Муфтий ҳазратлари Каттақўрғондаги “Қаландархона” жоме масжидида бўлдилар

0
49

18 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухоро вилоятига сафарлари якунланиб, Самарқанд вилояти бўйлаб давом эттирилди.
Мутасаддилар Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Каттақўрғон туманидаги “Қаландархона” жоме масжиди фаолияти билан танишдилар.
Маълумки, Каттақўрғон туманида жойлашган “Қаландархона” жоме масжидида намозхонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, сўнгги йилларда қурилиш ишлари жадал суратларда амалга оширилмоқда. Муфтий ҳазратларининг Самарқанд вилоятига ташрифлари доирасида “Қаландархона” жоме масжидида амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишдилар, намозхонлар учун яратилаётган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар ва ўзининг бир қатор маслаҳат ва тавсияларини бериб ўтдилар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу жоме масжидда намозхонлар билан бўлиб ўтган мулоқотда муҳтарам Президентимиз бошчиликларида барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганига урғу бериб, мана шундай улуғвор ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизни рози қилиш ҳамда аҳоли манфаатларини таъминлаш эканини алоҳида қайд этдилар.
Муфтий ҳазрат сўзларида давом этиб, бу кунларнинг қадрига етиш, Давлатимиз Раҳбари ташкил этиб бераётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдириш, Парвардигорга ҳамду санолар айтиш ва дуолар қилиш даркорлигини сўзладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати