Муфтий ҳазратлари Қозоғистондаги муҳташам масжид очилишида иштирок этдилар

0
23

Бугун, 29 ноябрь жума куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбой ҳожи Ораз жаноблари таклифига биноан Туркистон вилояти Сариоғоч тумани Иттифоқ маҳалласида янги бунёд этилган улкан жоме масжид ва мадрасанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этдилар.
Тарбир Қуръони карим қироати ва эзгу дуолар билан бошланди.
Ушбу йирик жоме масжид ва мадрасанинг очилиш маросимида қўшни давлатлар муфтийлари, таниқли дин ва давлат арбоблари, бош имом-хатиблар ва кенг жамоатчилик қатнашди.
Мазкур мажмуа Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ҳомийлигида барпо этилган бўлиб, у ўз бағрига 10 минг нафар намозхонни сиғдира олади. Шунингдек, унинг таркибида ўрта-махсус ислом билим юрти – мадраса, ўқув хоналари ва ошхона ҳам мавжуд.
Шу куни Қозоғистоннинг турли минтақаларидан минглаб намозхонлар ташриф буюриб, жума намозини уламолар билан бирга адо этиш шарафига муяссар бўлдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати