Тажвид илми имоми

0
586

Қироат ва тажвид илми энг муҳим илмлардан ҳисобланади. Чунки  Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган энг охирги илоҳий китобдир. Шундай экан Қуръонни ҳар бир мусулмон киши бехато ва тажвид қоидаларига риоя қилган ҳолда ўқиши лозим.

Тажвид илмининг тарихи, у ҳақда ёзилган китоблар, тажвид илмида ижод қилган уламолар ҳақида жуда ҳам кўп рисолалар ёзилган, китоблар нашр қилинган. Юртимизда ҳам бу илм анчагина ривожланиб бормоқда. Устозларимиз томонидан тажвид ва қироат илмига доир китоблар чоп этилмоқда. Бу китобларни ўқиган юртдошларимизда эса тажвид илми, унинг нақадар муҳим илмлардан эканлиги хусусида етарлича тушунча шаклланиб улгурди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин саҳобалар ичида Қуръонни худди у зотга нозил қилинганидек ўқийдиган қорилар талайгина эди. Улар ўз билимларини тобеинларга, тобеинлар эса ўзларидан кейингиларга мерос қолдиришди. Қуръонни бизгача ҳеч қандай ўзгаришсиз, илк нозил бўлган пайтдаги каби етиб келишида ана шу зотларнинг хизматлари беқиёсдир.

Шундай уламолардан бири забардаст олим, тажвид илмининг етук намоёндаси, ҳофиз, муҳаддис, фақиҳ  Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳдир.

У зотнинг тўлиқ исми Абул Хайр Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад  ибн Али ибн Юсуф Жазарийдир. Жазарий нисбати у кишининг яшаган жойларига эмас, балки ота-боболарига тегишли бўлиб, Туркиянинг жануби-шарқидаги (Дажла дарёсининг бўйида жойлашган) Ибн Умар ярим оролига нисбатан шундай аталган.

Имом Жазарий ҳижрий 751 йил Рамазон ойининг 25-куни, шанба кечасида дунёга келдилар (милодий 1350 йил 30 ноябрь).

Уламолар бу зотнинг туғилишларидаги ажиб бир қиссани ривоят қилишган: «Имом Жазарийнинг отаcи фарзанд кўра олмайдиган бўлганлар. У киши 750 ҳижрий йилда Ҳаж ибодатини адо қилиш асносида Зам-Зам сувидан ичиб, Аллоҳдан солиҳ фарзанд ато этишини сўраб дуо қиладилар. Аллоҳ у кишининг дуоларини ижобат қилди ва орадан  бир йил ўтиб, Рамазон ойида Имом Жазарий дунёга келдилар».

Имом Жазарий Дамашқ шаҳрида вояга етдилар. 13 ёшга етганда Қуръоникаримни тўлиқ ёд олдилар. 14 ёшга етгач, Таровеҳ намозларида ҳам Қуръонни хатм қилдилар. 17 ёшга етганда барча қироатларни ўзлаштириб,устозларига ўқиб бердилар.

Имом Жазарий ҳаётлари давомида бир неча маротаба ҳаж қилганлар.Мисрга кўп маротаба илм талабида сафар қилиб, у ердаги кўплаб қироат шайхларидан таҳсил олганлар.

Имом Жазарий фақатгина тажвид илмида эмас, балки илмнинг деярли барча соҳаларида етук уламолардан бўлганлар. Ҳадис ва фиқҳ илмида бир неча шайхлардан ижозалар олганлар. Хусусан, у кишига ҳижрий 774 йилда Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ фатво беришга ижоза берганлар. Ҳадис йўналишида эса Димётийнинг шогирдларидан ва Абарқуҳий ҳамда Ибн Бухорийдан таҳсил олганлар. Бундан ташқари, тафсир, усулул фиқҳ, ақоид, балоғат ва луғат каби илмларда ҳам қалам тебратиб, бир неча асарлар ёзганлар.

Имом Жазарий Дамашқдаги “Қуббатун-наср” илм даргоҳида талабаларга Қуръондан таълим бердилар. Кейинчалик фаолиятини бир неча йил ўзлари ташкил қилган “Дор ул-Қуръан”да давом эттирдилар.

Шунингдек, Қуръондан таълим беришни Туркияда ҳам давом эттирадилар. Ўша пайтларда турк ерлари раҳнамоси бўлган Султон Боязид ИмомЖазарийга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатади.

У зотнинг Туркияга келишларида ҳам ибрат олса арзийдиган воқеа содирбўлган. Имом Жазарий Ҳаж амалини адо этаётган пайтларида бир кишикелиб: “Мен Бурса (Туркия) шаҳриданман. Бурсада Қуръон ҳофизлари жуда ҳам кўп. Уларнинг орзулари эса – биттагина. У ҳам бўлса сиздек улуғ шайхдан Қуръонни ўқиб, ўтказиб олиш. Лекин уларнинг бу ерга (Жиддага) келиб, сиз билан учрашиш учун ҳеч қандай имкониятлари йўқ”, деди. Шунда Имом Жазарий бундай жавоб қилдилар: “Агар улар кела олишмаса, мен уларнинг олдига бораман”. Ҳаж амалини  адо қилиб бўлгач, узоқ ва машаққатли сафарга отландилар.

Бу даврда Султон Боязид ва Амир Темур ўртасида жанглар бўлаётган эди. Амир Темур Боязид устидан зафар қучади ва ўша диёрлардаги кўплаб уламоларни ўз юртига, Мовароуннаҳрга олиб келади. Ана шундай уламолар ичида Имом Жазарий ҳам бор эдилар. Ҳижрий 805 йилдан бошлаб Мовароуннаҳрда ҳам талабаларга Қуръон ва бошқа фанлардан таълим бера бошладилар.

Ҳаётлари давомида 20 дан ортиқ шайхлардан таълим олдилар. Ўз навбатида ўзи ҳам бир неча уламоларга устозлик қилдилар. “Ал-луали аз-заҳабийя” китобида Имом Жазарийнинг 10 дан ортиқ шогирдларининг исмлари зикрқилинган.

Имом Жазарий фақатгина тажвид соҳасида 10 дан зиёд асарлар ёздилар. Улардан энг машҳурлари “Муқаддимат ул-жазарийя”, “Таҳбир ут-тайсийр фи қироатил аъшр”, “Ан-нашр фи қироатил аъшр”, “Ғоят ун-ниҳая фи тобақот ил-қурро”.

Кўплаб қироат имомларининг устози саналган Муҳаммад ибн Жазарийҳижрий 833 йил, Рабиъул аввал ойининг 5-куни, жума тонгида вафот этдилар ва Дамашқдаги ўзлари ташкил қилган “Дор ул-Қуръон”га дафн этилдилар.

Сайдулло Тоҳиров
quran.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг