Қурбонлик қилиш кимларга вожиб?

0
593

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деган Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!

Қурбон ҳайити яқинлашиб келаётгани туфайли унга тегишли масалалар кун тартибининг энг муҳим мавзусига айланади. Аҳли илмлардан сўраладиган саволларнинг асосини ҳам ўз-ўзидан ушбу масалалар ташкил этади. Чунки бу ибодатлар мавсумий бўлиб, бир йилда бир маротаба адо этилади. Шунинг учун ҳам бу тўғрисидаги маълумотлар ўз-ўзидан йил давомида унитилади ва барча маълумотларни яна янгидан ўрганишга тўғри келади.

Савол берувчилар ҳар хил тушунчаларга эга бўлганлар каби жавоб берувчилар ҳам бир хил жавоб бера олмайдилар. Бунинг натижасида баъзи бир тушунмовчиликлар, чалкашликлар ва хаттоки фитналар ҳам пайдо бўлади. Ана шундай фитналарнинг охиргиларидан бири «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг номларидан қурбонлик қилганлар, шунинг учун бизларга қурбонлик қилиш шарт эмас», деган хабарнинг тарқалишидир. Кўпинча қурбонликни айнан кимларга вожиб экани тўғрисидаги жавобга баъзи аҳли илмлар томонидан осонгина қилиб «Закот нисобига етадиган молу мулкка эга бўлганларга» ёки ундан ҳам қисқароқ ва тўнтоқроқ қилиб «Закот берганларга вожиб», деб қўйишади. Бу жавобни айтилишига сабаб «Мухтасар»и шарифдаги «Садақаи фитр агар ўсмаса ҳам закот нисобига эга бўлган ҳур мусулмонга вожибдир», деган матнни тўлиқлигича тушунмаслик натижасида келиб чиққан бўлиши мумкин. Қуйида мазкур жавобни хато экани ва «Мухтасар»и шарифдаги матнни нотўғри талқин қилинганини таҳлил қилиб чиқамиз.

Биринчидан, закот нисобини ҳисоб-китоб қилиш билан садақаи фитр, қурбонлик, яқин қондошлар нафақасини вожиб бўлиши, закот ва садақаи фитрни олишни ҳаром қиладиган нисобларни хисоб-китоб қилиш ўртасида фарқ бор. Садақаи фитр ва қурбонлик имкони борга вожиб бўлади, закот эса, имкони борга эмас, балки имконида бемалолчилик, енгиллик ва бойлик сифатлари ҳам бўлишлиги керак. Қолаверса, садақаи фитр ва қурбонлик молни аслидан адо этилади. Закот эса, аслидан эмас, балки унинг ўсадиган жойидан берилади.

Иккинчидан, закот берганларга қурбонлик қилиш вожиб дейилса, жабр бўлиши мумкин. Чунки закот берган кишиларнинг баъзилари иқтисодий инқирозга учраганликлари туфайли қурбонлик пайтида унга қодир ҳам бўлмай қолишлари мумкин.

Учинчидан, закот беришга қодир бўлмаган, лекин қурбонлик пайтида бирданига нисобга молик бўлиб қолганлар нима қиладилар?

Тўртинчидан, демак закот берганларгагина қурбонлик вожиб бўлса, бошқаларга қурбонлик вожиб эмас, дегани уларни закот ва садақаи фитрларни олса ҳам бўлаверади дегани эмасми?

Шу биргина нотўғри жавоб билан юртимиздаги минглаб мусулмонларни қурбонлик қилиш каби буюк ибодатдан маҳрум қилиб қўймаяптиларми? Қолаверса, масаланинг иккинчи томони ҳам бор, «гўёки ҳалқимизни асосини камбағаллар ва муҳтожлар ташкил этади», дейишаётгандек бўлади. Чунки шариатда қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлмаган тоифаларга нисбатан камбағал ва мухтож дейилади. Аслида эса, халқимизнинг аксарияти шаръан бой-бадавлат бўлиб, уларга қурбонлик ва садақаи фитр вожиб. Мазкур ибодатдан маҳрум бўлаётган жабрдийдаларнинг асосини аёллар ташкил этади, десак муболаға бўлмайди. Чунки одатда қурбонлик қилиш борасида аёлларга мутлақо эътибор берилмайди. Гўё бир хонадонда унинг раҳбари бўлмиш эр ўзини номидан қурбонлик қилиши билан бутун оиладан соқит бўлади, деган тушунча бор. Аслида эса, шаръан ҳур ва мусулмон бўлган киши юқорида айтилган нисобга эга бўлса, унинг эркак ва аёллиги, катта ёки кичик бола эканлиги, оқил ёки мажнун эканлиги эътиборга олинмайди. Балки мазкур кишиларнинг ҳар бири ўзининг шахсий мулкига эга бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шариатимизда эса, қурбонлик қилиш анна шундай мулкка эга бўлиш ҳуқуқига эга кишиларга буюрилади. Ҳозирги кунимизда эса аёлларнинг ичларида бой–бадавлат бўлганлари кўпчиликни ташкил этади. Бу эса ҳалқимизнинг ҳаётини фаровонлигининг аломатларидандир.

Бу масалани яна ҳам тўлиқроқ тушунишлигимиз учун шариатдаги нисобларниг турларини ўрганиб чиқишлигимиз керак.

НИСОБНИНГ ТУРЛАРИ

Нисоб уч хил бўлади.

  1. Ўсиш шарт қилинган нисоб ва у закотга тегишли бўлади;
  2. Ўсиш шарт қилинмаган нисоб. Бу нисоб эгалари закот ололмайди. Шу билан бир қаторда закот бериш вожиб эмас (яъни у ўсишлик йил айланишлиги туфайли ёки тижорат сабабли бўлишлиги ҳам эътиборга олинмайди). Бунга тўртта ҳукм тааллуқли бўлади:

Биринчиси, қурбонликни вожиб бўлиши;

Иккинчиси, садақотларни ҳаром бўлиши (берилиши фарз ва вожиб бўлган, яъни закот ва садақаи фитрлар каби нафл ва ихтиёрий садақотлар бўлса олиш мумкин);

Учинчиси, садақаи фитрни вожиб бўлиши;

Тўртинчиси, яқин қариндошларининг нафақасини вожиб бўлиши (бунда қариндошларнинг камбағал, мухтож бўлиб, касб қилишдан ожизликлари ёки аёл эканликлари эътиборга олинади. Ота-оналар ҳакида эса, юқоридаги шартлар эътиборга олинмайди, яъни улар касб қилишга қодир бўлсалар ҳам уларнинг нафақалари фарзанднинг зиммасига вожиб бўлади).

  1. Бу нисобга тиланчилик қилиш ҳаромлиги тегишли бўлади. Бунинг миқдори эса, бир кунлик озиқ овқат билан белгиланади. Баъзи уламолар эллик дирҳам билан белгиланади деганлар.

НИСОБДАГИ ЎСИШ ВА ЎСМАСЛИКНИНГ ФАРҚИ

Биринчи, ўсувчи нисоб бунда нақд пул бирликлари, тилло ва кумушлар (тақинчоқлар бўлса ҳам), тижорат моллари, хаттоки қарзга берилган моллар (кайтарилиши умид қилинса), бир йилни айланиши (агар йил асносида нисобдан камайиб кетган бўлса ҳам). Бунда йилнинг боши ва охири эътиборга олинади.

Ўсмайдиган нисоб – ҳожати аслийдан ташқари, ортиқча маблағ ва ашёлардир. Бунда ўсувчи нисобда келтирилган шартларниг бирортаси бўлиши шарт эмас. Буни билиш учун ҳожати аслияни нималардан иборат эканини аниқлаштириб олайлик. «Жомиъур румуз» китобида ҳожати аслия: «Кишининг устидаги бир сидра либоси, уйдаги доимий истеъмолдаги жиҳозлари ва яшаб турган маскани, миниб турган маркаби ва қарзлари ва унинг қарамоғида бўлганларниг эҳтиёжи эътиборга олинади», дейилади. «Ҳидоя», «Раддул Мухтор аъла Дуррил Мухтор» ва бошқа китобларда ҳам ҳудди шундай келтирилган.

Янада тушунарли бўлиши учун қуйидагича изоҳлайдилар. Масалан, кишининг бир сидра либосидан ташқари ортиқча кийимлари, доимий истеъмолдагидан ташқари баъзи бир муносабатлар билан ишлатиладиган уй жиҳозлари ва ўзи, бола-чақаси ва меҳмонлар учун мўлжалланган хоналардан ташқари бошқа хоналарнинг кийматлари чиқарилади. Агар ушбу қиймат нисоб миқдорига етса, юқоридаги тўрт аҳком шунга тааллуқли бўлади.

Исҳоқ БЕГМАТОВ

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг