Ўзбекистон ва Саудия Арабистони олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди

0
84

Саудия электрон университетида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонлар университет биносини кўздан кечириб, талабаларга яратилган шароитлар билан танишди.

ЎзА хабарига кўра, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва Саудия электрон университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Бу ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари нуфузли хорижий электрон университетнинг «Интернет орқали араб тилини ўрганиш» дастуридан фойдаланиш, араб тилини чуқурроқ эгаллашига имконият яратади.

– Интернет орқали араб тили дастури ўзга тилда сўзлашувчиларнинг араб тилини ўрганишга бўлган эҳтиёжини қондиришга мўлжалланган бўлиб, араб тили ўрганишни ҳеч қандай замон ва географик маконга боғламаган ҳолда ташкил қилиш имкониятини яратади, –дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Шарқ тиллари кафедраси доценти Муртазо Сайдумаров. – Ушбу тизим кўп сонли талабалар учун таълим харажатларини тежаш имкониятини беради.

Учрашувда Электрон университетнинг хизматларидан фойдаланишни кўзда тутувчи тизим қулайликлари ва талабалар учун имкониятлари ҳақида Саудия электрон университети ректори, доктор Лайлак бинт Аҳмад ас-Сафадий батафсил маълумот берди.

Саудия электрон университети Саудия Арбистонида 2011 йили таъсис этилган давлат олий таълим муассасаси ҳисобланиб, у масофадан таълим олишни ва узлуксиз таълимни биринчи бўлиб йўлга қўйган. Университет бакалавр, магистрлик ва докторлик даражаларини бериш билан бирга узлуксиз таълим бўйича курслар ташкил қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати