ҚУДАЧИЛИК АСОСИДА НИКОҲИ АБАДИЙ ҲАРОМ БЎЛГАН АЁЛЛАР

0
25

1. Ўгай оналар.

2. Фарзандларнинг хотинлари.

3. Қайноналар.

4. Ўгай қизлар.

Яъни, хотиннинг бошқа эридан бўлган қизи ҳам эрга ҳаром бўлади. Бунга ўгай қиз набиралар ҳам киради. Ушбу масалада Қуръони каримда бошқа тоифалардан фарқли равишда тафсилот келган.

Бир киши бир аёлга никоҳ ақди қилса-ю бирга эр-хотин бўлиб яшамай, қовушмай ажрашган бўлса, у аёлнинг бошқа эридан бўлган қизига уйланса, бўлади. Аммо, ақди никоҳдан кейин эр-хотин бўлиб яшаган, қовушган бўлса, унинг бошқа эридан бўлган қизига уйланиб бўлмайди. Чунки онасини хотин қилганидан кейин, у аёлнинг қизи ҳам эркакка худди ўз қизидек бўлиб қолади. Агар онаси билан никоҳда бўлганидан кейин у билан ажрашиб, қизини олиш мумкин бўлса, она билан қизнинг орасидаги алоқаларга футур етади. Она ўзининг иккинчи эрини бошқа эридан бўлган қизидан рашк қиладиган бўлиб қолади.

Уламоларимиз шу маънодаги масалада бир қоида ишлаб чиққанлар. У қоидада:

«Қизларга ақди никоҳ қилиш оналарни ҳаром қилади. Оналар билан қовушиш қизларни ҳаром қилади», дейилади.

Ушбу қоидадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Бир одам аёл киши билан фосид никоҳ орқали ёки зино йўли билан қовушган бўлса ҳам, ўша аёлнинг қизи у эркакка ҳаром бўлади», деганлар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қудачилик алоқалари туфайли баъзи аёлларнинг никоҳи абадий ҳаром қилиниши ҳам Ислом шариатининг бошқа ҳукмлари каби улкан ҳикматларга асослангандир.

Аввало, қудачилик алоқалари Аллоҳ таоло томонидан берилган бир неъматдир. У орқали бир-бирига бегона кишилар қариндош бўладилар. Аллоҳ таолонинг номи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва мўмин-мусмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган ана шундай муқаддас алоқанинг ўзига яраша ҳурмат-эҳтироми ҳам бўлиши керак, ахир.

Шунинг учун ҳам Исломда қудачилик алоқаси керакли нуқталарда насаб алоқасига тенглаштирилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида:

«Қудачилик яқинлиги ҳам худди насаб яқинлиги кабидир»– деганлар.

Шунинг учун ҳам насаб йўли билан қайси тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган бўлса, қудачилик йўли билан ҳам худди ўша тоифадаги аёлларнинг никоҳи ҳаром қилинган.

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Насабдан етти ва қудачиликдан ҳам етти (тоифа аёл) ҳаром қилинди», – деганлар.

Шу билан бирга, қудачилик туфайли баъзи одамларнинг никоҳини ҳаром қилиш шак-шубҳалардан холи бўлган ҳолда қариндошлик алоқаларини ривожлантиришга йўл очган.

«…хотинларингизнинг оналари, ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари – агар у(хотин)лар билан қовушмаган бўлсангиз, сизга гуноҳ йўқ – ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари ҳамда опа-сингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди. Аввал ўтгани мустасно. Албатта, Аллоҳ Fафур ва Роҳиймдир».

 «…хотинларингизнинг оналари».

Қайноналар ва катта қайноналарга (қайнота тарафдан бўлса ҳам, қайнона тарафдан бўлса ҳам) уйланиш куёв учун ҳаром. Булар қудачилик алоқалари туфайли никоҳи ҳаром бўлган аёллар тоифасига кирадилар. Қайнона ҳам она, унга уйланиш ҳеч мумкин эмас. Қизи билан бўлган оилавий ҳаётнинг ҳурмати бор. Қолаверса, агар қайнонага уйланиш мумкин бўлса, қизи эрини ундан қизғаниб, она-боланинг орасидаги алоқалар ҳам бузилиши табиий.

 «…ўзингиз қовушган хотинларингизнинг қарамоғингиздаги қизлари».

Шариат ҳукми бўйича, эркак ва аёл ўзаро рози бўлиб, ақди никоҳ ўтиши билан, эру хотинга айланадилар. Уларнинг бирга эр-хотинлик қилиб яшашлари араб тилида «духул бўлди», дейилади. Аммо, ақди никоҳдан сўнг бирга яшамасдан турган ҳоллари ҳам бўлиши мумкин. Бу икки ҳолатнинг ўзига хос ҳукмлари бор. Ушбу ҳолатларни биз таржимада «қовушган» ёки «қовушмаган» деб зикр қилдик.

Ана ўша ҳолатларга тегишли ҳукмлардан бири никоҳи ҳаром бўлган аёллар масаласида ҳам келмоқда. Яъни бир одам аёл киши билан никоҳ ақдини ўтказиб, қовушган бўлса, ўша хотиннинг аввалги эридан бўлган қизи бу эркакка ҳаром бўлади.

Ояти каримада «қарамоғингиздаги қизлари» дейилиши кўпинча учрайдиган ҳолатни эътиборга олиб айтилган. Аслида, ўгай қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса ҳам, унга никоҳи ҳаром бўлаверади. Бу ҳукмнинг ҳикмати ҳам аниқ кўриниб турибди. Агар эркак кишига ўгай қизига уйланишга рухсат берилса, у қизнинг ўз онаси билан муносабатлари қийинлашади. Қолаверса, ўгай қиз ҳам қиз ўрнида. Аммо, юқоридаги шартга кўра, ақди никоҳи бўлган-у, ҳали қовушмаган аёл билан ажрашса, унинг қизига уйланиши шаръий жиҳатдан мумкин.

 «…ва пуштингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари».

Яъни, келинлар. Бу ерда «пуштингиздан бўлган ўғилларингиз» деб қайд қилиниши тутинган ўғиллар бу ҳукмга кирмаслигини билдиради. Келинларга уйланишни ман қилишда ахлоқий, инсоний эътиборлар билан бирга, худди юқоридаги ҳолатларга ўхшаб, қариндошлик алоқаларини эҳтиётлаш ҳикмати ҳам бор.

Мазкур тоифаларнинг никоҳи абадий ҳаромдир.

 «…опасингилни жамламоғингиз ҳаром қилинди».

Яъни, бир киши ўз никоҳида турган хотинининг опа-синглисига уйланиши мумкин эмас. Бундай никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчадир. Агар никоҳида турган опа ёки сингил билан никоҳ алоқаси узилса, у ҳолда унинг опаси ёки синглисига уйланса, бўлаверади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан унинг аммасини ёки холасини қўшиб хотин қилишни ҳам ман қилганлар. Бундай никоҳлар қариндош хотинлар орасидаги муносабатларни бузади, шунинг учун ҳаром қилинган.

Оятнинг охирида:

«Аввал ўтгани мустасно», дейилмоқда.

Яъни, Исломнинг ушбу ҳукми тушган пайтгача бунга ўхшаш никоҳлар бўлган бўлса, кечирилади. Чунки ҳукм жорий қилинмасдан олдин эски урф-одатга биноан шундай қилинган, деб ҳисобланади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Заҳҳок ибн Феруздан, у киши отасидан қилган ривоятда:

«Мусулмон бўлганимда икки хотиним бир-бирига опа-сингил эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирини талоқ қилишимни буюрдилар», дейилади.

 «Қўлларингиз мулк қилиб олганлардан бошқа эрли аёллар ҳам (ҳаром қилинди)».

Демак, эри бор аёлга уйланиш ҳаром. Эри ўлиб ёки эридан ажрашиб, идда ўтирган аёллар ҳам, то идда муддати ўтгунча, эрли аёллар қаторига кирадилар. Буларнинг никоҳи ҳам вақтинча ҳаромдир.

Сўнгра оятда:

«(Бу) сизларга Аллоҳнинг битганидир», дейилади.

Яъни, мазкур ҳукмлар Аллоҳнинг амридир, бошқа бировники эмас. Шунинг учун ҳам унга амал қилиш – барчанинг бурчи. Бурчни адо этмаганлар жазога лойиқдир.

 

          Муаллиф

     Шайх Муҳаммад
 Содиқ Муҳаммад Юсуф                                                   МАНБА: