МОЛИК ИБН ДИНОР

0
326

Ривоят қилишларичга, Молики Динор туш кўрди ва тушида унга: “Ҳарамнинг ҳужрасида туриб бизга қуллик қилаётган йигитга бориб айт, у бизнинг раҳматимиздан бенасибдир”, деган хабар келди. Молики Динор уйқудан уйғониб, Ҳарамга борди ва ўша йигитни топди. Қараса у қоронғи бир ҳужрада зор-зор йиғламоқда. У Молики Динорни (раҳматуллоҳи алайҳ) кўриб таниди ва деди:

-Эй Молик сиз ҳам менга Худойи таолодан хабар келтирдингизми?

Молики Динор:

-Қаердан биласан?-деб сўради.

Йигит деди:

-Беш йилдирки, менга Аллоҳнинг раҳматидан бенасиб эканлигим ҳақидаги хабарни етказишади. Гуноҳимдан тавба қилиб зорланишим фойда бермаяпти. Мен беш йил бурун ичкиликдан маст бўлиб, тасодифан, отамга бир мушт туширдим. Унинг бир тиши синиб тушди. Ўшандан буён шу ҳужрада йиғлайман. Қиёмат кун ҳолим нима кечаркин, билмайман.

Шунда Молик ибн Дийнор:

-Ота-онанг қаерда?-деб сўради.

-Фалон ерда туришади. Аммо ҳозир отам Каъбани тавоф қилишга келган!-деди йигит.

-Бўлмаса, мен бориб, отангни топай, -деди Молик ибн Динор. Бориб кўрса, йигитнинг отаси синган тишини қўлига олиб, Каъбани айланар ва дер эди: “Эшитишимча ул осий Сенинг даргоҳингга келиб, ибодат қилар эмиш, агар Сен ул осийни ёрлақасанг, барча ота-оналар фарзандлари қўлида ҳалок бўлур”.

Молики дийнор бу сўзни эшитиб йиғлади ва отага деди:

-Эй Қария, ўғлингнинг ҳоли кўп ёмондирки, Аллоҳ даргоҳида кечаю-кундуз кечирим сўрайди, аммо мардудлик сабабли ибодатидан ҳеч нарса хосил бўлмаяпди. У сенинг норозилигинг туфайли фақат: “Бизнинг даргоҳимизда раҳматимиздан сенга насиба йўқдур!” деган хабарни эшитади.

Ота Молики Динордан бу сўзни эшитир экан, яратганнинг раҳмати билан оталик меҳри жўшиб кетди. Сўнг дуо қилиб: “Эй бор Худоё, энди уни авф қилдим, сен ҳам ўз камоли қудратинг билан уни кечиргин”, -деди.

Молики Динор йигитнинг олдига қайтиб, уни отасининг олдига олиб бориб. Бунда эса йигитнинг ўзи айтганидай бўйнига арқон солиб етаклади. Ота ўғлини бу ҳолда кўриб, дарҳол бўйнидан арқонни олди ва унга:-Ўғлим, сендан мен розиман, Худо хам сендан рози бўлсин!-деди.

Ҳа фарзанддан ота –она рози бўлмас экан Худо ҳам рози бўлмайди. Бундай фарзандни Аллоҳ ўз раҳмати ва мағфиратидан насибадор этмас! Буни яхши билгани учун ҳам Молики Динор ишни ҳалиги йигитнинг отасини излаб топишдан бошлади. Агар дунёда ана шундай тақводор аҳли илмлар бўлмаганида эди, ҳалиги йигитга ўхшаганлардан қанча-қанчасининг икки дунёси барбод бўлиб кетарди. Йўқ, меҳрибон Аллоҳ бизга ўз йўлчи юлдузларини ҳамиша йўллаб туради.

Ҳикоямизда ота –боланинг жонига оро кирган зот ҳам ўз замонасининг ана шундай йўлчи юлдузларидан бири эди. Илм аҳлига Молик ибн Дийнор номи билан танилган Абу Яҳё Молик ибн Динор машҳур авлиёларнинг катта саййиди, художўй алломалар билимдони ва ишончли тобеъинлардан бири бўлиб, Басранинг ўша пайтдаги машҳур зоҳидларидан ва китоб ёзишда кўзга кўринган таниқли кишилардан эди. у дини исломга кўп ҳисса қўшган етук ва хос олимлардандир. кўплпб саҳобалар ичида ўсиб улғайган Молик ибн Динор улардан ибрат олиб улғайди ва бутун умри давомида уларга ўхшашга ҳаракат қилди. Алал оқибат кўп жиҳатлари билан уларга ўхшай олди ҳам.

Ишончли ривоятларга кўра, Молик ибн Динорнинг туғилиши саҳоба Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) ўғли Абдуллоҳ туғилган кунга тўғри келган. Анас ибн Молик ва яна кўплаб саҳобалардан (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилинган бу ривоятни Аҳнаф ибн Қайс, Саъид ибн Жубайр, Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрий, Қосим ибн Муҳаммад каби кўплаб машҳур тобеъинлар сўзлаб беришган. Нисоий ва ундан бошқа ривоят қилувчилар бу ҳабарни ишончли санашган бўлса, Бухорий бу воқеанинг аниқлигига гувоҳлик бериб, бу ҳадисни ҳасан даражасига кўтарган.

Моликнинг отаси Динор Сижистонда асирга тушганлардан эди (Бошқа бир ривоятда келишича, Сижистонда эмас, балки Афғонистоннинг Қобул шаҳрида асир бўлган дейилади). Ибн Хаббоннинг ишончли хабар келтиришича, Моликнинг отаси Динор қалам ҳақи эвазига китоблар кўчирадиган ва номалар ёзадиган ва фақат қалам ҳақи эвазигагина тирикчилик қиладиган тақводор кишилардан бўлган. Шунингдек, у ҳеч бир хушбўй, ёқимли нарсалардан емай оби ёвғон билан кун кечирувчи, дағал йиртиқ –ямоқ кийимлардан бошқасини киймаган ўта даражада сабрли кучли камбағал қуллардан бири эди.

Энди бу гапларни Моликнинг ҳаёти билан таққосласак, унинг ҳам отаси Дийнордаги барча сифатлар билан сифатланганлигига шоҳид бўламиз. Бунинг учун эса у ҳақдаги ривоятларга мурожат қиламиз.

МОЛИК ИБН ДИНОРНИНГ ТАОМЛАНИШЛАРИ.

Жабир ибн Зайд бир куни Молик ибн Динорнинг ҳузурига кирганида уни мусҳафни кўчираётган ҳолида кўриб, деди: “Эй Молик нима бўлди сенгаки, фақат шу иш билан шуғулланасан-Аллоҳнинг китобини кўчирасан? Сенга бошқа касб йўқми?” Шунда Молик ибн Динор: “Аллоҳга қасамки бу ҳалол касбдур”,-деди.

Молик ибн Дийнор ҳақида Жаъфари Сулаймон шундай дейди: “У Қуръонни 4 ойда кўчириб бўлди. Кейин унинг ҳаққини талаб қилди. Ва қилган ишининг хизматидан таомланди.

Усмон ибн Иброҳим айтади: “Молик ибн Динор ўз дўстларидан бўлган бир кишига: “Албатта мен қаймоқли сут билан оби нонни ейишни истаяпман”,-деди. У киши бу зотнинг истаган нарсасини олиб келиб берди. Шунда Молик ибн Динор оби нонни ағдариб қўйиб, унга назар солди, сўнгра шу келтирилган таомга қараб деди: “Мен сени 4 йилдан бери ейишни истадим. Бас, мен сенга шу кунгача ғолиб бўлдим. Ва сен менинг нафсимга ғолиб бўлишни хоҳлаяпсан.

Ривоят қилишларича, Молик ибн Дийнор Басранинг меваларидан емасдан 40 йил яшади. Фақатгина ўз меҳнати билан топган пулининг эвазига ҳаёт кечирди. Зеро, таом ейишда ҳалол-ҳаромига эътибор бериш лозим. Агар эътибор бермаса унинг ибодатидан фойда йўқ. Қолаверса биламизки, дуонинг ижобат бўлиши учун зарур бўлган 10 шартдан биринчиси ҳам луқманинг поклигидур. Яъни, агар луқма пок бўлмаса, кишининг дуоси умуман ижобат бўлмайди.

МОЛИК ИБН ДИНОРНИНГ СИЙРАТЛАРИ ВА ХУЛҚЛАРИ.

Молик ибн Динорнинг ҳаётларидан озгина ҳикоя қилган Ибн Саъид қўйидаги ишончли ривоятни айтади. Яъни, бир куни Басранинг волийси Молик ибн Динорнинг олдидан гердайиб ўтади. Шунда у волийга эшиттириб: “Бас, бу дунё озгинадур, холос”,-дейди. Моликнинг бу сўзини эшитган Волийнинг хизматкорлари унга хамла қилмоқчи бўладилар. Аммо волий уни ўз ҳолига қўйишларини айтади ва Моликка: “Сен мени кўриб туриб танимадингми?”-дейди. Аллоҳнинг мададига ишонган олим волийга танбеҳ бериб: “ Ким ҳам сени мендан кўра яхши танийди! Аммо сенинг аввалинг бир зарра ҳаром нутфа ва охиринг эса сасиган ўлаксадур. Кейин сен мана шу икки манзил ўртасида ўзингни уялтириб ва ўзингни хижолатга қўйиб уларни кўтариб юрасан (Яъни сен биз зикр қилган икки ҳолат ўртасида уятни кўтариб юрасан.)”, дея жавоб берди.

Басра волийси Молик ибн Динордан ҳаё қилган ҳолатда бошини энгаштирди ва синиқлик ҳолатида ортига бурилар экан, деди: “Молик ибн Дийнор ҳозир менга маърифат ҳаққини танитди. Яъни, менинг ким эканлигимни эсимга солди ва Аллоҳ олдида кўп осий бўлганлигимни билдирди”, деб йиғлаб юборди. Волийни ҳеч ким йиғидан тухта олмади. Ёнидагилар ҳам йиғидан ўзларини тухтата олмадилар. Ҳа азизлар! Олимлар сўзи қалбдаги кирларни ювадиган энг яхши ишқордир. Олимлар бу дунёнинг юзини ойнадай қилиб кўрсатади. Жаброил алайҳиссалом айтадилар агар ерда олимлар, қариялар ва ёш гўдаклар бўлмаганда эди. Аллоҳ ерни бунақа бўзғунчи кишилар дастидан юттириб юборган, бўлар эди дейди. Илмсиз жоҳил одам олимларни гўё ўзлари мисол киши деб билади. Ваҳоланки Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Олимнинг обиддан 700 даража фарқи бор деди. Ҳар бир даражанинг ораси 500 йиллик йўл дедилар”.

Моликнинг хулқлари Қуръон ва Суннат эди. Доим хулқлари жамил бўлиб, зохиран одамларни ўзига тортиб, ислом арконларидан кишиларга таълим берарди. Ҳаммага очиқ табассум билан қарар, бутун вужудида ислом нишонаси ярқирарди. Ҳатто Расулуллоҳнинг буюк саҳобаларидан бўлмиш Анас ибн Молик ҳам у зотнинг савлатини, виқорини, тақвосини хулқининг чиройлилигини ва илмининг комиллигини кўриб унга кўп дуо қилган. Бир ривоятда келтиришича Молик ибн Дийнор, Собит ва Язийд Аррақошийлар Анас ибн Моликнинг олдига кирадилар. Шунда Анас ибн Молик уларга қараб:

“ Мен сизларни Муҳаммаднинг(солаллоҳу алайҳи васаллам) асҳобларига ўхшатаяпман. Сизлар менинг бир нечта фарзандларимдан ҳам суюклироқдирсизлар. Фарзандларим фазли бўлса сизларникидайдур. Албатта, мен сизларнинг ҳақларингизга саҳар вақтида дуо қиламан”,-дейди. Улар ўз фазилатлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 10 йил яшаган кишини ҳам хурсанд қилишга муяссар бўлди. Дин бир бўлган мусулмон аҳли! Агар амал қилишда ўзларингизни саҳобаларга ўхшатсангиз гўё шу зотлардан фарқингиз бўлмайди. Мана ўзингиз бу ҳабарга гўвоҳ бўлдингиз.

МОЛИК ИБН ДИНОРНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ.

Молик ибн Динорнинг ишончга сазовор одам эканлигига гўвоҳлик берган Дару-Қутни ишончли ҳадисларни ривоят қилишда унга бошқалар ета олмайди, дейди.

Сулаймон ут-Таёмий эса “Мен Молик ибн Дийнордан кўра зоҳидроқ бирор бир кишига етмадим, деган. Бир ривоятда келишича, кунлардан бирида Моликнинг уйига ўғри кирди ва ўғирлашга ҳеч нарса топа олмади. Шунда Молик уни тутиб олиб: “Сен дунёдан ҳеч бир нарсани топа олмадинг. Аммо охиратдаги нарсага қизиқмайсанми?”деди.

-“Ҳа мен ҳам охиратдаги нарсаларга қизиқаман”,-деди ўғри.

Молик ибн Динор унга: “ Унда тез таҳорат ол ва икки ракат намоз ўқи”,-деди.

Ўғри Моликнинг айтганларини сўзсиз бажарди. Кейин улар биргаликда масжидга чиқишди.

Кейинчалик Моликдан ўғри билан бўлиб ўтган воқеа ҳақида сўрашганда у: “Ўғри бизнинг нарсамизни ўғирлаш учун келганди, биз унинг ўзини ўғирлаб қўйдик”,-деб жавоб беради.

Бошқа бир воқеъани Обид Бакр ибн Муҳаммад қуйидагича ривоят қилади. Яъни: Молик ибн Динор бир куни Басра волейсининг олдига киради. Шунда волий Молик ибн Дийнорга ўзининг ҳаққига дуо қилишин сўрайди. Молик ибн Дийнор эса: “Қанча –қанча мазлум кишилар сенинг эшигинг олдида ҳаққинга дуо қиламан деб кутиб ўтиришибди. Сен уларнинг ҳожатларини чиқариб, уларнинг дуосини ол. Мазлумлар дуоси мустажобдир”,-дейди.

Молик ибн Динорнинг ўгитлари.

Мен ҳар бир гуноҳнинг аслига қарадим ва уни мен молу дунёни яхши кўришдан топдим. Ким ўзидан молу дунёни яхши кўришни йироқ қилса, ҳақиқатда унинг бутун вужуди роҳат топибди.

Рост ва ёлғон қалбда талашиб тортишади. Ҳатто шу даражага борадики, уларнинг бири ўз соҳибини у ердан ҳайдаб чиқаради. (Яъни: охир-оқибат қалбда ростгўйлик ёки ёлғон абадий қолишга эришади).

Шарҳ: Қалб сўзи араб тилидан олинган бўлиб унинг маноси алмашиб турувчидир. Қалб яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам алмашиб кетаверади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ) доим: Эй Аллоҳим бизнинг қалбимизни ўз динингга ва тоатингга бургин”, деб дуо қилардилар. Демак, биз ҳам доимо қалбимизнинг ёмонликка оғишидан қўрқиб туришимиз ва ушбу дуони кўпроқ айтиб юришимиз керакки, бу суннатдир.

Агар қалбда ҳузн (хафалик) бўлмаса у қалб харобдир. Худди агар уйда тинчлик бўлмаса у уй хароб бўлгани каби.

Агар итнинг олдига тилло ва кумушни ташласангиз уни танимайди (унинг қадр қиматини билмайди). Ва агар итнинг олдига суякни ташласангиз, уни ғажийди ва еб қўяди. Сизларнинг аҳмоқларингиз худди ҳақни танимайдиган итга ўхшайди.

Тақводор уламо аброрлар учта нарса орқали ўз мақсадларига эришганлар:

1.Тилни тийишлик.

2.Истиғфорни кўпайтиришлик.

3.Гуноҳлардан узлат қилишлик.

Тошкент ислом институти кабинет мудири

Урол Назар Мустанов тайёрлади

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг