“Гоҳо юзингизни (ваҳий кутиб) осмон бўйлаб, ўгириб туришингизни кўраяпмиз. (Хотиржам бўлинг) Сизни ўзингиз рози бўладиган қибла (Каъба) га (юз) ўгиртирамиз. Юзингизни Масжиди Ҳаром(Каъба) томонга буринг! (Эй мўминлар, сизлар ҳам) қаерда бўлсангизлар, юзларингизни ўша тарафга бурингиз! Аҳли китоблар бу – Парвардигорларидан (келган) ҳақиқат (илоҳий фармон) эканини яхши биладилар. Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир” (Бақарасураси, 144-оят).

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада Каъбага қараб намоз ўқир эдилар. Ҳолбуки, у пайтларда Каъба мушрикларнинг қибласи бўлган эди. Бироқ Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Каъбада ибодатларини “Мақоми Иброҳим” дейилган жойда қилардилар. Мақоми Иброҳим Қуддусга қараган эди. Бу ерда намоз ўқирканлар, Расули акрамнинг юзлари ҳам Каъбага, ҳам Қуддусга йўналарди. Чунки, Каъба Қуддус билан Пайғамбаримиз ўрталарида қоларди. Ҳижратдан уч йил олдин Маккада Қуддусга қараб намоз ўқила бошланди. Мадинадаги илк мусулмонлар ҳам намозларини Қуддусга қараб ўқишди. Ҳатто, Қубо масжиди қибласи ҳам Қуддус томонга қараган эди. Қуддус мусулмонлар учун ҳижратдан кейин ҳам ўн олти ойу яна бир неча кун қибла бўлди.

Расули акрам Қуддусга қараб намоз ўқирканлар, Каъбанинг орқада қолаётганидан ғамгин бўлардилар. Ҳар кунги намозларини Каъбага қараб ўқишни истардилар.

Ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари, душанба куни эди. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди.

Янги қибла томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида «Масжидул-Қиблатайн» деган ном олди.

Ваҳий тушгач, Мадинадаги ва унга қўшни ерлардаги барча масжидларнинг қиблалари ўзгартирилди.

Қибла ўзгаргани сабабли масжиднинг Жанубий томонидаги эшиги беркитилди, олдинги қибла деворидаги шимолий томондан эшик ўрнатилди. Мазкур масжид “Ал-Ақийқ” водийси яқинидаги  “Рума” қудуғининг жанубий-ғарбида ва масжидун набавийдан шимолий-ғарбий томондан 5 км. узоқликда жойлашган. Масжид биноси Умар бин Абдулазиз даврида (87-93 ҳ.й.) қайтадан янгиланди. Бундан кейинги таъмирлаш ишлари ҳижрий 950 санада Султон Қонуний даврида амалга оширилди.

Масжид майдони кенгайтирилди, масжид атрофидаги тепалик олиб ташланди, унинг ўрнига икки қаватли янги бино қурдирилди. Бинонинг пастки қаватида имом ва муаззин хоналари, юқори қаватида эса майдони 1190 метрдан иборат бўлган намозхона мавжуд. Шунингдек, масжидда майдони 400 кв.м.ни ташкил этадиган аёллар учун намозхона (махсус айвон) ҳамда талабалар учун дарсхона қурилган.

Қиблатайн масжиди Саудия Арабистони собиқ подшоси, марҳум Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийлари даврида 1408 ҳижрий йилида қайтадан таъмирланди ва кенгайтирилди.  Мазкур масжид исломий меъморчилик намуналарини ўзида мужассам этган Мадинаи Мунавварадаги диққатга сазовор бўлган диний зиёратгоҳлардан бири саналади. Зиёратчилар уни зиёрат қилишга интиладилар.

muslim.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг