Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз

0
31

429. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида Байруҳо номли боғ энг севимлиси эди. Бу боғ масжиднинг тўғрисида эди. Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом ундаги ширин сувдан ичардилар. «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз» ояти нозил бўлганда Абу Толҳа: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ: «Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча, ҳаргиз яхшиликка эриша олмайсиз», демоқда, молу мулким ичида мен учун энг севимлиси Байруҳодир. Уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилдим. Унинг яхшилигидан ва Аллоҳнинг ҳузуридаги савобидан умидворман. Эй Аллоҳнинг Расули, шуни сизга бердим, Аллоҳ кўрсатган жойга ишлатинг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши, яхши, бу – фойда берувчи мулк, бу – фойда берувчи мулк. Мен уни қариндошларинг фойдасига ишлатсанг, дейман»дедилар. Абу Толҳа: «Худди шундай қиламан, Эй Аллоҳнинг Расули», деди. Сўнгра Абу Толҳа уни қариндошлари ва амакисининг ўғиллари фойдасига тайин қилди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

430. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл уйидаги таомдан исроф қилмай инфоқ қилса, унга инфоқ қилган нарсаси туфайли ажр бўлади. Унинг эрига эса, касб қилгани туфайли ажр бўлади. Хазиначига ҳам ўшанинг мислича (ажр) бўлур. Баъзилари баъзиларининг ажридан ҳеч нарсани ноқис қилмаслар»дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

431. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убоданинг онаси у йўқлигида вафот этди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, онам менинг йўқлигимда вафот этди. Агар унинг номидан бирор нарса садақа қилсам, унга манфаати бўладими?» деди. «Ҳа»дедилар у зот. «Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мевали боғим унинг номидан садақа бўлсин», деди».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан