НАМОЗДА ОСМОНГА НАЗАР СОЛИШ ВА АЛАНГЛАШ

0
42

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ : مَا بَالُ أَقْوَامٍ يَرْفَعُونَ أَبْصَارَهُمْ إِلَى السَّمَاءِ فِي صَلَاتِهِمْ! فَاشْتَدَّ قَوْلُهُ فِي ذَلِكَ حَتَّى قَالَ: لَيَنْتَهُنَّ عَنْ ذَلِكَ أَوْ لَتُخْطَفَنَّ أَبْصَارُهُمْ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ. وَلَفْظُ مُسْلِمٍ: لَيَنْتَهِيَنَّ أَقْوَامٌ يَرْفَعُونَ أَبْصَارَهُمْ إِلَى السَّمَاءِ فِي الصَّلَاةِ أَوْ لَا تَرْجِعُ إِلَيْهِمْ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қавмларга нима бўлганки, намозда кўзларини осмонга қараб кўтарадилар!» дедилар. 

Сўнгра бу ҳақда сўзлари шиддатли бўлди ва: 

«Ё бу ишдан тўхтайдилар ёки кўзлари кўр қилинади», дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Муслим келтирган лафзда: 

«Ё қавмлар намозда кўзларини осмонга кўтаришдан албатта тўхтайдилар ёки кўзлари уларга қайтмайди», дейилган.

Шарҳ: Намоз вақтида осмонга қараш намознинг хузуъсини бузади, намозхоннинг хаёлини олиб қочади. Шунинг учун бу ишдан қатъий равишда наҳйи қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, агар намозда осмонга қарашни тўхтатмасалар, кўзлари кўр қилинади, деган маънодаги гаплари қаттиқ таҳдиддир. 

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар бу ишни ҳаром деганлар. Зоҳирий мазҳабнинг машҳур кишиларидан Ибн Ҳазм «Ким бу ишни қилса, намози ботил бўлади», деган. Лекин машҳури шуки, бу иш макруҳдир. Ушбу ҳадисга амал қилиб, намоз пайтида осмонга қарамаслик лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан