Қиёмат аломатларидан бири

0
992

Имом Табароний ривоят қилган бир ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Қиёматнинг аломатларидан бири тўсатдан келадиган ўлимдир», деганлар.

Ушбу ҳадисга Алий розияллоҳу анҳунинг ўғли Ҳасан розияллоҳу анҳуга қарата айтган қуйидаги гаплари ҳамоҳангдир: «Эй ўғлим, ўлим дарсини яхшилаб ўрганиб ол, токи у сенга келганда, сен қийноққа тушиб, эс-ҳушингни йўқотиб қўймагин», деганлар. Демак, ўлимни ўрганиб, унга тайёргарлик кўриш ҳам бир илм экан.

Бу дунёда яқинларидан жудо бўлиш, ака-укаларидан айрилиш ҳар қандай инсонни ўйлантириб, қайғуга солади. Баъзилар куни кеча кўришган яқинининг вафоти ҳақида эшитиб қолса, «Нега ўлади? Кечагина бирга ўтирган эдик-ку!» дея воқеий бир ҳақиқатни қабул қилишга тўхталиб қолишади. Аслини олганда, яқинини йўқотган одам дунёнинг инкор қилинмас энг катта ҳақиқати билан тўқнашади. У ҳам бўлса, ўлимнинг ҳар кимга ёзилган қатъий ҳукм экани ва тўсатдан келишидир.

Аслида, ўлим ҳар доим ҳам тўсатдан келади. Аммо оддий кунларимизда одатда қариялар, оғир касаллар ёшларга нисбатан ўлимга яқин тургандек кўринади. Балки шунинг учундир, кекса ёки касал кимсаларнинг вафоти кутилган ўлимдек, ёшлар ва соғлом кимсаларнинг ўлими кутилмаган тасодифдек қарши олинади. Аммо, юқоридаги ҳадиснинг мўжизалиги бугунга келиб барчага аён бўлиб қолди. Чунки, бугун турли офатлар, урушлар, фитналар оқибатида айнан тўсатдан, мутлақо кутилмаган ҳолда вафот этаётганлар кўпайиб бормоқда.

Аммо минг афсуслар бўлсинки, биз ўлим ҳақида ўйлашни доим ортга сурамиз. Ҳашаматли кошоналарда яшашни, уларни энг сўнгги ашёлар билан жиҳозлашни ўйлаймиз, энг яхши русумдаги автоуловларга эга бўлиш устида бош қотирамиз, мол-дунё, бола-чақа ташвиши, уларнинг келажаги учун қайғурамиз. Аммо охират ҳақида ҳам ўйлаймизми? Боқий дунё ҳақида-чи?…

Зеро, мўмин учун ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Аллоҳ таоло «Анъом» сурасининг 32-оятида шундай деб марҳамат қилади:

«Дунё ҳаёти ўйин-кулгудан бошқа (нарса) эмас. Охират диёри тақво қиладиганлар учун яхшидир. Ақл юритмайсизларми?!»

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом:

«Аллоҳим! Чин ҳаёт фақат охират ҳаётидир», деганлар.

Аллоҳим, ё Роббал оламин!

Барча мўмин-мусулмонларнинг, биз ожиз бандаларингнинг оқибатларимиз хайрли бўлишини Ўзинг насиб эт!

Дониёр Файз

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг