Мянмадаги аянчли вазият. Золимларга Аллоҳ кифоя қилсин

0
844

Роппа роса бир ҳафта олдин бошланган Мьянмадаги ҳукумат кучлари ва мусулмон-роҳинджалар ўртасидаги зиддиятлар натижасида 3000 киши ҳалок бўлди. Ваҳоланки, бир инсоннинг ноҳақ ўлими киши қалбини ташвишга солади. Бутун бошли шаҳар аҳолисига тенг халқнинг қирилиб кетаётганлиги жаҳон афкор оммасини ташвишлантирмаяптими? Бундай қонли тўқнашувларга барҳам бериш йўлида нималар қилиняпти ўзи? 

Зиддият тарихига бир назар

XV асрда Буюк Британия флотилияси Ҳинд океани ҳавзасига кириб келган бир даврда, роҳингя халқи Аракан водийсида кенг ёйилганди. 1826 йили инглизлар Аракан ҳудудини аннекция қилиши билан водийга кўплаб роҳингяларнинг кўчиб келиши бошланди. Даставвал, 1869 йилда водий аҳолисининг 5 фоизини мусулмонлар ташкил қилган бўлса, 1911 йилга келиб, уларнинг сони 178 мингдан ортди.

Кейинчалик, Буюк Британиянинг ҳинд ерида олиб бораётган «бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!» сиёсати самара бермай қўйди. Мустамлака ерларнинг мустақиллик учун кураши авж олди. Шу орада, яъни 1942 йили Аракан буддистлари, роҳинджа мусулмонлари ва инглиз қуролли кучлари ўртасида жиддий тўқнашув бўлиб ўтди.

1948 йил Бирма (ҳозирги Мьянма) давлати ўз мустақиллигини эълон қилди, аммо роҳинджа жамоаларини ўз фуқаролари таркибига киритмаслигини билдириб, кескин сепаристик ҳаракатни бошлаб берган.

Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти билан шуғулланиб келган халқаро ташкилотлар, БМТ, минтақа мамлакатлари ультра миллатчилик руҳида роҳингяларга тажовуз қилиниши йўл қўйиб келган Мьянма ҳукумати қаттиқ танқидга остига олинган.

2012 йили роҳингя аъзоларининг бири томонидан зўрланган рохина (буддист) аёли ва буддистлар томонидан 10 мусулмон қатл этилиши катта жанжални бошлаб берди. The Economist нашрининг ёзишича, ҳукумат роҳингя жамоасининг ситамларга маҳкум бўлишига бепарво бўлиб, миллатчи буддистларни бепул тушлик ва транспорт билан таъминлаб турган.

Охирги зиддият юзлаб ҳарбийларнинг мусулмон қишлоқларига жўнатилиши билан бошланди.

Зиддиятлар бир неча ҳафта олдин юзлаб ҳарбийларнинг мусулмон қишлоқларига жўнатилиши билан бошланди. Ҳарбий қўшин бу қишлоқларга “буддавийларнинг ўлдирилиши” баҳонасида ташланган. Маълумки, яқин ойларда қайта кучайган мусулмонларга қарши тазйиқларга жавоб ўлароқ Мьянма ўрмонларида ҳукуматга қарши Аракан Роҳинжа Нажот Қўшини (ARSA) тузилган эди. Жума куни 150 атрофидаги мусулмон жангчилар ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумлар уюштирган. Тўқнашув натижасида 77 нафар мусулмон ва 12 нафар Мьянма ҳукумати ҳарбийи вафот этган.

Бу тўқнашувлардан сўнг, ҳарбийларнинг тинч аҳолига нисбатан ваҳшийликлари давом этган. Европа Роҳинжа Кенгаши аъзоси Анита Шуг Анадолу агентлигига берган маълумотга кўра, Мьянмада шанба кунидан бери 2000 нафардан 3000 нафаргача мусулмон қириб ташланган. Қурбонларнинг аксари чегарада қочиб ўтаётганда ҳарбийлар томонидан ўққа тутиш натижасида ҳалок бўлган. Бу хабарни Бангладеш Чегара Хизмати раҳбари Манзурул Ҳасан Хон тасдиқлаган. «Улар аксари аёллар ва болалардан иборат бўлган, чегарани кесиб ўтаётган мусулмонларни кутилмаганда ўққа тута бошлади. Улар биз билан маслаҳат қилгани йўқ», — дейди Ҳасан Хон.

Маҳаллий манбаларнинг хабар беришича, 25 августдан буён 90 дан ортиқ қонли тўқнашувлар содир этилган, бунинг натижасида 27 мингдан ортиқ Роҳинджа қочқинлари таъқиблардан қочиб Бангладеш чегараларини кесиб ўтган. 

Шу билан бирга Наф дарёсида қирғоқдан ўтишга уринишда 40 га яқин киши, шу жумладан, аёллар ва болалар ўлдирилган.

Роҳинжалар ким?

Роҳинжа — этник келиб чиқишига кўра,  Бенгалий мусулмонларидан бўлиб,  ХIХ-ХХ аср бошларида Британия мустамлакаси остидаги  Ракҳине (Аракан) штатига кўчиб ўтган аҳоли ҳисобланади.

Тахминан бир миллиондан ортиқ мусулмонлар Ракҳине штатининг аҳолисининг аксарият қисмини ташкил қилади, аммо жуда кам одамлар Мянмар фуқаролигига эга. Расмий органлар ва буддавий халқ  Роҳинжаларни Бангладешдан қочиб ўтган ноқонуний муҳожирлар деб ҳисоблашади. Роҳинжа мусулмонлари дунёда энг кўп тазйиққа учраган этник гуруҳ сифатида эътироф этилади.

Мусулмонлар яшайдиган Ракхайн штати чор атрофдан ҳукумат ҳарбийлари томонидан қўриқланади ва ҳудудга журналист ва кузатувчиларнинг кириши тақиқланган. Мьянма ҳукумати инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатларини ўрганиш учун жўнатилган БМТ миссиясини ҳам Ракхайн штатига киришига рухсат бермаган.

Ўтиб бораётган ҳафта Мьянмада истиқомат қилувчи кам сонли роҳингя жамоалари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга ўт қўйилди.

Жаҳон жамоатчилигининг муносабати

  • Америка Қўшма Штатлари Мьянма ҳукуматидан халқаро қонун меъёрларини ҳурмат қилишни ва оддий халққа ҳужум қилмасликни сўради.
  • БМТнинг АҚШ давлати бўйича вакили Никки Хейли хонимнинг 31 август кунги баёнотида айтилишича, Мьянма хавфсизлик кучлари халқаро меъёр қонунларининг таъминлашга масъул бўлиб, бегуноҳ фуқароларнинг ҳужумга учрашини олдини олиш, инсонпарварлик соҳасида ишловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва муҳтожларга ёрдам етказишга кўмаклашиш учун масъул эканини билдирди.
  • Инсон ҳуқуқлари бўйича Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг хабар беришича, Ракхайн вилоятидаги ўн минтақада ёнғин содир бўлган. Бунда Мьянма қуролли кучлари томонидан мусулмонлар қишлоғи ёқиб юборилган.
  • Британиянинг БМТдаги вакили Мэтью Райкрофтнинг айтишича, хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари Мьянмадаги барча томоннинг зўравонлик қилишини қоралаган.
  • Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Мьянмада содир бўлган гуманитар инқироз борасида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан телефон орқали амалга оширилган мулоқотида Мянмадаки инқироз янада чуқур илдиз отмасдан БМТнинг шошилинч чора-тадбирлари ҳамда халқаро жамоатчиликнинг амалий ҳаракатлари ўта муҳим эканини таъкидлади.

Бегуноҳ мусулмонларга ҳужум – қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат

Эрдўған, Рахайн вилоятининг шимолида 25 август куни кечқурун юзага келган қарама-қаршиликлар баҳонасида хавфсизлик кучларининг айбсиз Роҳинжа мусулмонларига ҳужумлари ҳамда тинч аҳолига нисбатан номутаносиб шаклда куч ишлатилиши қабул этиб бўлмайдига ҳолат эканини қайд этди.

  • Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ҳам Мьянмадаги мусулмонлар дучор бўлган воқеа ҳақида гапириб, ҳар қандай кўринишдаги зулмни қоралаган. Бу ҳақда Эроннинг расмий сайтида эълон қилинган.
  • Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Мьянмада мусулмонларнинг катта босим остида қолаётганида ҳукумат айбдор, деган фикрни илгари сурмоқда.

«Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мусулмонлар қатлиоми ўтказилаётган Ракхайн шаҳрига киритилмаяпти. Лекин 50 миллиондан ортиқ аҳолиси бор, улардан 90 фоизи буддавийликка эътиқод қилувчи мамлакат ҳарбийлари махсус машиналарда шаҳар ичига кириб бормоқда. Сиёсатчи ва давлат раҳбарларининг бу ҳолатга муносабати, уларнинг бефарқлиги ёки эътиборсизлиги билан ўлчанмоқда», дейди Қодиров.

Кейинги чиқишида Р.Қодиров мусулмонларининг оммавий қирғинига қуйидагича муносабатини билдирган:

«Агарда ҳаттоки Россия бугун жиноятларни амалга ошираётган шайтонларни қўллаб-қувватлайдиган бўлса, мен Россиянинг позициясига қаршиман. Сабаби менда ўз позиция, ўз қараш бор», — деди у.

Шу билан бирга, унинг ишонч билдиришича, ҳеч ким «қотиллар ва зўравонларни» қўллаб-қувватламайди.

  • Индонезия президенти Жоко Видодо Мьянмага ўзининг махсус вакили, ТИВ раҳбари Ретно Марсудин юборди. Вазир бу ерда мусулмон миллий камчилиги – роҳингя билан боғлиқ вазиятни ҳал этиш масалаларини муҳокама қилади.

Президент баёнотида таъкидланишича, «вазир Нейпидода жиддий маслаҳатлашувларни ўтказади». ТИВ раҳбари Мьянма ҳукуматини зўравонликларга барҳам бериш ва олдини олиш ҳамда мамлакатнинг барча фуқаролари, шу жумладан мусулмонларни ҳимоя қилиши кераклигига ишонтириши керак.

Ҳукумат Рокҳайн штатига БМТ гуманитар ёрдамини тўсиб қўйди

Мьянма ҳукумати БМТ инсонпарварлик ёрдамларини кўрсатувчи ташкилотларга Рокҳайн шимолидаги минглаб инсонларга гуманитар юкларни етказиб беришга тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Британиянинг Guardian газетаси ёзмоқда.

Мьянма ҳарбийлари ва хавфсизлик кучлари Рокҳайн штатида истиқомат қилувчи роҳингя мусулмонлари орасидаги жангариларга қарши амалиёт ўтказмоқда.

«БМТ гуманитар ёрдамлар етказишни имкон қадар тезроқ қайта бошлаш учун ҳукумат билан қалин алоқада», — дейишган ташкилот қароргоҳида. Қайд этилишича, штатнинг бошқа ҳудудларига ёрдамларни етказиб беришга йўл қўйилмоқда. ЮНИСЕФ, БМТ жамғармаси ва БМТ қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси вакиллари эса штатнинг шимолий ҳудудларида ҳеч қандай иш олиб бормаган. Ҳукумат, шунингдек, визалар тақдим этишни ортга суриш орқали халқаро ходимлар келишини рад этаяпти.

Сурия, Ироқ давлатларидаги қирғинбаротлардан сўнг яна мусулмонлар, умуман инсоният бошига оғир кунларнинг келиши изтиробга устига аламдир. Бу тариқа адоват ва зўравонликнинг авж олишига кўксида виждони бор киши бефарқ бўла олмайди. Аллоҳ таоло ёмонларга Ўзи кифоя қилсин, тинч аҳолини, мусулмонларни Ўз ҳимоясиго олиб, нотинч ҳудудларга Ўзининг энг улуғ неъмати — осойишталикни ато этсин!

ОАВ манбалари асосида З.Содиқов тайёрлади.

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг