Намозимиз мукаммал бўлсин

0
630

Намоз — диннинг устуни, мўминнинг мункар ишларга нисбатан қалқони ҳисобланади. Бандалик билан қилган хатоларини ўчирувчидир. Бу жуда ҳам улуғ марҳаматдир. Кўплаб асарлар вориб бўлган бу ҳақда. Имом Бухорийдан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қиладилар:

عن أيي هريرة رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلعم يقول: «أرأيتم لو أن نهراً بباب أحدكم يغتسل منه كل يوم خمس مرات هل يبقى من درنه شيء؟ قالوا: لا يبقى من درنه شيء!! قال: فذلك مثل الصلوات الخمس يمحو الله بهن الخطايا» رواه البخاري.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Агар сизлардан бирингиз эшигининг тагидан оқиб ўтган анҳорда ҳар куни беш марта ювинса, у инсонда кир қоладими?” Йўқ, кири қолмайди, деб жавоб қилишди. “Беш вақт намоз ҳам худди шундай, Аллоҳ таоло у сабабли хатоларни ўчиради”, дедилар.

Лекин ҳамма намоз бу сифатга эга булавермас экан. Бу даражага эришиш учун намоз мукаммаллик билан, холисона ва бардавом ўқилиши лозим экан.

Зеро “Анкабут” сураси, 45-оятда келадики:

... إن الصلاة تنهى عن الفحشاء والمنكر…

«Албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур…”

Бу Аллоҳ таолонинг ваъдаси, лекин мана шу нуқтада кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта экани билинади. Агар намоз ўз ўқувчисини фоҳиша ва мункар ишлардан қайтармаса, унинг намози мукаммал бўлмайди. Чунки ҳақиқий холисона ўқилган намоз эгаси фаҳшу мункардан албатта қайтади.

Имом ибн Жарир Табарий Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:“Ким бир намоз ўқиса-ю, намози уни фоҳиша ва мункар ишлардан қайтармаса, у кишининг ўз намози ила Аллоҳдан узоқ бўлиши зиёда бўлади, холос”, деганлар.

Шу сабабли, аҳамиятли бўлган намоз ибодатига эътиборли бўлиб, унинг ҳамма фойдаларидан нафланишимиз лозим. Ўзимиз намозимиз сабабидан мункардан узоқлашиб, хатоларимиз ўчирилиши билан кифояланмаслигимиз керак. Зеро мусулмон киши ўз қўл остидагилардан масъуллиги ҳаммамизга маълум. Бу намоз ибодатига ҳам тегишлидир.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасининг 132-оятида айтади:

وأمر أهلك بالصلاة واصطبر عليها لا نسألك رزقا نحن نرزقك والعاقبة للتقوى

“Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир”.

Яъни, аҳлингни намозга буюр, бу ишда ўзинг ҳам сабрли бўл. Биз сендан бошқа нарса сўрамаймиз. Сени ризқлантирамиз. Энди шу берган ризқимизга шукр қилиб, намозингни ўқи ва намозга буюр. Чиройли оқибат топишлик фақат тақвога боғлиқдир.

Мусулмон инсон учун оиласи доимо аввалги ўринда туради. Уларга ҳамма пайт ҳеч ёмонлигу зиённи раво кўрмайди. Намоз ибодатидаям шундай. Уларни намозга буюриб, уни эслатиб туради. Барча ишдан аввал намоз эканини уларга тушунтиради ва ўзи ўрнак булади. Ўзини мункар ишлардан қайтарган намозни аҳлига ҳам раво кўради. Ўз хатолари ўчишига сабабчи бўлган ибодатга барча яқинлари киришишини умид қилади.

Зеро, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзларини энг сўнги васиятларида ҳам намозни кўп эслатганлар. Асҳоби киром розияллоҳу анҳум шундай бўлишган. Ҳатто Умар розияллоҳу анҳуга бомдод намозини имом бўлиб ўқиб бераётганиларида, суиқасд сабабли ҳушларини йўқотиб, сўнг ўзларига келганларидаги биринчи саволлари, “жамоат бомдод намозини охирига етказдими?”, бўлганлиги ривоят қилинган.

Намоз – ризқни жалб қилувчи, сиҳҳатни сақловчи, азиятни дафъ қилувчи, қалбни қувватлантирувчи, нафсни хурсанд қилувчи, кўнгилни ёриштирувчи, қалбни мунаввар қилувчи, неъматларни қўриқловчи, балоларни тўсувчи, баракани келтирувчи, шайтонни узоқлаштирувчи, Раҳмонга яқинлаштирувчи ибодатдир.

Барчамиз аҳлимизга намозни ўргатиб, унга буюриб ва ўзимиз намозхонликда уларга чиройли намуна бўлишимиз лозим. Шундагина Аллоҳ таолонинг ваъдасига мувофиқ, аҳлларимиз билан мункар ишлардан қайтувчи, хатолари ўчирилган ва чиройли оқибат соҳиблари қаторида бўламиз, иншааллоҳ.

Аббос Турсунов,

Тошкент шаҳар “Ҳасанхон қори” жоме масжиди имом ноиби

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг