моддий-маънавий ёрдам кўрсатмоқда

0
191

Шу кунларда бутун Ўзбекистон аҳолиси, хориждаги юртдошларимизнинг эътибори, инсонпарварлик ёрдами, дуои хайрлари Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбасининг бир қисми бузилиши оқибатида талофот кўрган юртдошларимизнинг ҳолатини ўнглашга қаратилган. Бунда қўшни жиззахликларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят филиали Жиззах шахридаги Олимпия заҳиралари коллежи ётоқхонаси ва Пахтакор туманидаги Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносига эвакуация қилинган 1030 нафар табиий офоатдан жабр кўрган биродарларимизга жами 215 миллион сўмлик кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини эҳсон сифатида етказиб беришди.
Шунингдек, Фориш тумани Хўжа Боғбон ота зиёратгоҳида қўй сўйилиб, Аллоҳдан сардобалик биродарларимизмушкулини осон қилишини сўраб дуолар қилинди. Арнасой тумани вакиллиги ҳам ҳомийларни жалб қилган ҳолда 50 та гилам ва қўй сўйилиб, гўштларини сардобаликларга жўнатишди. Бахмал тумани “Бувайша” жоме масжиди ходимлари 4 миллон сўмлик моддий ёрдам юборди.
Бундан ташқари, бугун, 3 май куни Зомин тумани вакиллиги саҳовапеша инсонларни жалб қилган ҳолда, талофот кўрган кишиларимизга икки юк машина маиший рўзғор буюмлари, кўрпа-тушак, кийим- кечаклар; турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари юборилди.
Дарҳақиқат, ҳозирда Сирдарёдаги талофот оқибатларини бартараф қилиш, ундан жабр кўрган юртдошларимизни тушкун ҳолатдан чиқариш бўйича Юртбошимиз бошчилигида давлат ва жамот ташкилоти вакиллари жадал иш олиб боришмоқда.
Қолаверса, синовли кунларда елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб келган олижаноб халқимиз ҳам бирдамлик билан бошига иш тушган биродарларимиз имкон қадар ёрдам қўлини чўзиб, мусибатини аритиш пайида бўлмоқда.
Динимизда мусибат тушган, қийинчиликка учраган мўмин-мусулмонларнинг холидан хабар олиш, унга моддий ёрдам кўрсатиш, кўнглини кўтаришнинг ажру мукофоти улуғ амаллардан. Айниқса, айни Рамазон кунлари бунинг савоби янада кўпайтирилиб берилади.
Аллоҳ таоло қийинчиликка учраган юртдошларимизнинг мусибатини тез орада аритсин, оғир дамларда суянч бўлаётган юртдошларимиздан Ўзи рози бўлиб, ваъда қилинган ажру савобларни янада кўпайтириб берсин!