Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган ой – Робиъул аввал ойи муносабати билан ислом дунёсида, хусусан юртимизда Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғ насаблари, пок фитратлари, ибрат ва ҳикмат тўла муборак ҳаётларини тараннум этгувчи мавлиди шариф ўқилиши эзгу анъанага айланган.

Муаззам “Минор” масжидимизда ҳам мана, уч йилдан буён Мавлиди шариф маросими ўзгача файзу-футуҳда ўтиб келади. Фаҳри коинот солаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат, юксак ҳурмат мухлис юртимизнинг турли гўшаларидан келган иймон аҳлини ушбу бетакрор масжидда жамлайди.

Бу йил ҳам, соғинганимиз ўша шукуҳли онларни яна туйиш бахтига эгамиз. Эртага, насиб бўлса, 01.12.2017 санасида Жума намози олдидан масжидимизда Имом Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳ томонидан Набий алайҳиссалом туғилишлари, ҳаёт йўллари, аҳлоқлари тўғрисида битилган, халқ орасида машҳур бўлган “Мавлиди шариф” ва ўзбек тилидаги саловоти шарифлар ўқилади.

Мавлидни ҳофизи Қуръон қорилар: Абдулбосит Қобулов, Мақсуд Ғоибов  ва бу йилги Республика қорилар мусобақаси ғолиби Абдулазиз Раҳмонберди Умархон ўғли ўқиб берадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мадҳ этилган, саловот айтилган давраларга нур ёғилади, қалблар Ул муборак зотнинг исмлари, муборак сийратлари билан ҳушбўй мушк таратади. Бу онда дуолар мустажоб бўлади. Фурсатни бой берманг азизлар, Мавлиди шарифга марҳабо!

 

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг