Қубо масжиди

Қубо масжиди Ислом тарихида тақво асосига қурилган илк масжид бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Яна шундайлар ҳам борки, улар (мўминларга) зарар етказиш, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва олдин Аллоҳ ва (Унинг) Расулига қарши урушган (бир) кишига кўз тутиш учун масжид қуриб олдилар. Яна: “Фақат (бундан) яхшиликни истаган эдик”, деб қасам ҳам ичадилар. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир! (Эй, Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба сураси, 107108-оятлар).

Ушбу оятлар бу масжиднинг улуғлиги, хайру-барокати ва бошқа масжидларга қараганда афзал эканини англатади. Ҳадиси шарифда: “Кимки уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига борса ва унда икки ракат намоз ўқиса, умра қилганнинг ажрини олади”, дейилади.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шанба куни пиёда ва уловга минган ҳолда Қубо масжидига борар эдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар.

Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган. Унинг минораси ва мармардан ишланган меҳроби бўлиб, масжидда саҳоба Абу Айюб Ансорийга тегишли қудуқ, шунингдек, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг жойнамозлари мавжуд бўлган. Мазкур масжид Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) туялари чўккан муборак жой саналади.

Мадиналиклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни Маккаи мукаррамадан чиққанларини эшитганларидан сўнг, ҳар куни куннинг аввалги қисмида, Ҳарра яъни қора тошли сой бўйига чиқишарди ва қуёш тикка келгандагина қайтиб кетишарди. Шундай кунларнинг бирида бир яҳудий Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олисдан элас-элас кўринаётганларини кўриб: “Ҳой араб жамоаси, сизлар кутаётган пайғамбаринглар келяпти!” дея қичқирди. Ансорлар апил-тапил сой бўйига югуриб, Расулуллоҳнинг йўлларига пешвоз чиқдилар.

Рабиъул аввал ойида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қубо масжидига келганларидан кейин, Бани Амр ибн Авф жамоасининг маҳалласига келиб тушдилар. Амр жамоасининг оқсоқоли Кулсум ибн Ҳадимнинг уйида қолдилар.

Мадинадаги мунофиқлар томонидан Қубо масжиди яқинида бир масжид қурила бошлади. Бу масжидда мунофиқлар ўзаро маслаҳат қилишни, мусулмонларни кузатиб туришни мақсад қилишган эди. Масжид Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Табук ғазотига чиқаётганларида қуриб битказилди. Мунофиқлар масжидни расман очилганини эълон қилишни кўзлаб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ушбу масжидда намоз ўқишга таклиф қилдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ғазотда бўлганлари сабаб бора олмадилар. Ғазотдан қайтишда эса ушбу масжид дин душманлари томонидан қурилгани ҳамда мусулмонларнинг орасини бузиш кўзланаётгани ваҳий орқали маълум қилиниб, юқорида зикр қилинган ояти карималар нозил бўлди. Бу оятларда мунофиқлар томонидан қурилган “Зирор” масжиди ўрнига Қубода тақволик, ихлосли мусулмонлар қурган масжид афзаллиги, ундагина намоз ўқиш мумкинлиги буюрилди.

Мусулмонлар ўтган асрлар давомида Қубо масжидига катта аҳамият қаратганлар. Усмон бин Аффон (розияллоҳу анҳу) ундан кейин Умар бин Абдулазиз (розияллоҳу анҳу) масжид нақшлари ва безаш ишларини олиб борганлар. Унга айвон, саҳн ва меъзаналар қурдирган. Бу масжид учун қурилган биринчи меъзана бўлган.  Қубо масжиди ҳижрий 435 йилида Абу Яъло Ҳусайний, ҳижрий 555 йилида Жамолиддин Исфаҳоний томонидан янгилади. ҳижрий 877 йилида Қубо масжиди минораси қулаб тушди, ҳижрий 881 йилида Султон Қайтбой Масжиди Набавийни таъмирлаган пайтида, Қубо масжиди минорасини ҳам янгилади. Маълум қилинишича, Усмонийлар ҳукмдори Султон Маҳмудхон  ҳижрий 1240 йилида Қубо масжидини қайтадан таъмирлади. Шунингдек, жомеда Усмонийлар ҳукмронлиги томонидан бир қанча таъмирлаш ишлари олиб борилди.  Мазкур таъмирлашларнинг охири Султон Абдулмасжид даврида амалга оширилди. Саудийлар даврида эса Қубо масжидига ўзгача аҳамият қаратилиб, унинг ташқи деворлари янгиланди ва  ҳижрий 1388 йилида масжиднинг шимолий девори кенгайтирилди. Ҳижрий 1405 йилида Икки ҳарами шариф ходими, Саудия Арабистони подшоҳи марҳум қирол Фаҳд бин Абдулазиз жаноби олийларининг фармонига мувофиқ, Қубо масжиди бинолари қайтадан таъмирланди, унинг майдони бир неча баробар кенгайтирилиб, аввалги ҳолатини ўз ҳолича сақлаб қолишга катта эътибор қаратилди. Масжид атрофидаги қадимий бинолар олиб ташланди, масжид атрофи 4 томонлама янги бинолар қурилиб, янада кенгайтирилди. Масжидда олдиндан мавжуд бўлган ягона меъзана сони 4 тага орттирилди. Масжиддаги намозгоҳ майдони 1600 кв.м. дан 5035 кв.м.га етди. Масжиднинг умумий майдони эса 13500 кв.м.ни ташкил қилади.

Манба:muslim.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг