Нажот ёхуд фалокат масаласи…

0
49

Ҳар йили 1 июнь жаҳон миқёсида болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида кенг нишонланади. Байрам арафасида фарзанд тарбиясига оид турли мақолалар, телекўрсатувлар, радиоэшиттиришлар эълон қилинади. Интернет сайтларида мавзуга доир қизиқарли фактлар пайдо бўлади. Бу яхши, албатта.

Лекин фарзанд тарбияси билан бир кун эмас, бутун йил давомида шуғулланиш керак. Фақат тилда эмас, амалда жажжи қалб эгаларига намуна бўлишимиз зарур. Бола тарбияси – ўта мураккаб, серқирра ва турли босқичларда давом этадиган жараён. Бу жараённинг илк босқичи ҳали туғилмаган фарзандга муносиб она танлаш орқали ҳосил бўлади. Бу «Пушти камарингиз учун муносиб она танлангиз», деган муборак ҳадисда ўз аксини топган.

Оила қурилар экан, ота-онанинг ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор қаратилади. Сабаби, улардаги хислат, фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.

Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож бўлади. Яъни овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига таянади. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса яқин қариндошлари амалга ошириши вожибдир. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга эҳтиёж сезадилар. Бу ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўта болажон зот эдилар. Набираларини кўпинча елкаларига опичиб олардилар. Уларни суйиб ўпардилар. Улар билан ҳазил-мутойиба тариқасида ўйнардилар. Ривоятларда келадики, Набий алайҳиссалом оғизларини сувга тўлдириб олиб, набираларининг юзига пуркаб у билан ўйин қилардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳазрат Алининг ўғли Ҳасанни ўпдилар. Шунда ўша ерда ўтирган Ақраʼ ибн Ҳобис Таймий: «Менинг ўн нафар болам бор, уларнинг бирортасини ўпмаганман», – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бир нигоҳ ташлаб қўйдилар ва: «Ким меҳрибонлик қилмас экан, меҳрибонлик кўрмайди!» – дедилар».

Мурғак болаларни қилган арзимас хатолари туфайли қаттиқ жеркиб, камситиб уришиш Аллоҳ берган омонатга хиёнатдир. Айрим кимсалар фарзандлари коса ёки пиёлани синдириб қўйса, шундай уришадиларки, бор аламларини фарзандларидан оладилар. Аламзада фарзанддан келажакда элу юртга, жамиятга, Ватанга катта манфаатлар етадиган, халқимизни дунёга танитадиган машҳур ва комил инсонлар чиқиши даргумон. Негаки, ёшлигида меҳрга тўймаган, ота-онасидан фақат камситувчи гаплар эшитган боланинг руҳияти, замонавий ибора билан айтганда, психикаси бузилади. Ундай болада ўзига нисбатан ишончсизлик ҳисси пайдо бўлади. Ҳар доим бирон нарса қилмоқчи бўлса, кўз ўнгида ота-онам уришади деган тўсиқ пайдо бўлаверади. Расм чизиш, ижод қилиш, китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш каби нарсаларга қизиқмайди.

Фарзандларимиз ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етишлари учун уларнинг қобилият ва иқтидорларини Томас Эдисоннинг онаси каби кашф қила билишимиз керак. Биласиз, ўта нўноқ, қобилиятсиз болакай Томаснинг онасининг бир оғиз ширин сўзи уни юксак иқтидор соҳиби сифатида бутун дунёга танитди. Бугун биз фойдаланадиган лампочкани ҳам Томас Эдисон ихтиро қилган.

Қобилият ва туғма талант кўп инсонларга Аллоҳ томонидан бериладиган туҳфа ҳамда инсон вужудининг ич-ичига, туб-тубига экилган яширин бир уруғдир. Бу уруғ парваришланса, униб-ўсиб мева беради. Ташлаб қўйилса, сўлиб, нобуд бўлади.

Тадқиқотларга кўра, гўдаклар орасида беш ёшгача бўлганларининг 90 фоизи қобилият ва иқтидорли бўлар эканлар. Шу боис болангиз бирон нарсани чизиб кўрсатса ёки шеър айтиб берса, сиз уни бир оғиз ширин сўз билан мақтаб, кўнглини кўтариб қўйсангиз, шунинг ўзи боланинг ҳис-туйғуларини жунбишга келтириши, унинг аълочилардан бўлишига туртки бўлиши мумкин.

Вақти-соати билан кундалик дафтарларини текшириб, ўқитувчилари билан ҳам фарзандингизнинг ўқишдаги аҳволи ҳақида сўраб-суриштириб туринг. Фарзандингизга ўзингиз ҳам у бу нарсаларни ўргатиб туринг. Уй вазифаларини тайёрлашда кўмак беринг.

Тарбияли, одоб-ахлоқли, ватанпарвар – маънавиятли бўлиш учун бир кун эмас, йиллар керак. Фақат мактаб эмас, бу борада, оила, маҳалла ҳам тенги йўқ куч эканини эсдан чиқармаслик зарур. Дарсдан кейин болалар тарбияси асосан улар қарамоғида бўлади. Ёшлар ўртасидаги ўзаро муносабат, ҳуқуқбузарлик, кийиниш маданиятига эътиборсизлик, оилалардаги салбий ҳолатларнинг олдини олишга мазкур тарбия ўчоқлари ҳам бефарқ бўлмасликлари лозим.

Улуғ аждодларнинг муносиб баркамол авлоди деганда, кўз олдимизга юксак маънавиятли, ўзлигини яхши англаган, қадимий тарихимиз ва бой маданиятимиз, улуғ аждодларимизнинг меросини чуқур ўзлаштирган, бугунги тез ўзгараётган ҳаёт воқелигига онгли қараб, мустақил фикр юритадиган ва диёримиздаги барча ўзгаришларга дахлдорлик туйғуси билан яшайдиган, ноёб инсоний фазилатларга эга, жисмонан ва ақлан етук, иродаси бақувват, имон- эътиқоди бутун, руҳан пок, қалби улуғ ишларга чорлайдиган, элим, Ватаним деб яшайдиган, миллий ғоя ва миллий қадриятларимизнинг маъно-моҳиятини чуқур англаган, етук дунёқарашга эга бўлган чин инсон гавдаланади. Албатта, бундай баркамол авлод Ватан, халқ манфаатлари йўлида эзгу ишларни амалга оширишда барчага намунадир.

Маълумки, ёш авлодни баркамол вояга етказиш ва турли зарарли одат ва таъсирлардан, мафкуравий хуружлар, мутаассиблик балоларидан эҳтиётлаб сақлаш, шу жумладан, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик офатларидан асраш ҳозирги замоннинг энг долзарб масаласи экани ҳаммамизга. яхши маълум. Зеро, ақл ва танани муҳофаза қилиб, уни эҳтиётлаб сақлаш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Шундагина инсон Аллоҳ ва Унинг расули ҳамда иш раҳбарлари амрига итоат қиладиган, иродали, ақлли, соғлом, одоб-ахлоқли, жисмонан баркамол, динига ҳимматли, ўз халқига фидокор, жамият манфаатини кўзловчи, она-Ватанни севувчи ва ардоқловчи, ҳаммага баробар яхшиликни раво кўрувчи, масъулиятни тўла ҳис қилувчи комил инсон бўлиши мумкин.

Дилбандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига ўз тарихи, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муборак ислом дини анъаналарига содиқ қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли инсон ҳаёда ўз ўрнини топиб олади. Китоблардан, устозлардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур.

Мухтасар айтганда, ёшлар ўртасида маънавий тарбияни янада мустаҳкамлашимиз, тарғибот-ташвиқот ишларида йигит-қизларнинг бугунги дунёқараши, билими, хабардорлик даражаси ва албатта, қизиқишлари, талаб-эҳтиёжларини тўла ҳисобга олишимиз муҳим. Чунки улар – миллатнинг келажаги, бугунги бунёдкорлик ишларимизни эртага ишонч ва эътиқод билан давом эттирадиган, янги юксак марраларни эгаллайдиган ворисларимиздир.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Манба: uza.uz