Ўлимтикнинг териси ва ит теккан нарсани поклаш

0
449
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва: «Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дедилар. Улар: «Бу ҳаром ўлган», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни емоқ ҳаромдир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қилаётган бу ривоятда зикр қилинган Маймуна– Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Маймуна бинти Ҳорис онамиздирлар.
У кишининг бир озод қилган чўрилари бор эди. Ўша аёлга закотдан тушган қўйлардан бири берилган экан. Мазкур қўй ҳаром ўлиб қолибди. Ана ўша ҳаром ўлган қўйнинг ётганини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўриб қолибдилар-да:
«Бунинг терисидан манфаатлансангиз-чи!» дебдилар.
Яъни, манфаатланинглар, деганлар. Аммо қўй ҳаром ўлган эди. Ҳаром ўлган ҳайвон эса нажас ҳисобланади. Унинг териси ҳам нажас бўлиши керак. Нажас нарсадан қандоқ фойдаланиб бўлади?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги сўзларни эшитган саҳобаларнинг хаёлидан бу фикрлар ўтган ва: «Улар: «Бу ҳаром ўлган», дедилар».
Яъни, бу қўй ҳаром ўлган-ку, унинг терисидан қандай фойдаланиб бўлади, дейишди. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни емоқ ҳаромдир», дедилар». Яъни, ҳаром ўлган қўйнинг гўштини емоқ ҳаромдир, аммо унинг терисидан фойдаланса бўлаверади. Ҳаром ўлган ҳайвоннинг терисидан фойдаланиш қайси йўл билан ҳалол бўлиши кейинги ривоятлардан маълум бўлади.Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Вақтики, ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур, деганларини эшитганман», деганлар». Бошқа бир ривоятда: «Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб, пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса, бўлаверади. Фақат одамнинг териси ва асли нажас бўлган чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.Ибн Ваъла ас-Сабаийдан ривоят қилинади: «Мен Ибн Аббосдан: «Биз мағрибда бўламиз, мажусийлар мешларда сув ва ёғ келтирадилар?» деб сўрадим. У: «Ичавер», деди. Мен: «Бу сенинг фикрингчами?» дедим. У: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у(тери)нинг ошланиши – покланиши, деганларини эшитганман», деди.
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало, ровий Ибн Ваъла ас-Сабаий розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Ибн Ваъла кунияси билан машҳур бўлган бу зотнинг исмлари Абдурраҳмон ибн Ваъла ас-Сабаийдур. Бу зот мисрлик бўлиб, Мисрни фатҳ этишда иштирок этганлар. Ҳадисларни Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умарлардан ривоят қиладилар.
Бу зотдан Зайд ибн Аслам, Яҳё ибн Саъд, Абу Хайр ал-Язний, Жаъфар ибн Робиъа, Қаъқаъ ибн Ҳаким ва бошқалар ривоят қилишган.Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмда тенги йўқ саҳобалардан эдилар. У кишига бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари бор эди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Ислом умматининг илм денгизи» лақабини олган эдилар. Шунинг учун ҳам ким у киши билан учрашса, ҳал қила олмай юрган масалаларни сўраб олишга шошилар эди. Ушбу ривоят соҳиби Ибн Ваъла ас-Сабаий ҳам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуни кўриб, кўнглида тугиб юрган саволини сўрашга жазм қилди.
«Биз мағрибда бўламиз, мажусийлар мешларда сув ва ёғ келтирадилар?» деди.
Яъни, бу гапнинг замирида ўша мешлардаги сувдан ичаверайликми, деган савол ҳам бор эди. Чунки мешлар теридан қилинади. Мусулмон ўзи сўйган ҳайвон терисидан меш қилган бўлса-ку, майли. Аммо ғайридин одамники қандоқ бўлади? Мажусийларники қандоқ бўлади, деган мулоҳазалар бор эди.
«У: «Ичавер», деди».
Яъни, Ибн Аббос Ибн Ваълага ўша мажусийларнинг мешларидан ичавер, дедилар. Бу жавобни эшитиб, Ибн Ваъла Ибн Аббосга:
«Бу сенинг фикрингчами?» деди.
Яъни, бу гапни ўз фикрингдан чиқариб айтмоқдамисан ёки бирор ҳужжатга асосланибми, демоқчи бўлди.
Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг у(тери)нинг ошланиши – покланиши, деганларини эшитганман», дедилар.
Демак, ғайридин кишилар ошлаган терилар ҳам пок бўлар экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Саҳобаларнинг даврида ҳам ғайридин юртларга сафар қилишлар бўлганлиги.
2. Илмли одамни кўрганда иштибоҳли масалани сўраб олиш зарурлиги.
3. ўайридинлар ошлаган тери ҳам пок бўлиши.
4. Мажусийларнинг идишидан сув ичиб, таом ейиш жоизлиги.
5. Ислом динининг кенглиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар». Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин.
Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ит ялаши оқибатида ҳосил бўлган нажосатни кетказиш йўлини таълим бермоқдалар.
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин».
Яъни, ит ялаган пайтда идишда нима нарса бўлса, тўкиб юборсин. Ит ялаши оқибатида ўша нарса нажасга айланиб қолади. Шунинг учун идишнинг эгаси у нарсани тўкиб юбориши шарт.
«Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин».
Бошқа ҳайвонлардан кўра итнинг нажосати қаттиқ бўлгани учун у теккан идишни етти марта ювмаса кетмайди. Шу билан бирга, ўша етти ювишдан бири тупроқ билан бўлиши шарт, унинг биринчисими, еттинчисими ёки хоҳлаган бирортаси эканлиги ҳақида турли ривоятлар келган. Энг муҳими, етти марта ювишдан бири тупроқ билан бўлиши керак. Тупроқсиз тоза бўлмайди.
Бу ҳадис Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари эканлигини илм ҳам тасдиқлади. Ит ифлос ҳайвон бўлиб, доимо турли нажас нарсаларни танаввул қилиб юради. Шунинг учун унинг оғзи ва сўлаги турли зарарли микробларга тўла бўлади. Бу ҳадисдан хабар топган чет эллик олимлар идишни атай итга ялатиб, уни катталаштириб кўрсатувчи асбоб (микроскоп) остига қўядилар. Қарасалар, идишда микроблар ғужғон ўйнаётган экан. Сўнгра ўша микробларни йўқотиш учун турли кимёвий моддаларни ишлатиб кўрганлар. Лекин бу фойда бермаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, тупроқ ишлатишганда ҳеч қандай микроб қолмаганининг шоҳиди бўлганлар. Бу тажриба ўша олимларнинг иймонга келишлари билан якун топди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Итнинг нажас эканлиги.
2. Ит ялаган идишнинг ҳам нажас бўлиб қолиши. Бунда ўргатилганми, ўргатилмаганми, фарқи йўқ, ит бўлса кифоя.
3. Нажасга айланган нарсадан идишни поклаш кераклиги.
4. Ит ялаган идишни етти марта ювиш, шулардан бир мартаси тупроқ билан бўлиши шартлиги.
5. Баъзи уламолар, ит нажас бўлгани туфайли бошқа нажас нарсалар каби уни ҳам сотиш ҳаром, деганлар.
Лекин кўпчилик уламолар итдан қўриқчилик ва овчилик мақсадларида фойдаланса бўлади. Шунинг учун унинг олди-соттиси ҳам жоиз, деганлар.
Исломнинг дастлабки даврларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам зинонинг маҳри ва фолбинлик ҳаққи билан қўшиб, итнинг баҳосини ҳам ҳаром қилганлар. Ҳатто итларни ўлдиришга ҳам амр қилганлар. Ўша вақтда итни сотиб, пулидан фойдаланиш ҳам ҳаром бўлган.
Эҳтимол ўша пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яшаб турган минтақада ит қутириши ёки шунга ўхшаш жамият учун кўп хатарли вазият пайдо бўлгандир. Ҳозир ҳам баъзи бир минтақаларда шундоқ ҳолат пайдо бўлганда итларни ўлдиришга фармон берилади.

Кейинчалик итдан маълум мақсадларда, хусусан, ов ва қўриқчиликда фойдаланишга рухсат берилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар итлар умматлардан бир уммат бўлмаганида, албатта, уларни ўлдиришга амр қилар эдим», деганлар.
Ҳозирда итдан фойдаланишнинг янги-янги турлари чиқди. Илмий тажрибалар ўтказишда, баъзи совуқ минтақаларда қор устида чаналар ила юк ташишда, изқуварликда, гиёҳванд моддаларни аниқлашда итлардан фойдаланиш кабиларни ана шу рухсатга қўшса бўлади.

Бундан бошқа мақсадларда, айниқса, ит уриштириш, бола ўрнида ўзи билан олиб юриш ва ҳозирги кунда тарқалган бошқа турли мақсадларда ит боқиш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди.

Итдан фойдаланишда шариат рухсат берган ўринларда ҳам бунинг алоҳида шарт-шароитлари бор, булар фиқҳ китобларида баён қилинган.
Ушбу фаслдан иккита умумий қоида ўргандик.
Бири, терини поклаш – уни ошлаш билан бўлиши.
Иккинчиси, ит теккан нарсани поклаш сув ва тупроқ билан бўлиши.
Бу икки нарса инсон учун, унинг соғлиги учун қанчалар фойдали эканини гапирмасак ҳам бўлади.

Манба:fiqh.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг