Юртимиз имом-хатиблари бир неча йиллардан бери АҚШ, Россия, Украина ва бошқа чет эл мамлакатларининг таклифлари асосида халқаро анжуман, маърифий тадбирлар ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказишда иштирок этиб келмоқдалар.

Юртимиз имом-хатиблари бир неча йиллардан бери АҚШ, Россия, Украина ва бошқа чет эл мамлакатларининг таклифлари асосида халқаро анжуман, маърифий тадбирлар ҳамда Рамазон ойини муносиб ўтказишда иштирок этиб келмоқдалар. Юртимиз диний соҳа ҳодимларининг чиқишларини хорижлик мутахассислар юқори баҳолашмоқда. Бунинг эътирофини ҳар йили хориждан мамлакатимиз уламоларига бўлаётган таклифлар мисолида яққол кўриш мумкин. Масалан, Россия Федерациясининг Свердловск вилояти муфтиёти уламоларимизнинг бузғунчи ғоялар, хусусан, Ироқ ва Суриядаги жангариларнинг ботил ақидаларига берган раддияларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовни “Кумуш ярим ой” медали билан тақдирлаган эди.

Ушбу анъанани давом эттириб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов бошчилигидаги имом-хатиблардан иборат делегация Свердловск вилоятига хизмат сафарига жўнаб кетганлари ҳақида аввал хабар қилган эдик. Шу кунларда делегация аъзолари Екатеринбург ва бошқа шаҳарлардаги тадбирларида иштирок этиб, аҳолининг диний эҳтиёжларини қондириш ва ботил эътиқодларга қарши кураш ишларида фаол қатнашаётганини Россия оммавий ахборот воситалари кенг ёритмоқда. Жумладан, Россия мусулмонлари ахборот агентлигининг маълумотларига кўра, имом-хатибларимиз хизмат сафарининг дастлабки куни Свердловск вилояти мусулмонлари идораси марказий муфтиёти раҳбари, муфтий Абдул-Қуддусс Ашарин бошчилигида Урал тоғ-кон университети диншунослик кафедраси ўқитувчилар ҳамда диний соҳа ҳодимлари билан маънавий-маърифий тадбир ўтказдилар.

Россиянинг politsovet.ru интернет сайтида “В Екатеринбург прибыли имамы из Узбекистана. Всю неделю будут проводиться мероприятия по борьбе с экстремизмом” ва islamrf.ru интернет сайтида “Средний Урал и Узбекистан укрепляют духовные связи” каби сарлавҳаларда мақолалар эълон қилинган.

Шунингдек, ca-portal.ru интернет нашрида: “Имом-хатиблар бир ҳафта давомида Свердловск вилоятидаги масжидларда маърузалар қиладилар, Урал тоғ-кон олий ўқув юрти талаба ва мударрислари билан учрашадилар ҳамда маданий марказлар вакиллари, Свердловск вилояти раҳбарияти билан мулоқотлар олиб борадилар”, деб хабар берилган. Ушбу хабарда икки томонлама ҳамкорлик изчил ривожланаётгани ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилади. “Екатеринбургга Ўзбекистондан имом-хатиблар учинчи маротаба келмоқдалар”, дея бошланган маълумотда биринчи сафар 2015 йил “ИШИД фитнаси” китоби тақдимотлари ўтказилгани, иккинчи сафар имом-хатиблар 2016 йил февраль ойида халқаро конференцияда қатнашганлари баён этилган. Ўз навбатида Свердловск вилоятининг делегацияси аъзолари ҳам Тошкент шаҳрига ташриф буюриб, ўзаро ҳамкорликни равнақ топтириш мақсадида мулоқотлар ўтказилгани қайд этилган.

Ўзбекистон делегациясининг Свердловск вилоятига сафари 2016 йил 1 декабргача давом этади.

Моҳира ЗУФАРОВА,
Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг