«Минор» жоме масжиди тарихи

Истиқлол йилларида мустабид тузуми даврида ҳаробага айлантирилган муқаддас қадамжолар, муҳим тарихий обидаларни қайта тиклаш билан бир қаторда янги анъанавий услубдаги мўътабар масканларнинг бунёд этилиши халқимиз маънавий тараққиётини белгилаб берувчи омиллардандир.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита ғоя ва амалий таклифлари асосида бунёдга келган шаҳримиздаги муҳташам «Минор» масжиди ана шу фикрлар далилидир. Мазкур масжид ўз лойиҳасида миллий меъморчилигимизнинг, бутун дунёда машҳур бўлган масжид ва мадрасаларнинг азалий анъана ва услубларидан ижодий фойдаланилганлиги билан ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа бўлиб қад кўтарди.

Масжидга «Минор» номининг берилиши унинг шу номли маҳаллада жойлашганлиги сабаблидир. «Минор» аслида арабча «манор» сўзидан олинган бўлиб, «маёқ», «баландлик» каби маъноларга далолат қилади. Мазкур маҳалла оқсоқолларининг айтишича, қадимда бу маҳалла шаҳарнинг бошқа қисмларига нисбатан баландликда жойлашган.

2014-йилнинг 4-октябр санаси Муборак Қурбон ҳайити арафасида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, меъмор ва қурувчилар, маҳалла оқсоқоллари ҳамроҳлигида Минор масжидининг очилишида бевосита иштирок этди. Давлатимиз раҳбари масжиднинг ички ва ташқи кўриниши, баҳаво айвонлари, миллий ўймакорлик санъати асосида ишланган устунлар, бино қуббасидаги олтин суви билан зийнатланган нақшу-нигорларни кўздан кечириб қўли гул усталаримиз ижодига юксак баҳо берди.

Юртобишимиз эзгулик масканини зиёрат қилиш чоғида ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашар экан «Нима учун Ўзбекистонимизнинг маданияти бу қадар қадимий деган савол берилса, аввало динимиз, туфайли. Муқаддас ислом динимиз бўлмаганида биз бу қадар маданиятга эга бўлмас эдик, дея жавоб берган бўлар эдим» дея таъкидлади.

Масжид барча замонавий шарт-шароитлар ва қулайликларга эга. Масжид хонақоҳи, пастки қаватдаги хонақоҳ, имом ва ноиБлар ҳамда бошқа барча ходимлар хоналари ҳам замонавий иситиш ва совутиш тизимлари билан таъминланган.

Масжиднинг тўлалигича оқ мармар билан қопланганлиги унга ўзгача гўзаллик, улуғворлик ва ҳашамат бахш этиб туради. Қадимий ва замонавий меъморчилик санъатини ўзида мужассам этган бу иншоот ўзининг мафтункорлиги билан зиёратчиларни ўзига ром этмоқда. Юртимизнинг моҳир ва қўлигул усталари томонидан ишланган эшик-ромлар, ўймакорлик санъати қўлланган нақшинкор устун ва тоқилар зиёратчилар кўзида масжидни том маънода санъат асарига айлантиради.

Шунингдек, масжиднинг атрофи майсазорга айлантирилган квадрат майдончалар билан безалган бўлиб, мазкур майдончаларнинг ичига турфа хил манзарали дарахтлар экилган. Тротуарлар четига дам олиш учун скамейкалар ўрнатилган.

Истироҳат боғига айланган масжиднинг ташқи ҳовлиси масжид рангига монанд бўлган оқ чироқлар билан безатилган. Масжиднинг олд тарафидаги фаввора ҳам масжид гўзаллигига гўзаллик қўшиб туради ва одамларни ўзига жалб этади.

«Минор» жомеъ масжиди умумий майдонига жами 5000дан ортиқ намозхонга мўлжалланган. «Минор» жомеъ масжидининг умумий майдони 4.5 гектарни ташкил этади.

Масжид ҳовлисида экилган 1326 туп манзарали дарахтлар Европанинг Белгия қироллигидан келтириб экилган.

Масжид минорасининг баландлиги 45 метрни ташкил этса, мовий гумбаз 34 метр баландликда жойлашган.

Масжид тўлиқ бетондан кўтарилган. Деворларнинг икки томонидан махсус қопламалар билан Хитойдан келтирилган сунъий оқ мармарлар билан қопланган.

Масжид ўнг ва чап айвонларидаги тўққиз донадан ўн саккиз дона устунлар, масжиддаги турли ўлчамдаги ўттиз бир дона эшиклар Европанинг Украина давлатидан келтирилган Украинский Бук дарахтидан, Тошкент шаҳридаги «Ижод – ижод» ҳунармандлар уюшмаси томонидан ёғоч ўймакорлик ишлари амалга оширилган.

Масжид ҳонаҳоҳининг умумий майдони 1326 кв метрни ташкил этади. Масжид меҳроби Самарқанд вилоятидаги Регистон мажмуаси Тилла Кори жоме масжидининг меҳробидан нусха олинган. Ушбу масжид қурилишида республикамизнинг барча вилоятидан моҳир усталар жалб этилган ва миллий ҳунармандчилигимизнинг гўзал намунасини ушбу масжидда кўрсатиб беришган.

Масжид меҳробининг ўнг томонида «Аллоҳ», чап томонида эса «Муҳаммад» исмлари моҳирлик билан хаттотлар томонидан ёзилган. Меҳробнинг ён томонларида Қуръони карим «Бақара» сурасининг 285-286 оятлари ёзилган.