Аллоҳ таоло Еру Осмонларни яратиб, Қуёш ва Ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.

“Рамазон” сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у “қаттиқ иссиқ”, “жазирама”, “қизиб чўғ бўлиш”, “куйдириш” маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор. Жумладан, аллома Жавҳарий:

“Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан”, дейди.

Иккинчи бир фикрга кўра, “Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида “Нотиқ” деб аталар эди”. Бошқалар айтишадики, “Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган”.

Рўза тутмоқлик эса араб тилида “совмун” ёки “сийамун” деб юритилади. Луғатда бу сўз “бирон феъл ёки сўздан ўзини тийиб туриш” маъносини англатади.

“Лисанул-араб” луғатида “сийамун” сўзи шаръий истилоҳда “таом, ичимлик, жинсий яқинлик ва фойдасиз сўзлардан тийилиш” мазмунига эга экани айтилган. Шундан ҳам билиш мумкинки, рўза фақат овқат, ичимлик ёки бошқа ейиладиган нарсалардан сақланишгина эмас, балки рўза аввало номаъқул ишлар, ножоиз ҳатти-ҳаракат ва қайтарилган сўзларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади. Рўзани фақат моддий тарафлама тушуниш нотўғри. Аслида рўзадан кўзланган мақсад – банданинг руҳий покланишидир.

Энди рўзанинг тарихига қисқача бир назар ташласак.

Қадимги динларда рўза.

Ҳозирда ҳам инсонлар амал қилиб келаётган энг қадимги динлардан бири “браҳман” ҳиндулик динидир. Ҳиндистон университетининг фалсафа бўлими раҳбар Маҳадеван рўзанинг ҳиндулик шариатидаги, ҳиндлар жамиятидаги аҳамиятини қуйидагича баён қилади:

“Ҳар йили ўтказиладиган байрам кунларидан бири нафсни покловчи рўза учун ажратилган кундир. Ҳиндуизм тоифаларининг ҳар бири ўзлари учун дуо ва ибодат билан ўтказадиган махсус кунларни тайин қилиб олган. Мазкур тоифаларнинг аксар аъзолари ўша куннинг рўзасини тутишади. Емоқ-ичмоқдан тийилишади, тунни буткул бедорликда ўтказишади ва муқаддас китобларини ўқишади, Илоҳларига муроқаба қилишади – қалбан боғланишади. Шунингдек, хоссатан аёллар рўза тутадиган кунлар ҳам бор. Бунда улар илоҳага турли кўринишларда дуолар қилишади. Бу кунлар ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, Барат ёки Аҳд деб номланади. Бу кунлар руҳни поклашга ажратилган бўлиб, ундан руҳни маънавий озиқлантириш мақсад қилингандир”.

Браҳманлар ҳозир ҳам ҳинд ҳисоби бўйича ҳар бир ойнинг ўн бир ва ўн иккинчи кунлари рўза тутишади. Уларнинг бу рўзалари, агар тарк қилмай тутиб боришса, бир йилда йигирма тўрт кун бўлади.

Қадимги Мисрликларга келсак, уларда рўза диний байрамлари билан бўлганини кўрамиз. Юнонларда Тхасмоферия ойининг учинчи куни аёлларга хос рўза куни бўлган. Ҳатто мажусийлик дини ҳам, агарчи баъзи табақаларга бўлса-да, рўзани буюрган. Уларнинг айрим муқаддас китобларида зикр қилинишича, диний раҳбарларга беш йил рўза тутиш фарз қилингандир.

Яҳудийларда рўза Бобил даврида қийинчилик ва маҳзунлик рамзи бўлган. Киши қачон бирор хатарга, таҳдидга тушса, рўза тутиш унинг учун паноҳ бўлган. Бирорта коҳин ёки илҳом соҳиби ўзини илҳомга тайёрламоқчи бўлса, рўза тутган. Яҳудийлар қачон ўзларига Аллоҳни ғазабнок, норизо бўлган, деб билишса ёки юртларига каттароқ мусибат тушса, вабо келса, ёхуд қурғоқчилик бўлса, маълум муддат рўза тутишган. Баъзи пайтларда подшоҳлар янги режа олдидан ҳам рўза тутганлар.

Яҳудий тақвимида қадимдан доимий белгиланган рўза кунлари мавжуд. Ундан ташқари, мусавийлик диёнатида муайян каффорат куни рўзаси ҳам бор. Шунингдек, яҳудийларнинг бошига тушган аянчли, мусибатли кунлар – Бобил асирлигининг хотираси сифатида жорий бўлган давомли рўза кунлари бўлиб, тўртинчи ой – Тамуз, бешинчи ой – Об, Еттинчи ой – Тишри ва ўнинчи ой – Тебет ойларида тутилади. Айрим Талмуд уламолари, мазкур кунларнинг рўзасини Бану Исроил халқи ўзгаларнинг қўлида маҳкум бўлганида, оғирлик пайтларида тутишлари шарт, аммо омонлик ва кенгчиликда яшаётган даврларида эса мажбурий эмас, дейдилар.

Бундан ташқари, яна бир қанча рўза кунлари борки, яҳудийлар йўлиққан оғир ва машаққатли кунлар хотираси учун тутилади. Бу рўза кунлари аввалги айтилган кунларга илова қилинади, лекин мажбурий бўлмайди. Бу кунларнинг адади йигирма беш кун бўлиб, яҳудийлар орасида бу борада бир оз ихтилоф бор.

Шу билан бирга, баъзи миллий-маҳаллий рўза кунлари бўлиб, узоқ йиллардан бери яҳудийлар яшаб келаётган турли диёрларда турлича тутиб келинган. Бу кунлар ҳам турли замонларда, турли жойларда бу халқнинг тақдирида юз берган ўтмиш қора кунларининг, баъзи ҳукуматлар тарафидан чеккан азиятларининг хотиралари сифатида жорий қилинган.

Яҳудий миллати тарихида рўй берган бир қанча воқеалар ва машаққатли кунлар, ўзларининг шахсий ҳаётларида рўй берган мотамли онлар хотираси учун тутиладиган, аммо баъзи табақаларгагина хос бўлган рўза кунлари ҳам бор.

Йилнинг биринчи куни рўза тутиш деярли барча яҳудий табақаларида мавжуд. Яна, яҳудий халқига бирор хатар етса, ёмғир кечикса, юртга очарчилик келса, оғир ҳолатлар пайдо бўлса ёки қийин қонунлар чиқарилса, ана шундай пайтларда риббийлар – яҳудий уламолари маълум кунлар рўза тутишни буюришади ва бу рўза диний қонун сифатида жорий қилинади.

Насронийларда рўза.

Насронийлик дини фиқҳий масалалари, умумий ҳукмлари энг оз диёнатлардан ҳисобланади. Унинг масиҳий жамиятларни, тарихий босқичларни, барча дийний тоифаларни қамраб оладиган ҳукмлари жуда-жуда оз. Шу билан бирга, у давр ўтиши билан, сиёсий, ижтимоий ва баъзан иқтисодий омилларга кўра энг кўп тарқалган диндир. Шунинг учун уни илоҳий шариат дейиш қийин. Биз эса масийҳийлар наздидаги рўза ва унинг турли давларда қандай бўлганилиги ҳақида қисқача тасаввур ҳосил қилиш билан кифояланамиз.

Масийҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларидан аввал қирқ кун рўза тутганлар. Шунингдек, ҳар бир мухлис яҳудий каби, мусавий шариатида фарз бўлган каффорат куни рўзасини ҳам тутганлар. У киши рўзага алоқадор ҳукмларни жорий қилмаганлар, балки бир қанча асос қоидалар ва уларни татбиқ қиладиган канисани қолдирганлар. Бирор одам у кишини рўза ҳақида таг-туги билан қонунлар жорий қилган дея олмайди. Масийҳийликнинг янги манбаъларида “Булис” рўзаси ҳақида сўз боради. Исроил сулоласидан бўлган яҳудийлар каффорат куни рўзасини тутишган.

Биринчи милодий асрнинг якунида, қиддис Булис вафотидан кейин рўза қонун-қоидаларини ишлаб чиқишга кучли рағбат пайдо бўлган. Ҳолбуки, бу нарса рўзадорнинг тақвосига ташлаб қўйилган ишлардан эди. Айрим роҳиблар ва баъзи каниса кишилари масийҳийларнинг моддий ва жинсий хуружларга қарши курашишлари учун маълум рўзаларни ишлаб чиқишган. У даврларда вожибни ҳис этиш, рўзанинг рўзадорга таъсирсиз бир ташқи иш бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш бор эди. Масийҳийларнинг рўзалари турлича бўлиб, бир, икки ёки бир неча кунлик бўлган. Қирқ соатлик рўзалари ҳам бор. “Аламлар жумаси” рўзаси ялпи халқнинг рўзаси бўлган. Иккинчи милодий асрда баъзи жойларда ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари рўза тутиш одат бўлган. Рўза масаласида насронийларнинг тоифалари орасида ихтилофлар кўп.

Иккинчи-бешинчи асрлар орасида рўзага оид қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш кучайди. Черков тарафидан ишлаб чиқарилаётган рўза ҳукмлари борган сари қаттиқлашиб, оғирлашиб борди. Тўртинчи асрга келиб рўза масалалари жуда қийинлашиб кетди.

Шу билан бирга насронийлардаги рўза турли жойларда турлича бўлиб кетди. Римдаги рўза Искандариядаги рўзадан фарқ қилади. Баъзилари ҳайвон гўштини ейишдан тийилса, бошқалари балиқ ва қуш гўштлари билан кифояланиш ила рўза тутишади. Айримлари оқлик ва меваларни тарк этса, бошқалари қаттиқ нон билан кифояланади, яна бошқалари эса буларнинг барчасидан тийилиш билан рўза тутади.

Охирги асрларга келиб, насронийликда Масийҳ алайҳиссалом ва масиҳийлик тарихидаги айрим кунлар ва ҳодисалар муносабати билан рўза тутиш жорий қилинди. Уларнинг орасида уч ёки тўрт соатликлари ҳам бор.

Кейинчалик Англия черкови рўза кунларини белгилаб берди. Лекин махсус қонун-қоидалар қўймай, буни рўзадорнинг виждонига, масъулиятни ҳис қилишига топшириб қўйди.

Хулоса шуки, насронийлик динида ҳам рўза мавжуд бўлиб, турли давр, турли минтақаларда ҳар хил бўлган ва бўлиб келмоқда.

Биз шундан биламизки, Қуръони каримда “Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди”, дейилгани айни ҳақиқатдир.

Ислом динида рўза.

Ислом динида рўза Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йили Аллоҳ таоло томонидан “Бақара” сурасининг:

«Эй иймон келтирганлар! Сизларга сизлардан олдингиларга рўза фарз қилгани каби рўза фарз қилинди, шоядки тақводор бўлсангиз»[1] деган ояти каримаси билан фарз қилинди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларигача тўққизта Рамазон рўзасини тутганлар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

Илмий котиби Отабек МУҲАММАДИЕВ

tasbeh.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг