Улуғ ҳанафий олим

0
360

Машҳур тарихчи олим Ибн Халликон «Вафайотул аъйон» китобида ёзишича: «Қудурий ўз замонасида Ироқда ҳанафий уламоларига бошчилик қилган».

Қудурий ҳадис ва фиқҳ илмларини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Яҳё Журжоний, Муҳаммад ибн Али Муаддаб ва Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Жавшанийдан ўрганган.

Абу Абдуллоҳ Домигоний, «Тарихи Бағдод» асарининг муаллифи Хатиб Бағдодий, Аҳмад ибн Муҳаммад Ақтаъ ва Абдулвоҳид ибн Али Абул Қосим Қудурийнинг шогирдларидир.Улуғ фақиҳнинг энг машҳур асари «Мухтасари Қудурий»дир. Бу китобни ҳанафий мазҳабимиз уламолари муҳим манба санашади. Ушбу китобда икки мингта масала баён қилингани манбаларда қайд этилган.

Қудурий «Ат-Тажрид» номли китоб ҳам ёзган. Унда Абу Ҳанифа ва Имом Шофиъий мазҳаблари ўртасидаги фарқли масалаларни тўплаб, ҳар бирини далиллар билан шарҳлаган. Қудурий «Тақрийб» номли китобида Абу Ҳанифа ва шогирдларининг баъзи масалалар юзасидан фарқли фикрларини жамлаган. Олимнинг «Шарҳ Мухтасари Кархий» номли китоби ҳам бор.

Алломанинг «Мухтасари Қудурий» китобига Имом Наср Ақгаъ «Ал-Ақтаъ» номли икки жилдли, шамсулаимма Исмоил ибн Ҳусайн Байҳақий «Ал-Кифоя» номли, Муҳаммад ибн Расул Мавқоний «Ал-Баён» номли, Маҳмуд ибн Аҳмад Қавнавий «Ат-Тақриз» номли, Жалолиддин Абу Саъд Мутаҳҳар ибн Ҳасан Яздий «Ал-Лубоб» номли, Абулмаолий Баҳоуддин «Зодул фуқаҳо» номли, Ал-Қозий «Шарҳул Қудурий» («Ал-Қозий») номли, шайхулислом Наср ибн Муҳаммад Самарқандий «Мушкилотул Қудурий» номли ва бошқа кўп олимлар шарҳ ёзишган.

Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя» асарини ҳам «Мухтасари Қудурий«нинг шарҳларидан бири дейиш мумкин. Чунки Имом Марғиноний ўз китобига «Мухтасари Қудурий»ни ва «Жоме-ъус сағийр»ни асос қилиб олган.

Қудурий таржийҳ аҳлидан, яъни, мазҳабимиз масалаларнинг баъзисини баъзисидан афзал ва авлога ажрата оладиган уламолардандир.

Қудурий ҳижрий 428 санада ражаб ойининг бешинчиси, душанба куни (мил. 1036 йил 25 октябр) Абу Халаф йўли бўйидаги уйида вафот этади ва ўша ерга дафн қилинади. Ибн Халликоннинг таъкиддашича, кейинчалик унинг жасади Мансура қўчасидаги қабристонга, ҳанафий мазҳаби фақиҳдаридан Абу Бакр Хоразмий қабри ёнига кўчирилган.

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

«Муҳаммад Носир ҳожи» жоме масжиди имом-хатиби

www.ziyo.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг