Сура ва оятларнинг ўзаро боғлиқлиги

0
970

Қуръони карим оятлари маъноларини чуқур англашга оятларнинг ўзаро бир-бирига боғлиқ жиҳатларини ўрганиш катта ёрдам беради. Шунинг учун Қуръон илмлари ҳақидаги китобларда “Суралар ва оятлар ўртасидаги муносабатларни ўрганиш” номи билан алоҳида боблар ёзилган. Абу Жаъфар ибн Зубайр эса бу ҳақда китоб ёзган. Фахриддин Розий тафсирида оятларнинг ўзаро боғлиқ жиҳатларига катта эътибор берган.

Абу Абдуллоҳ Бадриддин Заркашийнинг (1345–1392) “Ал-Бурҳон фи улумил Қуръон” ва Бурҳониддин Буқоийнинг (1406–1480) “Назм ад-дурар фи таносубил оёт вас сувар” асарларида ҳам оят ва сураларнинг ўзаро боғлиқ жиҳатлари ҳақида батафсил сўз юритилган.

Қуръони каримнинг ҳар бир сурасидаги биринчи оятлар ўзидан олдинги суранинг охирги оятлари билан боғлиқдир. Бу боғлиқлик гоҳо очиқ, гоҳо яширин бўлади. Масалан, Бақара сурасининг дастлабки «Ушбу китоб(Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят(манбаи)дирким» оятлари Фотиҳа сурасидаги: «Бизни шундай тўғри йўлга йўллагинки» оятидаги “тўғри йўл”дан мурод нима эканлигига шарҳдир.

Кавсар сураси Моъун сураси билан муқобил жиҳатидан боғлиқдир. Моъун сурасида мунофиқларнинг тўрт сифати баён қилинган. У сифатлар: бахиллик, намозни тарк қилиш, риё учун намоз ўқиш ва рўзғор буюмларини қизғанишдир. Кавсар сурасидаги «Биз сизга Кавсарни ато этдик» ояти бахилликка муқобилдир. «Раббингиз учун беш вақт намозни давомли ўқинг» ояти намозни тарк қилишга “ва риё учун намоз ўқишга”муқобилдир; «…(туя) сўйиб қурбонлик қилинг» (яъни, садақа, эҳсон қилинг) ояти эса рўзғор буюмларини қизғанишларига муқобилдир.

Бир сура бошқасига муайян бир жиҳатдан боғланса, кейингиси мутлақо бошқа жиҳатдан боғланиши мумкин.
Муносабат илмини билмай суранинг умумий мазмуни ва ўзидан олдинги ва кейинги суралар билан боғлиқлигини билиб бўлмайди.
Анфол ва Тавба, Талоқ ва Таҳрим, Тақвир ва Инфитор, Зуҳо ва Иншироҳ, Фил ва Қурайш, Масад ва Ихлос, Фалақ ва Нос (“муввазатайн” – “паноҳ сўралувчи икки сура”) суралари мазмунан бир-бирига яқиндир.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, биз Қуръони карим сура ва оятларини ўзаро боғлиқлик жиҳатларини қанча чуқур ўргансак, оятлар мазмунини шунча яхши ва теран англаймиз.

Салоҳиддин СИДДИҚОВ,
Тошкент ислом университети
Исломшунослик илмий тадқиқот маркази/hidoyat.uz

 

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг