Шу Шу йилнинг 6 май куни Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 6 май куни Яшнобод туманида бўлдилар. Тумандаги бир қанча ташкилот ва муассасалар ҳолатини кўздан кечиргач, Юртбошимиз раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, пойтахт жамоатчилиги вакиллари қаторида биз ҳам иштирок этдик.

Анчайин танқидий руҳда ўтган мазкур йиғилишда кўрилган масалар қаторида биз диний соха ходимларига бевосита алоқадар вазифалар ҳам мавжуддир. Атроф-муҳит, маҳалла-кўй, турли муассаса ва ташкилотлардаги поклик, озодалик масаласи ҳамон рисоладагидек эмаслиги барчамизни ташвишга солади. Зотан, биз имом-хатиблар барча йиғилишу, тадбирларда, жума мавъизаларида халқимизни энг аввало тозалик ва покликка чақиришимизга қарамай  лоқайдлик, бепарволик иллатларига ҳамон йўл қўйилмоқда. Демак, ўзимиз бу борада сусткашликка йўл қўймоқдамиз, фақат чиройли сўз ва амри маъруф билан чегараланиб қолмоқдамиз. Аслида муаллим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир кўрсатма ва суннатларида аввало умматга ўзлари намуна бўлар, жамоат ишларида энг фаоли эдилар. Ана шу сўз ва амал бирлиги кишиларни ўзгача руҳлантирар, ислом шарафини янада орттирар эди.

Демак, бу борада биз имом-хатиблар янада ғайрат ила намуна кўрсатишимиз лозим экан. Чунки муқаддас динимиз нопоклик ҳолатига бефарқ бўла олмайди. Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», (Тавба сураси, 108-оят)

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан пок­ликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси  шарифда  айтадилар: “Албатта, Аллоҳ таоло Яхшидир  яхшиликни  севади, Сахийдир  саховатни севади, Покдир покликни севади. Покланинглар ён атрофингизни пок тутинглар”.

Ўзимиз жойларга чиқиб, гувоҳи бўлдикки, баъзи кўп қаватли уйлар атрофлари, турли объектлар чеккалари минг афсуски, чиқинди ёки бошқа кераксиз буюмларга тўла. Ҳамюртларимиз ҳеч тортинмай супуриндиларини  ариққа  ташлашади, кир ювилса мазғавасини  оқизишади. Кўча ва йўлларини пана  жойларга ахлат  ташлаб  кетишади.

Ташлаб  кетилган  ахлат  орасида  нон  бўлагини  кўриб  одам  ачиниб кетасан. Масаланинг  яна  бир  томони  ташлаб   кетилган  чиқинди  ва   ахлат  уюмлари  ўзидан  бадбўй  ҳидлар  тарқатади.   Бу эса  турли  хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Олимларимизнинг айтишига қараганда тўпланиб ётган чиқинди уюмларнинг чириши жараёнида ҳавога атмосферанинг азон қатламини емирувчи зарарли газларни чиқаради. Бунинг натижасида  карбонат ангидрид метан гази миқдори қўпаяди, атроф муҳитнинг заҳарланишига олиб келади.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, яшаш муҳитининг зарарли омиллари таъсиридан ҳар йили 3 миллионга яқин 5 ёшгача бўлган болалар ҳалок бўлмоқда. Ҳўш бу фожеалар қаердан келмоқда? Бу бизнинг атроф-муҳит тақдирига бўлган бепарволигимиз, лоқайдлигимиздир. Таъбир жоиз бўлса, фарзандимиз ширинлигини еб, қоғозини дуч келган жойга ташлаб кетганида, унга тўғри маданиятни ўргатмаганимиз ортидан ана шундай катта фожеаларга аланмоқда. Ҳеч бир нарса ўз-ўзидан хавф тусига кирмайди, уни ҳосил қилувчи кичик сабаблар бўлишини яхши тушунамиз. Кишидаги биргина атроф-муҳит таъсирига нисбатан лоқайдлик агар у муолажа қилинмаса бора-бора ватан келажаги, юрт тақдирига нисбатан ғофиллик, бепарволик ҳолатларига олиб келишини билишимиз лозим.

Шунингдек, имом-хатибларимиз томонидан Яшнобод туманидаги ақидапараст оқимларга мансублиги учун рўйхатда турувчи шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашиланида, уларнинг аксарияти бир пайтлар адашиб бу йўлга кирганликларини, бу қилмишларидан ҳозирда пушаймонда эканликларини билдирмоқдалар. Дунёда бўлаётган жараёнларни кўриб, бу йўл жаҳолат, бузғунчилик йўли эканлигини англаб етганларини билдирмоқдалар. Агар биз бу борадаги тарғибот ишларини янада мазмунли ва сифатли йўлга қўйсак, халқимизни, айниқса ёш авлодни дунёда дин ниқоби остида юз бераётган ходисалар мазмун-моҳиятини тўғри етказа олсак, мусаффо ислом ва унинг мўтабар таълимотига бу каби манфур ғояларнинг ҳеч қандай алоқаси йўқлигини тушунтира билсак, баъзи адашаётган юртдошларимизни ҳам қутқариб қолган бўламиз. Динимиз аввало ота-она, қариндош-уруғ, қўни-қўшнига яхшилик қилишга, юрт корига ярашга, инсонларга нафи тегишга чақиради. Бу илоҳий қонуниятни бузиб талқин этишга, ёки ўзича ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

неъматлар учун шукр қилиш,  тинч-осойишта  кунларнинг қадрига етиш,  буларни келажак авлодга  етказиш  ҳар бир инсоннинг  зиммасидаги бурчи эканлигини ёддан чиқармаслигимиз лозим.

Муҳтарам юртбошимиз томонидан халқимизнинг маърифати, эътиқоди, қолаверса турмуши, ҳаёт даражаси юксалиши учун бетиним олиб борилаётган эзгу-саъй ҳаракатларда барчамиз якдиллик, ғайрат, шижоат кўрсатайлик азизлар. Бугун меҳнат қилсак, ўзимизни уринтирсак фақат яхши нийятда, хайрли хотима мақсадида қилган бўламиз.

Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизни Ўз Ҳимоясида асраб, барчамизни тўғри йўлда собит айласин!

Анвар қори ТУРСУНОВ

«Минор» жоме масжиди имом-хатиби

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг