Замонамизда янги бир «исломий» жамоат бизнинг юртларга ҳам тарқалиш арафасида турибди. Улар интернет ва ижтимоий тармоқларда иш олиб бормоқдалар, атроф мамлакатларга тарқалиб улгурганлар. Уларни «Аҳли Қуръон» ва «Қуръоний»лар деб аталади. Улар: «Фақатгина Қуръонга амал қилиш керак. Энг ишончли манба Қуръон бўлганидан кейин ундан бошқа жами китоблар ишончсиздир. Ҳадисларга ёлғон-яшиқ гаплар, тўқималар аралашиб кетган. Бугун ҳадисларга умуман ишониб бўлмайди», деган пуч ва ботил ғояни илгари сурадилар. Бирор ишни ёки нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаром деганлар, десангиз, «Бу ҳақида Қуръонда йўқ!», деб Сизнинг ҳадисдан келтирган далиллингизни қабул қилмай тураверадилар. Севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига, у зоти бобаракотнинг суннатларига бепарво қараганлари ва ишончсизлик билдирганлари боис уларни «БЕСУННАТЛАР» деб ҳам аталмоқда.

Ушбу бесуннатлар бир пайтлар исломда илк ажралиб чиққан фирқа ХАВОРИЖларнинг давомчилари ҳисобланади. «Саҳиҳ ал-Бухорий»нинг эътиборли шарҳи «Фатҳ ал-Борий»ни битган Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ улар тўғрисида бундай деб хабар берганлар:

و يقال لمن يعتقد مذهب الخوارج حرورى لأن أول فرقة منهم خرجوا على على رضى الله عنه بالبلدة المذكورة اى حروراء على ميلين من الكوفة فاشتهروا بالنسبة اليها و هم فرق كثيرة لكن من أصولهم المتفق عليها بينهم الأخذ بما دلّ عليه القرآن و ردّ ما زاد عليه من الحديث مطلقا

«Хаворижлар мазҳабига эътиқод қиладиган кимсага «ҳарурий» дейилади. Чунки, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қарши чиққан исломдаги илк фирқа мазкур шаҳардан, яъни Кўфага икки мийлча келадиган Ҳаруродан чиққанлар. Унга нисбат қилиниб машҳур бўлганлар. Уларнинг ўзлари ҳам кўп фирқаларга бўлиниб кетган. Лекин, улар орасида иттифоқ қилинган асл қоидалардан бири мана бу: Қуръон далолат қилган ҳукмларни олиш ва унга зиёда бўлган ҳадисларни мутлақо рад қилишдир».
(Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 1-жилд. – Риёз: Дору Тийба, 2005. – Б. 714).

Аслида, мусулмон уммати орасидан ҳадис ва суннатларга ишонмайдиган, уларни қабул қилмайдиган бесуннатлар чиқиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари башорат қилганлар:

 عسى أن يكذّبنى رجل و هو متّكئ على أريكته يبلغه الحديث عنّى فيقول ما ذا قال ذا رسول الله صلى الله عليه و سلم دَعْ هذا و هاتِ ما فى القرآن

«Мени ёлғонга чиқарадиган кимсалар ҳам бўлади. У ўз суянчиғига ястаниб олиб, мендан ҳадис етказилса, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўй, Қуръондаги нарсани айт!», дейдиган бўлади».
(Абу Яъло, 4/1813).

Бесуннатларнинг ҳадисни ва суннатни қабул қилмасликлари ва шунга бошқаларни даъват қилиш ҳолатлари саҳиҳ ҳадиси шарифда бу хилда кўрсатиб ўтилган:

ليوشك بالرجل متّكئا على أريكته يحدّث بحديثى فيقول بيننا و بينكم كتاب الله ما وجدنا فيه من حلال استحللناه و ما وجدنا فيه من حرام حرّمناه، ألا و إنّ ما حرّم رسول الله فهو مثل ما حرّم الله

«Яқинда бир киши ўз ўриндиғига суяниб олиб, менинг ҳадисим айтилганда: «Биз билан сизнинг орангизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда ҳалолни топсак, ўшани ҳалол санаймиз. Унда ҳаромни топсанг ўшанигина ҳаром санаймиз», дейдиган бўлади. Эй, огоҳ бўлинг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаром қилган нарса ҳам Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсасига ўхшайди!».
(Термизий, 5/2664; Ибн Можа, 1/12; Доримий, 1/597; Ҳоким, 1/371; Аҳмад, 4/17233; Байҳақий, 2/19948; Дорақутний, 4/4827; Табароний, 20/649).  

Яна бир ривоятда эса: «Менинг буюрган ёки таъқиқлаган бирор иш айтилса, «Буни билмайман, мен фақат Қуръонда кўрган нарсамга эргашаман!», деб айтади», деб келтирилган. (Термизий, 5/2663; Абу Довуд, 2/4605; Ҳоким, 1/368; Табароний, 1/934).

Яна бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

أيحسب أحدكم متّكئا على أريكته قد يظنّ أنّ الله عزّ و جلّ لم يحرم شيئا الا ما فى هذا القرآن ألا و إنّى و الله قد أمرت و وعظت و نهيت عن أشياء إنّها لمثل القرآن او أكثر

«Сизлардан бирларингиз «Аллоҳ Қуръондаги нарсалардан бошқа нарсани ҳаром қилмаган», деб гумон қилиб ҳисоблайдими?! Эй, огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен буюрганман, ваъз-насиҳат қилганман, айрим нарсалардан қайтарганман. Улар Қуръонга ўхшайди ёки ундан ҳам кўпроқдир!».
(Абу Довуд, 2/3050; Байҳақий, 2/19198; Табароний, 18/645).

Қуръони карим сингари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам суннатлари ва ҳадиси шарифлари Исломнинг энг ишончли манбаларидан биридир. Шариат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ва суннатлари билан камолга етади.

Биз жони-дилимиз билан суннатларни ва ҳадисларни қабул қиламиз. Ҳадиси шарифларни бизлар учун тўплаб беришга Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ, Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ сингари ота-боболаримиз жонларини фидо қилишган. Суннат дейилган нарсаларга биз ҳам имкон қадар жонимиз билан амал қилишга шошиламиз. Анави «аҳли қуръон» дейилмиш бесуннатлардан Худонинг ўзи паноҳ берсин!

Севимли пайғамбаримиз Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам Расулуллоҳ руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламга жонимиз, ота-онамиз, балки бутун борлиғимиз фидо бўлсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний
ahlisunna.uz

МУЛОҲАЗА УЧУН

Please enter your comment!
Исмингизни киритинг