«Намозгоҳ» масжиди

0
558

Намозгоҳ масжиди ҳам Ҳазрати Имом мажмуаси таркибига киради. Қаффол Шоший мақбарасидан кирқ метрлар шимоли-шаркда жойлашган.

Мутахассислар фикрича, Намозгох, масжиди 1845-1865 йиллари Қўқон хони Худоёрхон даврида қурилган. Унда асосан жума ва ҳайит намозлари адо қилинар эди. Кундалик беш вақт намоз эса Мозорихон, Зарқайнар, Ёв, Ҳалимкўп каби эски маҳаллалардаги кичик масжидларда ўқилган.

Шариатга кўра, жума ва ҳайит намозлари шаҳардаги ёки маълум ҳудуддаги энг йирик масжидларда ўқилиши лозим. Намозгоҳ масжидида ҳам жамоат катта бўлган. Тошкент шаҳрининг тўрт даҳаси аҳолиси жума ва ҳайит намозларини Қаффол Шоший мақбараси ёнидаги ушбу масжидда адо этиб келишган. Намозхонлар кўплигидан имом домланинг овозини орқадагиларга эшиттириб турадиган мукаббирлар сони ҳам анчага етган.

Советлар даврида барча исломий осори атиқалар сингари Намозгоҳ, масжиди ҳам ҳароба ҳолига келтирилган эди. Бино бир қанча вақт турли миллат вакиллари учун ётоқхона ва автомобиль ҳайдовчилари тайёрлайдиган мактаб вазифасини ўтади. 1970 йили Намозгоҳ масжиди Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ихтиёрига берилди ва шу йили таъмир ишлари бошланди. Ҳастимомлик машҳур уста Насиб ота ва унинг ўғли уста Карим, уста Наим ёрдамида масжид биноси қайта тикланди. Марҳум муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ташаббуси билан 1971 йили Тошкент шаҳрида Имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади очилди. Янги ўкув даргоҳи айни шу Намозгоҳ масжидига жойлашди.

1975-1976 йиллари қўқонлик уста Мансуржон бошчилигида масжид ёнида институтнинг маъмурий биноси, кутубхона ва таҳоратхона қурилди.

1982 йили бу ерда ошхона ва мажлисхона, 1984 йили айвонли дарсхоналар тикланди.

Ушбу бинода 2006 йил охиригача Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ўттиз беш йил давомида ноқулай шароитда фаолият кўрсатиб келди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги таъмирлаш ва қурилиш ишлари натижасида Намозгоҳ масжиди ҳам асл қиёфасига қайтди.

Намозгоҳнинг ғиштли гумбази устига кўк кошинлар ёткизилди. Тепасига ўрнатилган ҳилоли ялтираб, бутун Истиқлол маҳалласига кўриниб туради. Икки ёғи узун айвонли хонақоҳда яна жамоат бўлиб ибодатни адо этса бўлади. Хусусан, Ислом институти талабалари учун жуда кулай. Ўймакор қилиб ишланган айвоннинг қатор янги ёғоч устунлари Намозгоҳ масжидига салобат ва кўрк бағишлаб турибди.

manba:qadamjo.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг