Муфтий ҳазратлари Олий маъҳаднинг янги бунёд этилаётган иншоотлари билан танишдилар

0
40

Бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир гуруҳ мутасаддилар Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Тошкент ислом институтининг ўқув хоналарига бўлган эҳтиёжни тўла таъминлаш мақсадида, мавжуд асосий бинони реконструкция қилиш, янги 3-қаватни қуриш ишларининг боришини муфтий ҳазратлари кўздан кечирдилар. Қурилиш ишларини миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура талаблари асосида олиб бориш, аудиторияларни кенг ва ёруғ бўлишига эътибор қаратиш, қурилиш ишларида қишнинг совуқ ва ёзнинг иссиқ кунларини ҳам инобатга олишга урғу қаратдилар. Шунингдек, асосий бино пештоқи ва деворларига Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлардан намуналар ёзишни ҳам муфтий ҳазратлари алоҳида қайд этдилар.
Маълумот ўрнида, институтнинг асосий биносига қўшимча равишда 15 та талабалар ўқув аудиторияси, 1 дона мажлислар зали, кутубхона, 1 дона ўқитувчи ва талабалар ошхонасини жойлаштирилиши режалаштирилган.
Муфтий ҳазратлари ушбу ўқув даргоҳи ҳудудида қад ростлаётган 4 қаватли бинода бўлаётган қурилиш жараёнларини ҳам кўздан кечирдилар. Ҳозирда мазкур бинонинг ички ва ташқи томонларида пардозлаш ишлари давом эттирилмоқда. Қайд этиш керакки, ушбу бинода 30 ўринлик таҳоратхона ва 30 та хонадан иборат талабалар турар жойи – ётоқхона ва бошқа қўшимча хоналар жойлашади.
Садақаи жория ҳисобланмиш мана шундай ишларга ҳисса қўшиш, амалга ошириш ва иштирокчиси бўлиш нақадар улуғ савобли амал эканини муфтий ҳазратлари изоҳладилар. Шунингдек, келгусидаги режалари ҳам бисёр эканини баён этдилар.
Ташриф сўнгида муфтий ҳазратлари мазкур қурилиш ишларида фаоллик кўрсатган Тошкент ислом институти ректори Уйғун домла Ғофуров, проректорлар, ишчи-ходимлар ва уста-муҳандислар ҳаққига дуои хайрлар қилдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати