Уйда қолинг! «Бекор ўтиргандан, бекор ишла», чунки «Бекорчидан Худо безор!»

0
140

Уйда қолинг!

Мамлакатимизда ҳар йили янгиланиш фасли – баҳор келиши билан жисму жонимиз яшнаш, яшариш ишқи билан ёнади. Эзгу анъаналар бардавомлигини яна бир бор ҳис этамиз. Ёши улуғ бўлса-да, қўлига кетмон, белкурак, қайчи олиб ёшларга экин-тикин қадашни, хомток қилишни ўргатаёган отахонларга кўзимиз тушади…

Бу анъана асрлар бўйи давом этиб келаяпти. Бироқ бу йил…

Бу йил ҳам бодомлар, ўриклар гуллади, қиру адирларда кўклам элчиси бойчечаклар бош кўтарди. Тоғ ён-бағирлари алвон гилам каби лолақизғалдоқларга бурканди. Чучмўмаларни шудринг таради. Ариқлардан сувлар жилдиради, илиқ нурлар ҳар ёққа тушган бўлса-да, бироқ биз, яъни бани башар бу йил баҳорнинг фусункорлигини, жозибадорлигини унчалик сезмадик. Сабаби, бутун дунёни қамраб олган коронавирус инфекцияси (COVID-19) бизни ана шундай бебаҳо неъматдан мосуво этди. Бу ҳадик оқибатида боғу далаларимизда, томорқаларимизда ишларимиз ўлда-жўлда бўлиб қолди.

Токи муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йил 8 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа бўлишини алоҳида таъкидланганига қадар.

Дарҳақиқат, яратувчанлик халқимизга хос азалий қадриятлардан. Айниқса, дарахт экиш, боғ, гулзорлар барпо этиш эзгу амал сифатида авлоддан авлодга мерос бўлиб келмоқда. Хонадонда янги туғилган чақалоқ шарафига албатта бир туп ниҳол ўтқазиш ҳам бизга хос анъана.

Муқаддас динимиз ҳам ҳар ерни обод қилишга буюради. Аллоҳ таоло Ер юзини инсониятнинг ҳаёт кечириши учун муносиб манзил-маъво қилиб яратган. Зеро, атрофдаги барча нарсалар инсон манфаати учун яратилган бўлиб, Қуръони каримда бу ҳақда: «У шундай Зотки, сиз учун Ердаги барча нарсаларни яратди» – дейилган (Бақара сураси 29-оят).

Демак, Ер юзидаги барча нарсалар инсоният учун яратилган экан, ўз навбатида, ҳар бир инсон ҳам уларга нисбатан оқилона муносабатда бўлиб, уларни асраб-авайлаши лозим.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга кўп аҳамият берганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар сафаридан Мадинага қайтиб келаётганларида шаҳарни кўрсатиб, бундай деганлар: “Ё Раббим, Иброҳим алайҳиссалом Маккани Ҳарам деб эълон қилгани каби, мен ҳам Мадинани шу кундан бошлаб Ҳарам шаҳар деб эълон қилдим. Икки қоянинг ораси – Ҳарам ҳудудидир. Ҳарамнинг дарахтлари кесилмайди, ҳайвонлари овланмайди, ўт-ўланлари юлинмайди ва дарахтларининг барглари узилмайди”.

Аллоҳ таоло биз яшаб турган заминни озода сақлаган ҳолда обод қилишга, Унинг берган неъматларини асраб-авайлашга буюриб, атроф-муҳитга зарар етказишдан, ердан унумли фойдаланмасликдан қайтарган: «Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин (унда) бузғунчилик қилмангиз!” – деган (Бақара сураси 205-оят).

Баҳор – тупроқнинг юзи очилиб, уруғ қадаладиган, кузги мўл-кўлчиликка асос солинадиган фаслдир. Шу маънода қадимдан асосий тириклиги деҳқончилик ва чорвачиликдан иборат бўлган халқимиз баҳор фаслини интизорлик билан кутиб, уни байрамона иштиёқ билан қарши олишга одатланган. Миллий байрамимиз саналмиш Наврўзнинг нишонланиши асосида ҳам айнан шу маънолар ётади.

Баҳор – кўкаламзорлаштириш, экин экиш, ерга ниҳол қадаш фасли. Халқимиз бежиз: “Ҳамал келди – амал келди” демайди. Шу кунларда бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли гул кўчатлари экиш мақсадга мувофиқдир. Албатта, бу ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис савоби ҳам мислсиздир.

Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, кейин ундан қуш ёки инсон, ёҳуд бирор жонивор еса, эккан одамга садақа савоби ёзилади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат экишга, экин-тикин қилишга шу даражада тарғиб этдиларки, ҳатто Қиёмат қоим бўлиш арафасида ҳам, имкон қилолса, кўчат экишга буюрдилар: “Агар Қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, Қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”.

Аждодларимиз ҳам навбаҳор фаслдан унумли фойдаланиб қолишга интилишган. Соҳибқирон бобомиз “Темур тузуклари”да: “Бир дарахт кессам, ўрнига ўн икки дарахт экдим…” – деган. Қолаверса, буюк саркарда барпо этган Боғи баланд, Боғи беҳишт, Боғи давлатобод, Боғи дилкушо, Боғи жаҳоннома, Боғи майдон, Боғи нав, Боғи чинор, Боғи шамол боғлари ҳали-ҳануз дунёга машҳур.

Баҳор аллақачон бошланган, ҳамал кириб келганига ҳам бир ойча бўлиб қолган эса-да, бироқ ҳалиям айрим юртдошларимизнинг томорқалари бўш тургани киши дилини хуфтон қилади. Қилдан қийиқ ахтаришни одат қилган, бир иш айтсангиз, гарчи бу иш унинг ўзига наф келтирса-да, ҳар турли баҳоналар тўқийдиган одамлар, наҳотки ҳашаротлардан ибрат олишмаса?!

Ахир, барчамиз эрта баҳорда асалариларнинг ғуж-ғуж бўлиб асал йиғишини, чумолиларнинг тўп-тўп бўлиб тинимсиз ҳаракат қилаётганини кўрамиз-у, лекин улардан ибрат олмаймиз. Ваҳолангки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бежиз бир сурани “Наҳл”, яъни “асаларилар”, яна бир сурани “Намл”, яни “чумолилар” деб номламаган.

Халқ орасида юрамиз, кўпчилик билан суҳбатлашамиз. Айримлар ҳаёт қийинчиликларидан нолишади. Тўрт мучаси соғ бўлса-да, меҳнат қилгиси келмайди. Бир куни атайлаб ана ўшандай кишиларнинг бирини суриштирдим. Вилоятларимизнинг бирида яшар, 16 сотих томорқаси бор экан. Лекин ҳайҳотдай ер бўш ётибди. Хаёлимга ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги байтлари келди:

Тухм ерга кириб, чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб, ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?!

Пилла қуртича ҳимматинг йўқми?!

Бугун “исроф” деганда кўп маблағ сарфлаш, ортиқча одам чақириб тўй бериш, маблағни кўкка совуриш, вақтни зое кетказиш ва ҳоказо каби ҳолатлар кўз ўнгимизга келади. Тўғри, булар – исроф, лекин бўш турган жойдан фойдаланмаслик, имконият бўла туриб меҳнат қилмаслик ҳам – КАТТА ИСРОФДИР!

Динимизда исроф қаттиқ қораланади. Ҳатто исроф қилувчилар шайтоннинг биродарлари экани таъкидланади. Мисол учун: «…исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар – шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди» (Исро сураси 26–27-оятлар).

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енглар, ичинглар, кийининглар, садақа қилинглар. Лекин ҳаргиз исрофга йўл қўйманглар!” – деганлар.

Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: “Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг,” – дедилар. Шунда у киши: “Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди,” – дедилар. Шунда ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга албатта кўчат экинг,” – деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси – ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У – пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади,” – дедилар.

Мухтасар айтганда, ҳар биримиз баҳорги имкониятлардан унумли фойдаланиб, ҳамалнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини карантин қоидаларига қатъий (!) риоя қилган ҳолда тезроқ якунига етказайлик. Томорқамизни асло қаровсиз қолдирмайлик! Эртага ғалвирни сувдан кўтарадиган вақт келганда, аттанг қилиб қолмайлик, азизлар. Вақт – ғанимат! Бир кун кечиктириб экилган ниҳол ўй-ўн беш кун кейин ҳосил бериши миришкорлар тажрибасида исботланган.

Бизнинг доно халқимиз ҳақиқатан ҳам доно халқ! Шунинг учун ҳам: «Бекор ўтиргандан, бекор ишла» чунки «Бекорчидан Худо безор» деб бежиз айтмаган.

Иброҳимжон ИНОМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари