Расулуллоҳ мақтаган икки соҳа ёхуд жаннатни олисдан изламанг!

0
31

Бахтли, саодатли яшаш, чинакам маъмур ҳаёт кечириш – ҳар бир инсон орзуси. Дунёда бахту саодатни, маъмурчилик ва фаровонликни ўлчайдиган мезонлар кўп, омиллар бисёр. Лекин шундай неъматлар борки, уларсиз ҳаётимиз рангсиз, турмушимиз ҳузур-ҳаловатсиз бўлиб қолади.

Хўш, бу неъматлар қайсилари?

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Кимки ўз уйида тинчликда, тани соғлом, бир кунга етадиган таоми бор ҳолда тонг оттирса, унга бутун дунё неъматлари тўлиғича берилгандек бўлибди”, – дейилган (Имом Бухорий ривоятлари).

Нега ҳадиси шарифда ҳар куни, ҳар доим муҳтож бўладиганимиз уч неъмат: соғлиқ, тинчлик ва қут-баракага урғу берилди?

Чунки бу неъматлар бўлмаса, турмуш издан чиқади, яшаш қийинлашади. Узоққа бормайлик, бугунги дунёнинг манзарасидан хулоса чиқариб олайлик. Биргина кўзга кўринмас ўлат барчанинг ҳаловатини ўғирлади, ҳамманинг тинчини бузди. Шундай эмасми?

I

Бир куни пайғамбарларнинг отаси, бобомиз Иброҳим алайҳиссалом сўрадилар:

– Ё Парвардигори олам! Дард кимдан?

Аллоҳ таоло:

– Мендан, – деди.

Иброҳим алайҳиссалом яна сўрадилар:

– Даво кимдан?

Аллоҳ таоло яна:

– Мендан, – деди.

Шунда Иброҳим алайҳиссалом:

– Унда табибга не ҳожат? – дедилар.

Аллоҳ таоло:

– Табиб – қўлига даво юборилган кишидир, – деб марҳамат қилди.

Жаноби Пайғамбаримизнинг айтган муборак сўзларидан оладиган хулосамиз – қайси бир дард-касалликни Аллоҳ таоло юборган бўлса, демак, унинг шифосини ҳам юборган. Шифоси эса – табиб, шифокорларнинг қўлларида.

Яқин-яқингача айрим нодонлар юртимиз шифокорларига қўл кўтаришганини ойнаи жаҳон орқали кўриб, ранжидик. Ваҳолонки, бугун коронавирусга чалинган юртдошларимиздан (20 май ҳолатига кўра) 2372 нафарининг соғайишида шифокорларимизнинг хизмати беқиёс катта эканига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Икки ҳафта мобайнида оиласи бағридан ажралиб, халқ хизматига камарбаста бўлган шифокорларимизни аввалги мақолаларимизда замонамиз қаҳрамонларига менгзаган эдик.

Шарқу ғарб олимлари тан олган, XXI асрнинг нанотехнология замонасида ҳам асарларини бутун дунё халқлари бошга кўтараётган, жаҳоннинг олий тиббиёт муассасаларида китоблари ҳанузгача ўқитиб келаётган, Ер юзининг энг нуфузли тиббиёт академияларида илмий ишлари ўрганилиб келаётган, ёруғ оламдаги бутун бир улкан ва жиддий соҳа шу инсоннинг исмлари билан номланган Абу Али ибн Сино айтадилар:

Тузатиб бўлмайдиган дард йўқ,

Иродасизлик бор.

Шифобахш бўлмаган ўсимлик йўқ,

Илмсизлик бор.

Худои таоло барча махлуқоту мавжудотларини жуфт-жуфт қилиб яратган. Илло, Ўзигина яккаю ягона, ёлғиз холос! Ҳамма нарса жуфт-жуфт: қуёш-ой, ёз-қиш, эркак-аёл, оқ-қора, ер-осмон, жаннат-дўзах, ўлим-ҳаёт, савоб-гуноҳ, кеча-кундуз ва ҳоказо.

Демак, дарднинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – даво! Ҳар бир касалликнинг ҳам жуфти, зидди бор экан. Бу нима? Бу – шифо!

Модомики, Аллоҳ таоло ҳар бир дардга – даво, ҳар бир касалликка – шифо юборибдими, энди сизу биз бандаларининг иши – шу даво ва шифоларни излаб топиш!

Имом Бухорий ва Имом Муслим асарларида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Аллоҳ қандай касаллик туширган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширган“.

Зиёд ибн Алақа разияллоҳу анҳу Усома ибн Шерик разияллоху анҳудан бундай ривоятни келтиради: “Мен Расулуллоҳнинг ҳузурларида эдим. Бир аъробий келиб:

– Ё, Расулуллоҳ! Даволансак бўладими? – деб сўради.

Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Ҳа, эй, Аллоҳнинг бандалари! Даволанинглар! Чунки Аллоҳ таоло қандай дардни яратган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам яратган. Лекин битта дарднинг давоси йўқ, – дедилар.

Саҳобийлар:

– У қайси дард? – деб сўрашди.

Расулуллоҳ алайҳис салом:

– Қарилик, – деб жавоб бердилар.

Яна бир ҳадиси шарифларида Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: “Ҳар бир дарднинг давоси бор. Агар даво дардга етиб борса, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан тузалади” (Имом Муслим ривоятлари).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматни соғлом жамият барпо этишга буюрганлар. Шу билан бирга, турли хасталиклардан сақланишни сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилганлар. Мўмин-мусулмон киши замонавий тиббиётнинг имкониятларидан фойдаланиб, Шофий (шифо берувчи) – Аллоҳ таолодан турли касалликлардан паноҳ сўраши зарур.

II

Тонг саҳар тинчлик-хотиржамликда уйғонишнинг ўзи бир неъмат эмасми?! Бобо-буви, ота-она, ака-ука, фарзандлар – оила даврасида нонушта қилишнинг файзини нима билан таққослаш мумкин?! Ишга, ўқишга отланаётганда, оила улуғларининг дуосини олиб кўчага чиқишнинг баракотини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тинчлик-омонликда яшаш – бу жон, мол, уй-жой, ор-номус хавфсизлигига эга бўлиш демакдир. Минг-минг шукрларки, юртимизда булар барчасининг хавфсизлиги кафолатланган.

Аслида, “Ислом” сўзи араб тилидан ўзбек тилига таржима қилинганда “итоат ва бўйсуниш”, “ихлос ва турли офатлардан саломат бўлиш” ҳамда “сулҳ ва омонлик”, “тинчлик” деган маъноларни билдиради. Бу динни Пайғамбарнинг ўзлари танлаган эмаслар, балки уни Аллоҳ таолонинг Ўзи (!) ихтиёр этган! Ислом – бу Аллоҳ ягона деб эътиқод қилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалб билан унга ихлос қилмоқлик демакдир.

“Мусулмон” деган сўзнинг асли, негизи, ўзаги “ислом” сўзи. Демак, ҳар бир инсон миллати, ёши, жинси, дини, ирқи, ижтимоий ҳолати, тураржойидан қатъий назар, модомики “мен – алҳамдулиллоҳ, мусулмонман!” деб, ўзини мусулмон ҳисобласа, тинчлик учун хизмат қилиши шарт ва зарур экан! Аксинча, қиладиган иши айтаётган сўзига тўғри келмас экан! Худони Ўзи ҳаммамизни асрасин!

“Қўшнинг тинч – сен тинч!”, “Юртинг тинч – сен тинч!” дейди доно халқимиз. Юртимиз, қўшнимиз, оиламиз тинчлиги-хотиржамлиги учун нечта одам хизмат қилмоқда? Уларнинг икки-уч нафарини кўра олсак, неча миллион нафарини ҳаёлимизга ҳам келтира олмаймиз! Ҳатто тасаввур қилишга ҳам ожизмиз!

Доно халқимиз “Бирни кўриб – фикр қил, бирни кўриб – шукр қил!” деб бежиз айтмаган. Телевизоримиз пультининг хоҳлаган тугмасини босиб, хоҳлаган телеканалга қўйсак, дунёнинг неча минглаб жойларида неча юз минглаб инсонлар тинчлик (!) излаб, сарсон-саргардон бўлаётганига гувоҳмиз…

Ҳар қандай ақлли одам Ватанимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, фуқароларимиз фаровонлиги учун сон минглаб ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хизмат қилаётганини алоҳида эътироф этади ва юксак қадрлайди.

Хулоса

Жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун ҳар бир инсоннинг қилаётган хизматларига миннатдор бўлишимиз – ҳам бурчимиз, ҳам фарзимиз, ҳам қарзимиздир!

Кунларнинг бирида машҳур рассом дунёдаги энг гўзал суратни чизишга қарор қилади ва саёҳатга отланади. Бир қишлоқдан ўтаётиб нуроний отахонга дуч келади ва ёнига бориб у кишидан: “Дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди. Отахон ҳеч иккиланмай: “ИМОН!” – деб жавоб беради.

Сўнгра бир гузар олдидан ўтаётиб, карнай-сунай садоларини эшитади ва тўпланиб турган оломон олдига бориб келиндан: “Сизнингча, дунёдаги энг гўзал нарса нима?” – деб сўрайди.

Келин куёвнинг кўзларига боқиб: “Дунёдаги энг гўзал нарса – СЕВГИ!” – дейди.

Рассом йўлида давом этади. Бепоён даштлар, тизма тоғлар, ястаниб ётган қир-адирлардан ўтиб, саҳрода бир тўда аскарни учратади ва улардан бирини ёнига чорлаб, юқоридаги саволни беради.

Аскар: “Дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК!” – дея жавоб беради.

Рассом дунёдаги энг гўзал нарсалар – имон, севги ва тинчлик бўлса, буларнинг барчасини бир расмда қандай ифодалайман, дея ўйлай-ўйлай уйига қайтиб келади.

Уйига кириши билан дунёнинг энг гўзал манзараси қаршисида эканини англаб етади: болаларининг маъсум нигоҳларида имон, аёлининг кўзларида севги, уйида эса тинчлик ҳукм сурар, ҳаммаларининг танлари соғ-саломат эди.

Булардан илҳом олган рассом дунёдаги энг гўзал нарсани чизишга киришади ва уни “Менинг уйим”, деб номлайди.

Биз буни янада кенгроқ тасаввур қилиб, табиий лозим бўлган ИМОН ва СЕВГИдан ташқари, дунёдаги энг гўзал нарса бу – ТИНЧЛИК ва СОҒЛИҚ эканини эътироф этамиз. Имон, тинчлик, саломатлик неъматлари жаннатмакон юртимизда, шукрки, барқарор! Демак, дунёдаги энг гўзал диёр бу – имон, тинчлик, саломатлик барқарор бўлган ВАТАН – ЎЗБЕКИСТОНИМИЗДИР!

Устозларимиз айтадилар: “Ҳаётдан киши олмаса таълим, ўргата олмас унга ҳеч бир муаллим”. Кундалик ҳаётимизда ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз лозим экан. Яна билиб-билмасдан Жаноби Пайғамбаримиз алайҳис саломнинг: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Улар – сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деган муборак сўзларига қарши бўлиб қолмайлик!

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари