Қалб ҳозирлиги ҳимматга боғлиқдир

0
32

Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.

«Қалб ҳозирлиги» деганда қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгаларидан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.

Намозда қалб ҳозир бўлиши омиллари

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маънони билиб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканини имкони борича билиб турсалар яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақшинкор жойлардан четланиш ва хаёлни олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ صَلَّى فِي خَمِيصَةٍ لَهَا أَعْلَامٌ فَقَالَ: «شَغَلَتْنِي أَعْلَامُ هَذِهِ، اذْهَبُوا بِهَا إِلَى أَبِي جَهْمٍ وَأْتُونِي

بِأَنْبِجَانِيَّتِهِ». رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нақшли хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг нақшлари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонийясини олиб келинглар», дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунё ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Ҳатто кўзини юмиб олса ҳам фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» дейилганда, «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо намозда дунё муҳаббатидан четланишга имкон борича ҳаракат қилиш керак.

2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳнинг таъзими У Зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби албатта ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.

«Руҳий тарбия» китобидан